Ўзбекистон | 17:24 / 11.08.2022
15949
3 дақиқада ўқилади

Чироқчининг янги ҳокими эски ҳоким даврида олинган планшетлар пулини тўлашдан бош тортди

Тадбиркор судда ютиб чиққанидан кейин ҳам ҳокимлик суд қарорини ва эски ҳоким даврида планшет олинишини амалдаги қонунларга зид бўлган деб ҳисобламоқда.

Фото: Чироқчи тумани ҳокимлиги

Ижтимоий тармоқларда чироқчилик тадбиркор тумандаги маҳалла етакчиларига 100 дона планшет етказиб бергани ва энди уларнинг пулини ололмай юргани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат бўйича Чироқчи тумани ҳокимлиги ахборот хизмати муносабат билдириб, эски ҳоким Хуррам Жўраевнинг тадбиркор билан тузган шартномаси амалдаги қонунларга зидлигини билдирди.

Муносабатда ёзилишича, 2022 йил 19 апрел куни Халқ депутатлари Чироқчи тумани Кенгашининг VI-63-37-4-66-К/22-сонли қарорига кўра, "Чироқчи туманидаги маҳалла етакчиларига планшет харид қилиш харажатлари учун маблағ ажратиш ҳақида" Чироқчи тумани ҳокимининг 156-4-66Қ/22-сонли қарори тасдиқланган.

Мазкур қарорнинг 2-бандида туман Молия бўлими мудири Ш.Махматқулов зиммасига "Туман маҳаллий бюджетининг 2022 йил бошидаги эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан тумандаги маҳалла етакчиларига планшетлар сотиб олиш харажатлари учун туман ҳокимлиги ҳисобрақамига 235 миллион сўм маблағ ажратиш" юклатилган.

Чироқчи тумани ҳокимлиги ва тадбиркор Ҳ.Қиличева ўртасида 2022 йил 7 февралда тузилган олди-сотти шартномасига кўра тадбиркор томонидан, ҳар бирининг қиймати 2 350 000 сўм миқдорида бўлган 100 дона планшет етказиб берилган.

“2021 йил 22 апрелдаги “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 27-моддасида, “Бюджет буюртмачиларининг давлат харидлари бўйича тўловлари махсус ахборот порталида давлат харидларини режалаштириш, харид қилиш тартиб-тамойилларини амалга ошириш, шартнома тузиш ва улар тўғрисида ахборот жойлаштириш жараёнлари тугаганидан кейин Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади” деб белгиланган бўлса-да, Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси ва “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни талабларига зид равишда 2022 йил 7 февралда 100 дона планшет сотиб олиш учун шартнома тузилган.

Бундан ташқари, шартноманинг 2.2-бандида харидор маҳсулот қийматининг 15 фоизини олдиндан тўлаб берганидан сўнг маҳсулот етказиб берилиши белгиланган бўлса-да, харидор бирор сўм тўлов амалга оширмасдан сотувчи маҳсулотни тўлиқ етказиб берган” дейилади муносабатда.

Шунингдек, муносабатда Яккабоғ туманлараро Иқтисодий судининг 2022 йил 13-июндаги 4-1086-2201/472-сон “Чироқчи тумани ҳокимлиги билан кредитор “Қиличева Ҳамида Боймуродовна” фойдасига 235 000 000 сўм асосий қарз, 21600 сўм почта харажатлари ундириш тўғрисидаги суд буйруғи Чироқчи туман ҳокимлиги иштирокисиз чиқарилгани айтилган.

Мавзуга оид