Ўзбекистон | 07:38 / 12.08.2022
3004
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон саноат экспорти диверсификация даражаси баҳоланди 

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан Ўзбекистон саноат экспорти диверсификация даражаси баҳоланди.

Қайд этилишича, экспортни диверсификация қилиш экспорт қилинадиган товарлар миқдорини ошириш ва экспорт мувозанатли таркибига эришишни назарда тутади.

2010-2021 йиллар оралиғини баҳолаш натижаларига кўра, саноат маҳсулотлари экспорт диверсификацияси индекси 4,82 дан 5,76 гача кўтарилган. 2010 йилда саноат маҳсулотлари экспорти ярми минерал ёқилғи ва пахта ҳиссасига тўғри келган бўлса, 2021 йилда ушбу маҳсулотлар улуши 22 фоизни ташкил этди.

Кимё ва фармацевтика маҳсулотлари экспорт диверсификацияси индекси ҳам экспортда ўғитлар улуши 78,5 фоиздан 43 фоизга камайиши ва бир қатор бошқа товарлар экспорти ҳажми ошиши ҳисобига 1,56 дан 2,76 гача ўсди.

Тўқимачилик маҳсулотлари ва кийим-кечак гуруҳи экспорт диверсификацияси даражаси 1,21 дан 2,34 гача ўсиши пахта экспорти ҳажми сезиларли даражада камайиши ва экспортдаги улуши қисқариши ҳамда қайта ишлаш даражаси юқори бўлган маҳсулотлар улуши ошиши билан боғлиқ.

Чарм-пойабзал саноатида экспорт диверсификацияси индекси 1,67 дан 2,44 гача ошди. 2010 йилда товар гуруҳи экспорти 75 фоизи хомашё улушига тўғри келган бўлса, 2021 йилда тайёр чарм маҳсулотлари экспорти ҳажми ошиши ҳисобига 43 фоизни ташкил этди.

Машинасозлик маҳсулотлари экспорт диверсификацияси индекси 2,04 дан 2,59 гача ошди. Экспортда ерусти транспорти улуши камайган, электр машиналар ва ускуналар, механик асбоб-ускуналар ва шунга ўхшаш қурилмалар улуши ошган.

Хулосада билдирилишича, Ўзбекистон саноати экспортни кенгайтириш ва диверсификация қилишда муваффақиятларга эришди. Шу билан бирга, келгусида янада яхшироқ натижаларга эришиш учун катта имконият ва захиралар мавжуд. Бу захиралардан эса объектив тарзда ўзгараётган ташқи шарт-шароитларга фаол интеграциялашув орқали фойдаланиш мумкин.

Мавзуга оид