Спорт | 13:29 / 25.08.2022
46711
10 дақиқада ўқилади

Мбаппенинг ношукрлиги авжига чиқди. У «ПСЖ»ни парчалаши мумкин

Дунёдаги энг юқори маошни олаётган ҳужумчи кийим алмаштириш хонасига парокандалик келтирмоқда. «Реал» уни сотиб олмаганидан хурсанд бўлса ҳам бўлади.

Фото: Getty Images

«ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппенинг жамоадошлари билан муносабати яхши эмас. TNT Sports хабарига кўра, франциялик футболчи шартномасини узайтиришга рози бўлганида, бошқа футболчилар унга майдонда «голлар уришда ёрдам бериши» ваъда қилинган. Аммо шерикларига бу фикр ёқмаган ва энди ҳужумчи ўзини жамоадан узилгандек ҳис қилмоқда. Бу ҳолат аллақачон футбол майдонида ва ундан ташқарида бир неча бор юзага чиққан.

«ПСЖ» мавсумни ажойиб бошлади, Франция Суперкубогида «Нант» (4:0), шунингдек, чемпионатда «Клермон» (5:0), «Монпелье» (5:2) ва «Лилль» (7:1) янчиб ташланди. Сўнгги ўйинда Мбаппе ҳет-трик қайд этди, жумладан, биринчи голини 8-секундда урди. Бу мусобақа рекорди ҳисобланади. Килианнинг юлдуз шериклари ҳам порлади. Неймар иккита гол урди ва учта голли узатмани амалга оширди, Лионел Месси ҳам гол урди ва битта пас берди.

«Лилль»га қарши ўйин Мбаппе учун можаросиз кечди. Аммо «Пьер-Моруа» аренасидаги ажойиб натижадан бир неча кун олдин у француз матбуотининг салбий сарлавҳаларидан жой олган, шу туфайли, қисқа муддатли сукунат ҳеч нарсани англатмасди.

Мбаппе ва Неймар ўртасидаги можаро ҳал қилингани айтилди, аммо амалда ундай эмас

Мбаппенинг худбинлиги чемпионатнинг 2-туридан ўрин олган «Монпелье»га қарши ўйинда яққол кўринди. Килиан эпизодлардан бирида жамоанинг ҳужумкор ҳаракатини намойишкорона саботаж қилди, бу эса парижлик мухлисларнинг ғазабига сабаб бўлди. У бир вазиятда Лионел Мессини туртиб юборди. Буни оҳиста ва тасодифан қилгандек туюлди. Аммо Леонинг асабий ва таажжубли реакцияси трансляция эфирига тушиб қолди.

TNT Sports хабарига кўра, биринчи бўлимдан сўнг Мбаппе бошқа футболчилар билан тажанг суҳбат ўтказган, унга мураббийлар штаби аъзолари аралашишга мажбур бўлган. Килиан «ПСЖ»нинг асосий юлдузи экани, комбинацияларни ўзи якунлаши лозимлиги ва тўп билан кўпроқ ишлашга мажбур эмаслигини фаол тушунтиришга уринган.

Мбаппенинг асосий можароси Неймар билан юз берди. Килиан биринчи бўлимда пенальтини аниқ амалга ошира олмади. Иккинчи марта белгиланган пенальтидан Неймар гол уришга эришди. Бунгача Мбаппе ҳиссиётли тарзда бразилиялик жамоадоши билан тортишган, аммо барибир унга зарбани бажариш ҳуқуқини берганди.

«Монпелье»га қарши ўйиндан кейин зиддият авж олди. Ижтимоий тармоқларда Мбаппе «ПСЖ» клубида асосий пенальтичи бўлмаслиги кераклиги ҳақида постлар тарқалди, Неймар бундай постлардан 2 тасига лайк босди. Get French Football News хабарига кўра, футболчилар ўртасида узоқ вақтдан бери адоват бор. Жумладан, Мбаппе шартнома янгиланганидан сўнг дарҳол Неймарни сотишни сўраган. Клуб президенти Носир Ал-Хилайфий буни амалга оширишга ҳаракат қилган, бироқ трансфернинг мақбул варианти топилмаган.

Кристоф Галтье бош мураббий этиб тайинлангач, Мбаппе ва Неймар ўртасидаги зиддият бироз вақт «музлаб қолди». Аммо охир-оқибат можаро ҳал қилинмагани маълум бўлди. Бу «Монпелье»га қарши ўйинда ойдинлашди. Клуб директори Луиш Кампуш, бош мураббий ва жанжал сабабчилари зудлик билан навбатдан ташқари йиғилиш ўтказишди.

Ҳимоячи Серхио Рамос воситачи вазифасини бажарди. Le Parisien хабарига кўра, 36 ёшли фахрий вазиятга аралашиб, муаммони ҳал қилишга ёрдам берган. Энди Кристоф Галтье ҳаммаси яхши эканига ишонтирмоқда.

«Ҳеч қандай кескинлик йўқ, бу умуман муаммо эмас. «Монпелье»га қарши ўйиндан сўнг биз гаплашиб олдик ва ҳамма нарсани жой-жойига қўйдик. «Лилль»га қарши ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик. Ҳар бир машғулотдан мамнунман. Барча келишмовчиликлар ҳал қилинди. Иккинчи пенальти белгиланган вазиятда ҳеч нарса содир бўлмади. Неймар ва Мбаппе фикр алмашишди, ҳаммаси жуда тез содир бўлди. Неймар гол уришига ишонч ҳосил қилганида, Килиан зарба йўллаш ҳуқуқини унга берди», деди парижликлар бош мураббийи.

Сўзда можаро ҳал қилингани айтилди, лекин амалда эмас. Вазият жуда нозик. L’Équipe хабарига кўра, Галтье атайлаб Лионель Месси, Килиан Мбаппе ва Неймар тенг кучли эканини очиқчасига таъкидламоқда. Мураббий матбуотдаги чиқишларида эҳтиёткорлик билан гапиряпти ва бир юлдузни бошқасидан устун қўймасликка ҳаракат қиляпти. Шунингдек, ҳимоячи Серхио Рамос юлдузлар билан мулоқот қилишда Галтьега ёрдам бераётгани ҳам аниқ.

Мбаппе шов-шувли сарлавҳалардан тушмаяпти

UOL Esporte яқинда Мбаппени кескин танқид қилувчи мақолани эълон қилди. Қайд этилишича, Килиан «ПСЖ» кийим алмаштириш хонасида шаклланган лотин америкаликлар гуруҳидан норози. 23 ёшли ҳужумчи клуб билан янги шартнома имзолаганидан кейин ўзгариб қолган. Жамоадошлари энди уни «эркаланиб кетган» ва «чидаб бўлмас» деб таърифламоқда.

Қайд этилишича, Мбаппе Ал-Хилайфийдан кийим алмаштириш хонасида шаклланган «Аргентина Республикаси»ни йўқотишни сўраган. Унинг таркибига Лионель Месси, Анхел Ди Мария, Мауро Икарди ва Леандро Паредес кирган, шунингдек, Андер Эррера, Кейлор Навас ва Неймар ҳам ушбу гуруҳ билан яқиндан мулоқот қилган.

Мбаппе «Реал»га ўтишдан бош тортиб ва «ПСЖ»да қолиб, ўзини қиролдек ҳис қилган кўринади. Sky Sports хабарига кўра, ҳужумчи янги шартномага асосан ойига 4,75 миллион евро маош олади. Бу билан Килиан сайёрадаги энг кўп маош олувчи футболчига айланди, шунингдек, клубнинг кадрлар сиёсатига катта таъсир ўтказиш имкониятига эга бўлди. Ушбу норасмий маълумот амалда бир неча бор исботини топган.

«ПСЖ» клубининг янги спорт директори Луиш Кампуш «Монако»да Мбаппе билан бирга ишлаган ва уни жуда яхши билади. Франциянинг бир неча спорт нашрлари хабарига кўра, «ПСЖ» таркибда кенг кўламли тозалашни режалаштирмоқда. Жумладан, Кампуш жамоани кўпроқ «французча» ва камроқ «испанча» қилмоқчи.

