Жаҳон | 11:04 / 12.08.2022
3913
4 дақиқада ўқилади

Шрёдер имтиёзлардан маҳрум қилингани учун бундестагни судга берди

Бундестаг бюджет қўмитасининг Шрёдерни парламентдаги бюросидан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарори ноқонунийдир, дея хабар берди Германия собиқ канцлерининг юридик жамоаси. Шрёдер номидан ариза Берлин маъмурий судига юборилган.

Фото: Wiki

Германия собиқ канцлери Герҳард Шрёдер Германия парламенти – бундестаг устидан судга мурожаат қилиб, собиқ ҳукумат раҳбарининг май ойида қисман бекор қилинган имтиёзларини тиклашни талаб қилди. Шрёдер собиқ канцлер офисини унга қайтаришни ва ходимлар штатини тиклашни сўрамоқда. Бу ҳақда 12 август, жума куни Шрёдернинг ганноверлик адвокати Михаэл Нагел dpa немис агентлигига маълум қилди. 

Нагелнинг сўзларига кўра, Шрёдер номидан даъво аризаси Берлин маъмурий судига юборилган. Бундестаг бюджет қўмитасининг Шрёдерни парламентдаги бюросидан маҳрум қилиш ҳақидаги қарори ноқонунийдир, дейилади dpa томонидан олинган адвокатлик бюросининг баёнотида. 

Шрёдернинг ганноверлик адвокати Германияда жиноят ишлари бўйича энг машҳури адвокатлардан бири ҳисобланади, дея қайд этган агентлик. У Германия собиқ федерал президенти Кристиан Вулфнинг манфаатларини ҳимоя қилган. 

Май ойида бундестагдаги ҳукмрон коалиция 78 ёшли Шрёдернинг офисини ёпиш бўйича келишувга эришгани маълум бўлди. Бундан буён собиқ канцлерларнинг алоҳида таъминоти уларнинг мақоми билан эмас, балки ўз мажбуриятларини бажариши билан асосланади, дея маълум қилди бундестаг бюджет қўмитаси. 

Қўмита фикрича, Шрёдер энди бундай мажбуриятларни бажармайди. Собиқ канцлернинг пенсия ва ҳимояси сақланиб қолади. ОАВ ҳисоб-китобларига кўра, Шрёдернинг ходимларига харажат бир йилда 400 минг еврони ташкил қилган. Ўтган йили унинг бюросида беш нафар ходим ишлаган, офис раҳбари эса ойига 10 минг евродан кўпроқ маош олган, деб хабар берди Handelsblatt. 

2022 йил март ойида айрим ходимлар собиқ канцлернинг Россия ҳақидаги позициясига норозилик сифатида у билан ишлашдан бош тортди. Улар бундестаг аппаратининг бошқа жойларига ўтказилди. Офиснинг кўп йиллик раҳбари ва собиқ канцлернинг спичрайтери ҳам кетди. 

Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан сўнг, Германия Социал-демократик партияси (ГСДП)нинг минтақавий бўлинмалари Шрёдерни партия сафидан чиқариш талабларини илгари сурди. Бироқ, Ганновердаги ГСДП махсус комиссияси Германия собиқ канцлерини танқид қилиш ёки партиядан чиқариб юбориш учун ҳеч қандай асос кўрмади. 

Германияда Шрёдер Путиндан узоқлашишдан бош тортгани ва Россиянинг Украинага бостириб киришини қатъий қоралаб чиқмагани учун кескин танқид қилиняпти. «Тажовузкор, Путин каби уруш қўзғатувчиси билан ҳеч қандай иш олиб бориш керак эмас. Собиқ канцлерга келсак, гап унинг шахсий ҳаёти ҳақида кетмаяпти. Айниқса, ҳозирги вазиятда», - дея Шрёдерни танқид қилди Социал-демократик партия (ГСДП) раиси Ларс Клингбайл. «Мен Герҳард Шрёдер тарихнинг тўғри томонини танлашини истардим. Лекин у нотўғри томонни танлади», - дея қўшимча қилди у. 

«Герҳард Шрёдернинг Россия энергетика компанияларидаги фаолияти Европада, айниқса Шарқий Европадаги қўшниларимиз ўртасида мамлакатимизга нисбатан кўплаб саволлар туғдирди. Бунда яхши нарсанинг ўзи йўқ», - деди Германия федерал президенти Франк-Валтер Штайнмайер.

Март ойида Шрёдер Ганновернинг фахрий фуқароси мақомидан ва маҳаллий «Ганновер 96» футбол клуби бошқаруви фахрий аъзолигидан маҳрум қилинган эди. Май ойида Европа парламенти Шредерни россиялик олигархларнинг санкциялар рўйхатига киритишга чақирди. 

Шундан кейингина собиқ канцлер 2017 йилдан бери ишлаб келган «Роснефт» директорлар кенгаши раиси лавозимини тарк этаётгани маълум бўлди. Бироз вақт ўтгач, Шрёдер «Газпром»нинг концерни директорлар кенгашига аъзо бўлиш таклифини рад этди. Собиқ канцлер Россия энергетика компанияларида ишлагани учун йилига бир миллион евро олган, деб ёзади The New York Times газетаси. 

Мавзуга оид