Жаҳон | 09:43 / 18.08.2022
5811
3 дақиқада ўқилади

Грузия НҲТ россияликлар учун зудлик билан виза режимини жорий этишга чақирди

Россияликлар киришини назорат қилиш Грузия миллий хавфсизлиги масаласидир. Бу ҳақда Грузия НҲТ маълум қилди. Уларга кўра, РФ билан виза режимини жорий қилиш учун етарли асослар мавжуд.

Фото: Mikhail Pochuyev

Грузиядаги нодавлат инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мамлакат расмийларини Россия фуқаролари учун зудлик билан виза режимини жорий этишга чақирди. «Биз Россия фуқаролари ва корхоналарининг Грузияга киришини назорат қилиш мамлакат миллий хавфсизлиги масаласидир, деб ҳисоблаймиз», дея маълум қилди Грузиядаги 19 та НҲТ. Бу ҳақда 17 август, чоршанба куни қўшма мурожаатдан иқтибос келтирган ҳолда «Новости-Грузия» интернет портали хабар берди.

Грузиялик ҳуқуқ фаоллари жорий йил бошидан буён ўз мамлакатига келаётган россияликлар сони кескин ошганига ишора қилишди. Бундан ташқари, 2022 йил февраль ойи охиридан бери - Россиянинг Украинага ҳужумидан сўнг Грузияда 6400 га яқин рус компанияси рўйхатга олинган, бу 2021 йилга нисбатан етти баравар кўп. Шу билан бирга, мурожаат муаллифлари РФга қарши кенг кўламли халқаро санкциялар фонида Грузиядан Россияга экспорт ҳажми сезиларли даражада ошганидан хавотир билдирган. Грузияга россияликлар ва россиялик тадбиркорларнинг кўплаб кириб келиши бу давлатдан «Россия Федерациясига қарши халқаро санкциялар таъсирини юмшатиш» учун фойдаланилаётганидан далолат беради, дейилади мурожаатда.

«Россия Федерацияси томонидан Грузияда амалга оширилган босқинчилик, этник тозалаш, инсониятга қарши содир этилган жиноятлар, Украинада давом этаётган можаро ва РФ томонидан тез-тез қўлланиладиган ёндашув - ўз фуқароларини ҳимоя қилиш баҳонасида хорижий давлатга аралашув - виза режимини ўрнатиш учун етарли асос яратади», - дея таъкидлаб ўтди НҲТ вакиллари. 

Улар босқинчи ёки душман давлат фуқаролари ҳуқуқларини чеклаш одатий амалиёт эканини ҳамда халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига зид эмаслигини қайд этди. «Юқорида айтилганларнинг барчасидан келиб чиқиб, биз Россия фуқаролари учун зудлик билан виза режимини ўрнатишни ва мамлакатга кириб келганларнинг ҳуқуқий ҳолатини қайта кўриб чиқишни талаб қиламиз», — дея қўшимча қилган мурожаат муаллифлари. 

Шу билан бирга, Грузия НҲТ Украина халқини озодлик учун курашда «тўлиқ қўллаб-қувватлаши»ни билдирди ҳамда РФнинг Украина ва Грузияга қарши ҳаракатлари уруш олиб бориш соҳасидаги халқаро ҳуқуқ томонидан тақиқланганини билдирди. Бундан ташқари, Россия Грузиянинг ҳудудий яхлитлигини бузишда давом этмоқда, дея эслатган ҳуқуқ фаоллари. 

Мурожаатни имзолаганлар орасида Грузиянинг «Очиқ жамият» фонди, Фуқаролик жамияти институти, Грузия ёш ҳуқуқшунослар уюшмаси, Тенглик учун ҳаракати, WISG аёллар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш гуруҳи, Европа жамғармаси, Ижтимоий фанлар маркази ва Грузия суди қўриқчилари (Court Watch) вакиллари бор. 

Грузия Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери руслар энг кўп йўл олган давлатлардан бири. РФ фуқаролари Грузияда бир йил давомида визасиз қолиш ҳуқуқига эга. 

Мавзуга оид