Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Қоралашлар ракеталарни тўхтатмайди» – Араб-ислом саммити Исроил билан дипломатик муносабатларни кўриб чиқишга чақирди
Исроилнинг Доҳага ҳужумини қоралаш учун тўпланган 60 га яқин араб ва мусулмон етакчилари Қатарга бирдамлик билдирди. Етакчиларнинг расмий баёнотида аниқ чоралар айтилмади. Лекин Исроилга кескин ва тийиб қўювчи жавоб бериш, аъзо давлатларга Исроил билан дипломатик муносабатларини қайта кўриб чиқиш таклиф қилинди.
15 сентябр куни Фавқулодда араб-ислом саммити доирасида иштирокчи давлатлар раҳбарлари ва бош дипломатлари ўтган ҳафтада Доҳага қилинган Исроил ҳужумидан сўнг Қатарни қўллаб-қувватлади.
Шунингдек, араб ва мусулмон етакчилари Исроилнинг Ғазодаги урушини қирғин кампанияси деб атади.
Араб Лигаси ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг (ИҲТ) навбатдан ташқари қўшма мажлиси душанба куни қарийб 60 та аъзо давлатни тўплади. Етакчилар бу йиғилишни Исроил томонидан содир этилган «мислсиз кескинлик»дан сўнг ягона хабарни етказиш учун муҳим лаҳза деб аташди.
Араб ва мусулмон етакчилари Қатарга бирдамлик билдираётган бир пайтда, АҚШ давлат котиби Марко Рубио Исроилда Нетаняҳу билан учрашиб, Исроилнинг кескин позициясини қўллаб-қувватлашини билдирди. Аслида расмий Вашингтон Қатарга ҳужум юзасидан ўзини ноқулай аҳволда қолдирилган, деб ҳисоблаётган эди.
Саммит якунида Араб Лигаси ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти аъзолари томонидан расмий баёнот қабул қилинди. Ҳужжатда кўплаб баёнотлар ва умумий принциплар мавжуд, лекин конкрет амалий чора-тадбирлар нисбатан чекланган. Хусусан:
- Исроил билан дипломатик ва савдо-иқтисодий муносабатларни қайта кўриб чиқиш таклиф қилинди;
- Форс кўрфази давлатлари қўшма мудофаа механизмини («joint defence mechanism») ишга туширишга тайёр экани билдирилди;
- Исроилнинг ҳаракатлари учун халқаро ҳисобдорликни таъминлаш, шу жумладан, БМТ, тижорат ва ҳуқуқий органлар орқали чора кўриш каби таклифлар билдирилди.
Саммит қатнашчилари нима деди?
Қатар амир Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сони саммитни «қўрқоқ ва хоинона» ҳужумга қарши «амалий ва қатъий чоралар» кўришга чақирди. Унга кўра, зарба ҲАМАС раҳбарлари АҚШнинг сулҳ таклифини ўрганаётган пайтда амалга оширилган.
«Мамлакатим пойтахти хоинона ҳужумга учради. Бу ҳужум ҲАМАС раҳбарлари оилалари ва уларнинг музокара делегацияси жойлашган уйга қаратилган эди».

Шайх Тамимнинг айтишича, Исроил Ғазодаги урушни тугатишни хоҳламайди, балки «музокараларни бузишга» интилмоқда.
«Агар гаровдагиларни озод қилишга бу қадар урғу бераётган бўлсангиз, нега барча музокарачиларни ўлдирасиз? Бизнинг юртимизда Исроил делегацияларини қабул қила туриб, улар самолёт ва дронлар жўнатиб, бизни бомбардимон қилиши қандай мантиққа тўғри келади?» дейди Қатар амири.
Амир қўшимча қилишича, Нетаняҳу араб минтақасини Исроил таъсир доирасига айлантиришни орзу қилмоқда. «Бу хавфли хаёл», деди у.
«Исроил ва ҲАМАС музокаралари АҚШ ва Миср ёрдами билан сезиларли натижага яқинлашганди. Бу кўплаб гаровдагилар озод қилинишига олиб келди. Аммо Исроил ўзининг қайсарлигини давом эттириб, урушни тўхтатишни истамаяпти», дея Қатар амири шайх Тамимнинг сўзларини келтирмоқда Al-Jazeera.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған эса Исроил расмийларининг «очкўз, қонхўр тафаккурда» эканини айтиб, Нетаняҳу ҳукуматини минтақани қонга ботиришда айблади.

«Биз тартибсизлик ва қон тўкилишидан озиқланадиган террористик тафаккурга дуч келдик. Бу тафаккур бир давлат қиёфасида мужассам. У БМТ низомини очиқчасига бузмоқда, халқаро тизимни эътиборсиз қиляпти ва жазоланишсиз яшамоқда».
Эрдўған Доҳа ҳужумини «Исроил босқинчилигининг янги босқичи», деди.
«Исроилга иқтисодий босим ўтказиш керак. Ўтмиш тажрибаси бундай босимнинг самарасини кўрсатган. Фаластин халқининг депортацияси, геноциди ёки бўлинишини қабул қилолмаймиз», деди у.
Миср президенти Абдул Фаттаҳ ас-Сиси эса Исроилнинг назоратсиз хатти-ҳаракатлари можарони янада кучайтириши ва минтақани беқарор қилишини айтди.
«Мен Исроил халқига шуни айтмоқчиманки, бугун содир бўлаётган воқеалар мавжуд тинчлик келишувларини бузмоқда ва оқибатлари оғир бўлади. Исроил хавфсизлиги куч билан эмас, қонун ва давлатлар суверенитетига ҳурмат билан таъминланади», деди Сиси.
Эрон президенти Масъуд Пизишкиён «инсониятнинг умумий қадриятлари» асосида бирлашишга чақирди:
«Биз бу таҳдидларга қарши бирлашиб туришимиз керак. Яна жиноятлар содир бўлса, бунга чидай олмаймиз ва сукут сақламаймиз – на Ғазода, на Байрутда, на Яман воқеаларида», деди у.

