Kun.uz мухбири сўнгги вақтларда фаоллашаётган Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги интеграцияга интилиш жараёнлари, бу борадаги муаммо ва ечимлар, унинг сиёсий оқибатлари мавзусида сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан суҳбатлашди.
— Албатта, Марказий Осиёдаги келишув бу ерга кўз тиккан катта геосиёсий ўйинчиларга ёқмаслиги табиий. Бу томондан қандай хавф ёки чақириқларни кутиш мумкин?
— Бугунги кунда Россия постсовет ҳудудидаги агрессор давлатга айланди. У глобал геосиёсий шароитда яшаб қолиш учун ўзининг қутбини шакллантиришни мақсад қилиб қўйган. Бу Марказий Осиё давлатлари суверенитети учун жиддий хавф. ЕОИИ ва КХШТ каби лойиҳалар ҳам минтақани ўз геостратегик назоратида ушлаб туришдир.
Масалан, Қозоғистонга бўлаётган босимлар кучайиб бормоқда. Лекин, ўтган даврда минтақада Россиянинг энг яқин иттифоқчиси Қозоғистон эди. Бугун ҳам икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар жуда юқори. Лекин бу шериклик Россиянинг босимидан кафолатламаяпти ҳам, ҳимояламаяпти ҳам. Россиянинг пировард мақсади – интеграцияга рози бўлмаган давлатларга ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий босимлардан иборат гибрид босим моделлари ишлатиляпти.
Булардан хулоса қилиш мумкинки, яқин йилларда энг муҳим масала – минтақа давлатларининг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш масаласи.
Хитойнинг энг муҳим манфаати – Марказий Осиё давлатлари Уйғуристондаги сепаратистик ҳаракатларни қўллаб-қувватламаслигидир. Бу борада Хитойнинг позициясини ёқлашдир. ШҲТни тузишдан асосий мақсад ҳам аслида шу бўлган. Бугун бошқа масалалар ҳам қўшилиб, катта лойиҳага айланиб кетди.
АҚШ ва Европа Иттифоқининг минтақадаги позицияси бир хил эмас. Вашингтоннинг биринчи манфаати Марказий Осиё давлатлари геосиёсий мустақил бўлиши ҳамда Хитой ҳамда Россиянинг минтақадаги таъсири имкон қадар камайиши ҳисобланади.

— Қозоғистон президенти сўнгги вақтларда Россияга нисбатан бир неча маротаба кескин деб ҳисобланган чиқишлар қилди, бунга руслар жавоб ҳам қайтарди. Лекин унинг Иссиқкўлда маслаҳат учрашувларига Хитой ва Россия етакчиларини ҳам чақиришни таклиф қилгани кутилмаган иш бўлди. Тўқаев нима учун бундай йўл тутди, сизнингча?