Клубнинг ҳаракатлари бу тахминларни тасдиқлаяпти. Ёзда «ПСЖ» Анхел Ди Марияга эркин агент сифатида кетишига рухсат берди. «Ювентус» билан келишиб олган яна бир аргентиналик яримҳимоячи Леандро Паредес ҳам қўйиб юборилади. Ҳужумчи Мауро Икарди «Галатасарой»га ўтмоқчи. Андер Эррера «Атлетик» билан шартнома имзолашга яқин. Кейлор Навас дарвозадаги асосий ўрнини Жанлуижи Доннаруммага бўшатиб берган, бу ҳам бежиз эмас. Бу воқеалар ортида «Мбаппенинг қўли» борлиги сезилмоқда. Неймарни ҳам унутмаслик керак. Шунчаки, машҳур бразилияликдан осонликча қутулиш жуда қийин. Аммо Мбаппе, албатта бунга эришиш учун хуфёна ҳаракатини тўхтатмайди.

UOL Esporte хабарига кўра, Неймарнинг мақоми қандай бўлиши ҳақида Мбаппе ва Месси ўртасида яширин рақобат элементи бор. Килиан Леога қарши эмас, аммо унинг бразилиялик интизомсиз дўсти клубга зарар етказаётганига ишонади.

Албатта, Месси ва Неймар бошчилигидаги «лотин америкаликлар гуруҳи» содир бўлаётган воқеалардан норози ва Мбаппенинг талабларига бўйсунмоқчи эмас. Ҳозирча уларнинг овози ҳам муҳим аҳамиятга эга ва раҳбарият Килианнинг барча инжиқликларини бир зумда бажара олмайди.

Мбаппе ўтган ҳафта матбуотда ҳужумга учради

Лотин Америкасида кутилганидек Неймарнинг ёнини олишди. Гап фақат матбуотдаги мақолалар ҳақида кетмаяпти. Бразилия миллий жамоаси бош мураббийи Тите Мбаппенинг Жанубий Америка жамоаларининг савияси ҳақидаги гапини эслатиб қўйишга қарор қилди. Май ойида Килиан хорижда футбол Европадаги каби ривожланмаганини айтганди.

«Балки Мбаппе Миллатлар Лигаси ёки ўртоқлик ўйинлари ҳақида гапираётгандир, лекин жаҳон чемпионати саралашида бундай эмас. Ҳурмат сақлаган ҳолда айтаманки, бизда Озарбойжонга ўхшаш жамоалар йўқ. Бизда нафас ростлаб олинадиган ўйинлар йўқ. Жанубий Америкадаги саралаш Европадаги гуруҳ босқичига қараганда анча қийин», деди Тите.

Титенинг гаплари кимга қаратилгани аниқ – Мбаппе ўзини Жанубий Америка юлдузларидан устун қўя олмайди. Бразилиялик мураббий Килианнинг Неймар билан бўлган можаросидан сўнг бу сўзларни айтиши бежиз эмас.

Европаликлар орасида ҳам Мбаппенинг таниқли танқидчиси топилди. Англия миллий жамоасининг собиқ ҳужумчиси, MLS вакили «Ди Си Юнайтед» клубида бош мураббийлик қилаётган Уэйн Руни унинг хатти-ҳаракатларини тушунмаслигини айтди.

«Мбаппе Мессини елкаси билан туртиб юборди. Мен ҳаётимда бундан ҳам катта худбинликни кўрмаганман. Кимдир Мбаппега эслатиши керакки, Месси 23 ёшидаёқ тўртта «Олтин тўп»ни қўлга киритган эди», деди Руни.

«Лилль»га қарши ўйин «ПСЖ» клубидаги барча келишмовчиликлар бартараф этилгандек таассурот қолдириши мумкин. Бироқ, Мбаппе шунчаки тинчланиб қолиши даргумон.

Килиан дунёдаги энг қиммат шартномага эга бўлганидан кейин «юлдузлик касали»га чалинган кўринади. Унинг ношукрлиги чегарадан чиқиб кетмоқда. У ҳеч тортинмасдан, камералар олдида ўзини бутун жамоадан устун қўймоқда, инжиқликлари оқибатини ўйламай «ПСЖ»ни бузмоқда. Чемпионатдаги рақиблар жуда кучсиз, уларни жамоа ичидаги можаролар фонида ҳам мағлуб этиш мумкин. Аммо Чемпионлар Лигасида бундай қилиқлар ўтмайди. «ПСЖ»да қандай жамоа шакллангани, муҳит қандай эканини ўша турнирда билиб олиш мумкин.

Мавзуга оид