12 август куни Марказий банкда бўлиб ўтган медиа мулоқотда тартибга солиш қумдони ҳақида батафсил тушунтириш берилди. Kun.uz берилган маълумотлар асосида янги тизим борасида шарҳ тайёрлади.
Янги тизим ҳақида қисқача
Молиявий хизматлар қумдони – янги молиявий хизматларни жорий қилиш учун синовдан ўтказишни тартибга солувчи ҳуқуқий режимдир.
Масалан, бирор ташаббускор янги молиявий хизматни йўлга қўймоқчи бўлса ва қонунчиликда унга оид норма бўлмаса, ҳуқуқий тартибга солинмаган ёки ноаниқликлар мавжуд бўлса, ташаббускорлар шу тизимдан фойдаланган ҳолда, янги хизматни синовдан ўтказиши мумкин бўлади.
Синовдан муваффақиятли ўтган хизматларга доир норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилиши мумкин.
Нега энди “қумдон”?
Буюк Британияда жорий қилинган бу тизим (regulyatory sandbox)да болалар ўйнайдиган қумли майдонча рамз қилиб олинган бўлиб, тизим янги молиявий хизматларни синовдан ўтказиш учун синов майдончасини яратиб беришни назарда тутади.
Бундан кимга нима фойда?
Тизим молиявий бозорда янги молиявий хизматларни кўпайтиришга ва бу орқали истеъмолчиларга кўпроқ қулайликлар яратишга ёрдам беради.
“Оддий аҳолига шу пайтгача бўлмаган хизматни бор қилиб ёки бор хизматни яхшилаб беради. Айтайлик, ҳозирги кунда қайсидир хизмат бозорда йўқ, қумдон эса – истеъмолчи учун хизматлар кўламини ёки бор хизматни яхшилаб бериш учун платформа.
Масалан, Ислом молияси бўйича хизматларни олайлик. Бизда Ислом молиясига оид қонунчилик тўлиқ йўлга қўйилмаган. Анъанавий банклар одамларга 100 сўм бериб, 120 сўм қайтариб бериш талабини қўйса, Ислом молиясида бу шартлар истеъмолчининг эътиқодига тўғри келмаслиги мумкин. Бунда банк истеъмолчига керак бўлган бирор товарни аввал ўзи сотиб олиб, кейин уни мижозга сотишига тўғри келади. Мана шу савдо-сотиққа нисбатан анъанавий банклар учун қонунда тўсиқ бор. Яъни банк истеъмолчига товар олиб бера олмайди, лекин товар учун пул бериши мумкин. Аммо, юқорида айтганимиздек, истеъмолчи фоизли кредит олишга эътиқоди йўл қўймаслиги мумкин. Бунда бу янги хизмат турига эҳтиёж пайдо бўлишини англатади. Худди шу янги хизмат тури қумдон тизими асосида синовдан ўтказилиши мумкин. Бу битта мисол холос.
У халқаро тажрибадаги янги молиявий хизматларда риск бўлиши мумкинлиги ва бизга тўғри келиш ёки келмаслигини аниқ билмаганимиз учун уларни дарров жорий қила олмаймиз. Бу тизим айнан шу рискларни баҳолаш учун синов ўтказишга ёрдам беради”, – дея тушунтиради Марказий банк департамент бошлиғи Санжар Носиров.







