Спорт | 07:48
4524
5 дақиқада ўқилади

Франция Марокашни турнирдан чиқариб юборди

Мбаппе Месси каби биринчи бўлимда пеналтини ура олмади, иккинчи бўлимда эса у каби ўйин тақдирини ҳал қилди ва тўпурарлар пойгасида унга етиб олди. Аммо ўйин охирларида жароҳат туфайли алмаштирилди.

Французларда кайфият бўйича ҳаммаси жойида

Франция – Марокаш 2:0
Голлар:
Мбаппе, 60 (1:0). Дембеле, 66 (2:0)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Мбаппе, 28’
Франция: Менян, Упамекано, Салиба, Дин, Кунде (Гюсто, 87), Коне (Заир-Эмери, 71), Рабио, Олисе, Дуэ (Барколя, 77), Дембеле, Мбаппе (Матета, 77)
Марокаш: Буну, Мазравий, Диоп, Салоҳиддин (Оуади, 74), Ҳакими, Буадди (Амрабат, 62), Ал-Айнавий, Унаи, Талби (Сбаи, 85), Диас (Ясин, 74), Ал-Ҳаннус (Раҳими, 62)
Огоҳлантириш: Диоп, 63

Килиан Мбаппе жаҳон чемпионатида Франция миллий жамоасини ўз ортидан эргаштиришда давом этмоқда. Чоракфиналда Марокашга қарши ўйинда 27 ёшли ҳужумчи биринчи бўлимда пеналтидан фойдалана олмаганди, лекин иккинчи бўлимда ажойиб гол уриб ҳисобни, кейин эса Дембеленинг голига ассистентлик қилди.

Французлар иккинчи бўлимнинг биринчи ярмида 11 метрлик жарима зарбаси ишлади – Нуссайр Мазравий жарима майдони ичида Килианни йиқитди ва бош ҳакам Факундо Телио дарҳол «нуқта»ни кўрсатди. Жабрланувчининг ўзи зарба бериш учун йўл олди.

Аммо у дарҳол зарба бера олмади – вазиятга VAR аралашиб, эпизодни синчиклаб кўриб чиқиш бошланди. Мбаппе 3 дақиқадан ортиқ вақт давомида кутиб туришга мажбур бўлди, ҳакамнинг қарори тўғрилиги тасдиқланганидан кейин эса у жуда ишончсиз зарба йўллади – пастдан ва кучсиз келган тўпни дарвозабон Ёсин Буну осонлик билан қайтарди.

Афтидан, пеналтини кўриб чиқиш жараёни ҳаддан ташқари чўзилиши ҳужумчига таъсир кўрсатган ва у аниқ зарба бера олмагач, ҳакамнинг олдига келиб, эътироз билдирди.

Мбаппе учун бу ҳолат ёқимсиз зарба бўлди. У Франция миллий жамоасининг жаҳон чемпионатларида пеналтидан гол ура олмаган иккинчи футболчига айланди, биринчиси 2014 йилги мундиалда муваффақиятсизликка учраган Карим Бензема бўлганди.

Буну эса ўз сейви билан пеналтилар бўйича ҳақиқий мутахассис сифатида тарихга кирди. Opta хабарига кўра, 35 ёшли марокашлик ЖЧда ўйиндан кейинги серия ҳам ҳисобланганда, жами тўрт бор пеналти қайтарган. Бундай натижа билан шу вақтгача фақат Икер Касиляс, Доминик Ливакович, Даниел Субашич, Серхио Гойкочеа ва Ҳаралд Шумахер каби дарвозабонлар мақтана оларди. Бунуда бу борадаги умумий статистика ҳам юқори – у 9 та пеналтидан атиги иккитасини ўтказган (4 тасини қайтарган, яна 3 зарба хато кетган).

Аммо пеналтилар бўйича кучли статистикаси Бунуга ёрдам бера олмади. 60-дақиқада Мбаппе барибир ўз мақсадига эришди ва жарима майдони ташқарисидан йўллаган чиройли зарбаси билан ҳисобни очди. Бу Килианнинг жорий мундиалдаги саккизинчи голига айланди ва у тўпурарлар пойгасида Лионел Мессига етиб олди. Бундан ташқари, у жаҳон чемпионатларида урилган жами голлар сони бўйича (20) аргентиналик ҳужумчига (21) максимал даражада яқинлашиб олди.

Бироз ўтиб у Усмон Дембеленинг голига ҳам ассистентлик қилди ва ўйин тақдири амалда ҳал бўлди. Марокаш бутун ўйин давомида олдинги чизиқда жиддий вазиятга эга бўлмади. Французлар зарбалар сони бўйича ҳам (22:5, дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар – 8:1), xG кўрсаткичи (3,05 га қарши 0,14) бўйича ҳам яққол устунлик қилишди. 

Килиан энди иккита жаҳон чемпионатида «гол+пас» бўйича 10+ кўрсаткич қайд этган илк футболчига айланди. Ўтган турнирда у 8+2 натижасига эришганди, бунисида аллақачон 8+3.

Аммо у шу куни ўйинни охиригача давом эттира олмади. 77-дақиқада у оғриқ ҳис қилиб, газонга ётиб олди ва ўз ўрнини Матетага бўшатиб берди.

Унга айнан нима бўлгани аниқ эмас. Ўйин давомида икки эпизодда унга нисбатан қўполлик ишлатилганди. Биринчиси, пеналти ишланган вазият. Лекин шундан кейин у ярим соатдан ортиқ вақт мобайнида ўйнашда давом этгани ҳисобга олинса, муаммога бу сабаб бўлмагани аниқ.

Иккинчи эпизод эса 63-дақиқада рўй берди: Исса Диоп қанотда Мбаппенинг оёғига тепди ва ўйиндаги ягона сариқ карточкани қабул қилиб олди. Ҳужумчи ўшанда оёғини ушлаб, газонда ётган, аммо ўрнидан туриб, ўйинни давом эттирганди. 14 дақиқа ўтиб барибир ўзини алмаштиришни сўради.

Захира ўриндиғида эса ўнг оёғи тўпиқ қисмига муз боғланган ҳолда ўтирди.

Ўйиндан кейинги интервюсида Килиан мухлисларни тинчлантирди: «Барчаси жойида! – дея қайд этди у. – Тўпиғимга зарба қабул қилиб олдим, аммо барчаси нормал. Матета сўнгги 15 дақиқалик учун мендан яхшироқ ҳолатда эди».

Агар жамоа сардорининг гапи тўғри бўлса, бу кичик жароҳат унга яримфиналда ўйнашга тўсқинлик қилмайди. Яримфинал ўйини 14 июл куни бўлиб ўтади, ундаги рақиб эса Испания ва Белгия жуфтлигида аниқланади.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид