Аваз Бердиқулов Мусурмонқулович ҳақида

  • Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) мусобақаларни ўтказиш бошқармаси футбол тадбирлари бўлими раҳбари
  • 2008 йилдан бери ОФКда (Куала Лумпур, Малайзия) фаолият олиб боради.
  • 2001-2004 ва 2006-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги «Жаҳон» ахборот агентлигида, 2004-2006 йилларда Шанҳай ҳамкорлиги ташкилоти котибиятида (Пекин, Хитой) ишлаган.
  • 1999 йил ЎзМУнинг ўзбек филологияси факультетини, 2001 йил Англиянинг Борнмут университетида мултимедия журналистика соҳасида магистратурани тамомлаган. Хитойнинг Пекин чет тиллар университети халқаро муносабатлар ва дипломатия факультети докторанти.
  • Оилали, 2 нафар фарзанди бор.

— Осиё Кубоги-2023га тайёргарлик ва турнирга мезбон топиш масаласи қандай кетмоқда?

— Ҳозирда ОФК олдида турган асосий иш — 2023 йилги Осиё Кубогини қаерда ўтказиш. Хитой коронавирус хавфи сабаб мезбонликдан воз кечди. Альтернатив қидирдик. Қитъа чемпионатига йўлланма қўлга киритган жамоалардан танлашимиз керак эди, чунки чиқа олмаган жамоага яна бир бўш ўрин йўқ.

4 мамлакат қизиқиш билдирди — Жанубий Корея, Индонезия, Қатар ва Австралия. Турнирни ўтказишга 2023 йил ёзи ва 2024 йил январь вариантлари бор. Агар Қатар ёки Австралия мезбонликни қўлга киритса, қишда ўтказамиз. Қолган икки мамлакат эса ёзда қабул қила олади. 17 октябрда Куала-Лумпурда ижроия қўмитамизнинг навбатдаги йиғилиши ўтказилади ва ўша куни мезбонни эълон қиламиз.

Ўзбекистон? Мезбонликка қизиқиш билдиришмади. 4-5 йил аввал номзодлар қаторида бор эди, аммо талабларимизни қўйганимиздан сўнг кейинроқ аризани қайтариб олишди.

— Тошкентда ўтган Осиё Кубоги U-23да биз кўрмаган яна қандай камчиликлар кузатилди?

— Ҳар бир турнирда муаммолар бўлади. Айрим жамоалар натижага эриша олмай, айбни ташкилотчиликдан излайди.

Бу пандемиядан кейин ўтказган энг йирик мусобақамиз бўлди. Тиббиёт томонлама кўп ишлашга тўғри келди. Бир қанча футболчиларда коронавирус аниқланди, уларнинг ўрнига бошқа ўйинчиларни чақириш имконини бердик. ЎФА янги келадиган футболчиларга тезкор равишда виза тайёрлаб берди.