Ҳадисшуносликнинг отаси ҳисобланган Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ислом оламида энг кўп эъзозланадиган кишилардан бири. Бироқ негадир унинг туғилган жойи ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Kun.uz тарихчи ва археологлар билан суҳбатлашиб, муҳаддис яшаган жой деб тахмин қилинадиган ҳудудлар борлигини аниқлади.

Имом ал-Бухорий ҳақида қисқача

Бутун ислом дунёсидаги энг муҳим манбалари деб тан олинган олтита ишончли ҳадислар тўпламининг энг асосийси “Саҳиҳул Бухорий” (Ишончли ҳадислар тўплами) ҳисобланади. Унинг муаллифи Имом Бухорий ҳадисшуносликнинг энг юқори чўққисига чиққан милодий 9-асрда яшаб ўтган 6 муҳаддис ичидан “Ҳадис илмида амир ал-мўминийн” деган шарафли номга сазовор бўлган.

Унинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғийра ибн Бардазбеҳ ал-Жуафий ал-Бухорий бўлиб, у ҳижрий ҳисобда 194 йил шаввол ойининг 13-куни (810 йил 20 июл)да Бухоро шаҳрида таваллуд топган.

Бухорий зеҳни ўткирлиги ва ёдлаш қобилиятининг кучлилиги билан ҳам халқ орасида ғоят шуҳрат қозонган. Манбаларда ал-Бухорийнинг 600 мингга яқин ҳадисни ёд билгани қайд қилинган. “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асари “Саҳийҳ ал-Бухорий” номи билан ҳам машҳур. Унинг ғоят аҳамиятли томони шундаки, Имом ал-Бухорийгача ўтган муҳаддислар ўз тўпламларига эшитган барча ҳадисларини танлаб ўтирмай қаторасига киритаверганлар. Имом ал-Бухорий эса турли ровийлардан эшитган ҳадисларни табақаларга бўлиб, уларнинг ишончлиларини ажратиб, алоҳида китоб яратди.

Бухорий 870 йил 1 сентябрда Самарқанднинг Хартанг қишлоғида вафот этади. Муҳаддис мақбараси атрофи зиёратгоҳ-мажмуа ҳисобланади.

Бухорий яшаган ҳудуд ҳақида тахминлар

Муҳаддиснинг биографиясида унинг 810 йил Бухорода туғилгани айтилган холос. Kun.uz суҳбатдош бўлган тарихчилар Бухорий туғилган жой ҳақида бир нечта тахминни келтиришди.

Тарих тадқиқодчиси, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг Бухоро бўлими аъзоси, ЮНЕСКОнинг тарихий обидалар ва маданий ёдгорликлари бўйича кузатувчиси Комил Икромовнинг айтишича, Имом ал-Бухорий туғилган жой ҳозирги кунда Бухоро шаҳрида жойлашган Хўжа Зайниддин ҳовузи деб аталадиган ҳудуд бўлиши мумкин. Бу ҳовуз 16-асрда Абдуллахон даврига келиб қурилган.