Эрон етакчиси, шунингдек, қатнашчиларни Исроил режими билан алоқаларни узишга чақирди.
Ироқ бош вазири Муҳаммад Шиё ас-Судоний эса «ҳар қандай араб ёки мусулмон мамлакатининг хавфсизлик ва барқарорлиги – умумий хавфсизликнинг ажралмас қисми» эканини айтди.
У қоралашдан амалий ҳаракатларга ўтишни таклиф қилди ҳамда «БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Бош ассамблеяси, Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро майдонларга позицияни етказиш учун қўшма араб-исломий қўмита тузишни» таклиф қилди.
«Исроил тийиб қўйилмаса, янада беқарорлик юз беради ва ҳеч ким учун хавфсизлик таъминланмайди», деди у.

Иордания қироли Абдуллоҳ II Исроилга қатъий жавоб бўлиши кераклигини айтди.
«Доҳага уюштирилган ҳужум Исроил таҳдиди чексиз эканининг тирик исботидир. Жавобимиз аниқ, қатъий ва аввало тийиб қўювчи бўлиши керак», деди у.
Қирол Ғарбий Соҳилдаги Исроил экспансияси икки давлат ечимини йўққа чиқараётганини ҳам айтди.
Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос ҳам халқаро ҳамжамиятни ўз мажбуриятларини бажаришга, Исроилни жавобгарликка тортишга чақирди.
«Исроилнинг экстремистик ўнг қанот ҳукумати тинчлик учун ҳамкор бўла олмайди», деди у. Аббос АҚШ ва БМТдан қатъий аралашув талаб қилди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов эса президент Шавкат Мирзиёевнинг саммит иштирокчиларига мурожаатини ўқиб берди.

Унга кўра, Ўзбекистон президенти баёнотида «биродар Қатар халқи ва барча мусулмон мамлакатлари билан мустаҳкам бирдамлигини қайд этиб, Яқин Шарқда тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солаётган сўнгги ҳарбий тажовузни кескин қоралади».
Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим эса қоралашлар ракеталарни тўхтатмаслигини эслатди.
«Халқимиз энди сўзлардан чарчаган. Қоралашлар ракеталарни тўхтатмайди, декларациялар Фаластинни озод қилмайди. Кескин, жазоловчи чора-тадбирлар қўлланиши шарт», деди у.

Малайзия шунингдек, Исроил билан дипломатик алоқаларни ҳам тўхтатишга чақирди.
Индонезия вице-президенти Гибран Ракага кўра Фаластин масаласи фақат уларнинг ўзи эмас, балки миллатларнинг омон қолиши ва шаъни ҳамдир. У БМТ Хавфсизлик Кенгашидан қатъий ва зудлик билан чора кўришни талаб қилди.
Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Қатарга тўлиқ бирдамлик билдиришини айтди.
«Исроил агрессиясини кескин қоралаймиз. Минтақада адолатли ва барқарор тинчлик учун икки давлат ечимига қатъий содиқмиз», деди у.
Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши бош котиби Жасим Муҳаммад Албудайвий эса «АҚШдаги стратегик ҳамкорларидан Исроилни тийиб қўйиш учун таъсирини ишлатишини кутамиз», деди.
«Хомушликнинг ўзи ҳам жиноят. Исроил армияси ўзига ҳамма нарса мумкин деб ҳисобламоқда. Шунинг учун улар бир мамлакатдан бошқасига вайронагарчиликлар ёймоқда», деди Араб Лигаси бош котиби Аҳмад Абу ал-Ғайт.

Reutersʼнинг ёзишича, саммит коммюникесида мамлакатлар Исроил билан дипломатик ва иқтисодий алоқаларни қайта кўриб чиқишга чақирилди. Араб Лигаси бош котиб ўринбосари Ҳоссам Заки буни – Исроил билан муносабатларга эга давлатларни уларни қайта кўриб чиқишга даъват деб изоҳлади.
Шу кунларда Яқин Шарқда бўлиб турган Марко Рубио Исроилдаги ташрифидан сўнг Қатарга келади. У Доҳани Ғазодаги можарони ҳал этишда конструктив рол ўйнашни давом эттиришга чақириши кутилмоқда.
Ғазодаги уруш
Доҳа ва Қуддусда дипломатия давом этаётган бир пайтда Исроил кучлари Ғазо шаҳрига ҳужумларини давом эттирмоқда. Маҳаллий соғлиқни сақлаш органлари хабарига кўра, кеча уйлар ва кўчирилган оилалар яшаётган чодирга берилган зарбаларда камида 16 фаластинлик ҳалок бўлди.

Исроил армияси Ғазодаги энг баланд бино бўлиши мумкин бўлган 16 қаватли иншоотни вайрон қилди. 2023 йил октябр ойида Исроилнинг Ғазодаги геноцид кўринишидаги уруши 64 мингдан ортиқ фаластинлик ўлимига олиб келди.
Мавзуга оид
13:42
Исроил «Евровидение-2026»да қатнашади, қатор давлатлар танловни бойкот қилади
21:09 / 04.12.2025
Биринчи «Марказий Осиё – Япония» саммити Токиода ўтказилади
15:51 / 02.12.2025
Нетаняҳу қандай айбловлар учун афв сўрамоқда ва бунинг имкони борми?
13:59 / 02.12.2025