Ўзбекистон | 17:35 / 18.08.2022
9702
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ИҲТ бош котибини Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 август, Саудия Арабистонига давлат ташрифи иккинчи кунида Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа билан учрашди.  

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда нуфузли халқаро тузилма ҳозирги замон хатарлари шароитида ислом қадриятларини асраб-авайлаш, мусулмон халқлари ўртасида ҳамжиҳатлик ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди. Ўзбекистон билан ИҲТ ўртасидаги ҳамкорлик бугунги даражаси, уларни барча долзарб йўналишларда янада кенгайтириш истиқболлари баҳоланди.

Ҳусайн Иброҳим Тоҳа Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилотида алоҳида ўрин тутиши, мамлакат илгари сураётган лойиҳа ва дастурларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини қайд этди. ИҲТ мамлакатлари туризм вазирлари томонидан Хива шаҳри 2024 йилда “Ислом дунёси туризм пойтахти” деб эълон қилингани билан табриклади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон бундан буён ҳам таълим, фан, инновациялар соҳаларида, иқлим ўзгариши масалаларида ИҲТ билан ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратиши таъкидланди. Оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар жамият ҳаёти ва давлат бошқарувидаги иштирокини кучайтириш каби муҳим ижтимоий йўналишларда, шу жумладан ИҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида  тажриба алмашишга келишиб олинди.

Ўзбекистон фан ва таълим соҳаларидаги бой салоҳияти қайд этилар экан, ИҲТ мамлакат билан ташкилотга аъзо ривожланаётган давлатларда ёшларни ўқитиш ва малакасини ошириш борасида ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор экани таъкидланди. “Ўзбекистон – буюк мутафаккирлар ва олимлар юрти, ташкилотимиз бу соҳаларда республикангиз билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор”, деди бош котиб.

Фото: Президент матбуот хизмати

Афғонистон халқига гуманитар кўмак кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Термиздаги логистика марказини ривожлантириш орқали ушбу мамлакатга инсонпарварлик ёрдамини етказиш мумкинлиги қайд этилди. Термиздаги Афғон ёшлари учун таълим маркази фаолиятига юқори баҳо берилди. Глобал, энг аввало, Орол минтақасидаги экологик муаммоларни ҳал қилиш масалалари муҳокама қилинди. ИҲТ бош котиби жорий йил мартда Исломободда ИҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган Оролбўйи ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлиги тўғрисидаги резолюцияларни қўллаб-қувватлаганини қайд этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Орол денгизи ва Чад кўли қуриши бир-бирига ўхшаш муаммолардир, ушбу глобал экологик хатарларни бартараф этиш халқаро ҳамжамият ва молиявий институтларни жалб қилишга қаратилган умумий ҳамкорликни тақозо этади”, деди Ҳусайн Иброҳим Тоҳа. Уларга ечим излаш мақсадида илмий ва амалий тажриба алмашиш, халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга келишиб олинди.

Учрашув якунида Ўзбекистон президенти бош котибни мамлакатимизга ташриф билан боришга таклиф этди. Ҳусайн Иброҳим Тоҳа бу таклифни қабул қилди.

Мавзуга оид