Ўзбекистон | 18:01 / 18.08.2022
16558
2 дақиқада ўқилади

UzAuto Хитой билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Фото: UzAuto Motors

Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўмитанинг 6-йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ҳамраислигида ва Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитасининг сиёсий бюроси аъзоси Гуо Шенгкун қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасида бир қатор муҳим ҳужжатларни имзолаш тўғрисида келишувга эришилди.

Хусусан, UzAuto ҳукуматлараро тадбир доирасида “Тошкент Агро Трактор” МЧЖ (ТАТ) вакили сифатида Хитойнинг Changzhou Dongfeng Agricultural Machinery Group Co. Ltd (Dongfeng) компанияси билан корхона маҳсулоти, эҳтиёт қисмлари ва бутловчи қисмларини етказиб бериш, шунингдек, Ўзбекистонда DF903H уч ғилдиракли тракторларни маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш учун шартнома имзолади.

Фото: UzAuto Motors

Шартнома доирасида Dongfeng компанияси "Тошкент Агро Трактор" бренди остида ўз маҳсулоти, эҳтиёт қисмлари ва бутловчи қисмларни сотиш ва экспорт қилиш бўйича эксклюзив ҳуқуқларни ТАТга ўтказади. Шунингдек, Хитой компанияси томонидан Ўзбекистон ҳудудида кафолат ва сервис хизматини ташкил этишда кўмаклашиш бўйича келишувга эришилди. Ҳамкорликнинг кейинги босқичи Dongfeng маҳсулотларини маҳаллийлаштиришни ўз ичига олади.

Changzhou Dongfeng Agricultural Machinery Group Co. Ltd Хитойнинг қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи энг йирик компанияси ҳисобланади. Компания тракторлар, дизел двигателлари, культиваторлар, комбайнлар ва тегишли деталларни тадқиқ қилиш, лойиҳалаш, қайта ишлаш, ишлаб чиқариш ва сотишга ихтисослашган. Changzhou Dongfeng бренди остидаги қишлоқ хўжалиги техникалари бутун дунёда сотилади.

Реклама

 

Мавзуга оид