Жаҳон | 09:23 / 04.05.2026
8116
3 дақиқада ўқилади

Россия 2024 йилдан бери биринчи марта Украина билан урушда ҳудудларини йўқота бошлади

Апрель ойида Россия қўшинлари Украина билан урушда 116 квадрат километр ҳудуд устидан назоратни йўқотди, деб ҳисобламоқда Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW).

Фото: REUTERS

Таҳлилчиларнинг фикрича, бу 2024 йил август ойида Украина Қуролли кучлари Курск вилоятига бостириб кирганидан бери биринчи марта содир бўлди. Гап фақат амалда ушлаб турилган ҳудудлар ҳақида кетмоқда - қўшинлар вақтинча мустаҳкамланмасдан кириши мумкин бўлган ҳудудлар бундан мустасно.

Шу билан бирга, Россия армиясининг ҳужум суръатлари пасайишда давом этмоқда, деб таъкидлайди ISW. Агар 2025 йил бошида у кунига ўртача 9,76 квадрат километрга кўтарилган бўлса, 2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида бу кўрсаткич 2,9 квадрат километрни ташкил этди. Сўнгги олти ой ичида (ноябрдан апрелгача) Россия 1443,35 кв км ҳудудни эгаллади, бир йил аввал худди шу даврда 2368,38 кв км эди.

ISW Россиянинг ҳужум суръатларининг пасайишини Украинанинг қуруқликдаги қарши ҳужумлари ва дронлардан фаол фойдаланишни ўз ичига олган ўрта масофали зарбалари билан изоҳлайди.

Бундан ташқари, Украина ҳудудида Starlink терминалларидан фойдаланиш имкониятининг йўқолиши ва Telegram иловасининг блокланиши Россия армиясининг бошқарув ва алоқа билан боғлиқ муаммоларини янада кучайтирган.

Ҳужумнинг боришига об-ҳаво ҳам таъсир кўрсатади. 2025-2026 йиллар қиши ўтган йилга нисбатан совуқроқ ва намроқ бўлди. Бу эса ёмғирлар ва қорларнинг эриши туфайли техникаларнинг ҳаракатланиш шароитлари кескин ёмонлашадиган баҳорги «йўлсизлик» таъсирини кучайтирди.

Шу билан бирга, 2025 йил кузидан бошлаб Россия қўшинлари ҳудудларни тўлиқ эгалламасдан кичик гуруҳлар билан уларга кириш тактикасини фаол қўллай бошлади. ISW маълумотларига кўра, Мудофаа вазирлиги бундай операциялардан фронтнинг барча йўналишларида силжиш кўринишини ва Кремль учун «муваффақиятлар» тўғрисидаги ҳисоботларни яратиш учун фойдаланади. Амалда эса ушбу ҳудудларнинг кўпчилиги баҳсли бўлиб қолмоқда ва ҳар икки томондан доимий равишда ўққа тутиляпти.

ISW маълумотларига кўра, апрель ойида Россия атиги 28,28 квадрат километрга, сўнгги олти ой ичида эса жами 1716,42 квадрат километрга силжий олган ёки кириб борган. Бироқ, унинг ҳақиқий назорати остидаги ҳудуд 1443,35 квадрат километрни ташкил этади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид