Ўзбекистон | 20:16 / 26.08.2022
61547
17 дақиқада ўқилади

Ҳомиладорликка тўланадиган нафақа, бекор бўладиган техник кўрик, 50 фоиз устама оладиган мактаб ўқитувчилари ва бошқа янгиликлар - 1 сентябрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

Kun.uz фуқароларга 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.

Енгил автомобилда йўловчи ташувчилар ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилади

Президент қарорига биноан енгил автотранспорт воситаларида йўловчи ташиш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади.

Автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномаларни ЯИДХП орқали электрон шаклда расмийлаштириш тизими жорий этилади.

Шунингдек, фуқаролар ва йўловчи ташиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар ўртасида тузиладиган транспорт воситаси ижараси шартномаларини нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинади ҳамда уларни давлат солиқ хизмати органлари ахборот тизимлари орқали электрон тарзда ҳисобга олиш тизими жорий этилади.

Хусусий секторда ишлайдиган аёлларга ҳам ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади

Президент фармони билан бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади. Бунда мазкур юридик шахсларнинг ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш мажбуриятлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланган ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳажмида камайтирилади.

“10 ёшга тўлмаган” автомобилларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш талаб этилмайди

Президент қарорига биноан:

а) ишлаб чиқарилганига ўн йилгача бўлган жисмоний шахсларга тегишли енгил автомототранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ихтиёрий равишда амалга оширилади;

б) енгил автомототранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишнинг қуйидаги муддатлари белгиланади:

  • ишлаб чиқарилганига 11 йилдан 14 йилгача бўлган енгил автомототранспорт воситалари — 2 йилда 1 марта;
  • ишлаб чиқарилганига 15 йил ва ундан ортиқ бўлган енгил автомототранспорт воситалари — 1 йилда 1 марта.

Бунда мазкур муддатлар тижорат асосида йўловчилар ташиш фаолиятида фойдаланиладиган енгил автомототранспорт воситалари учун татбиқ этилмайди.

Шунингдек, транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилиши керак:

а) тижорат асосида йўловчилар ташиш фаолияти билан шуғулланувчи енгил автомобиллар, автобуслар, троллейбуслар, трамвайлар ва ўриндиқлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари — бир йилда икки марта;

б) ишлаб чиқарилганига олти йилдан кўп бўлмаган юридик шахсларга тегишли транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари), шунингдек, ишлаб чиқарилганига ўн бир йилдан ўн тўрт йилгача (ўн тўртинчи йили ҳам) бўлган жисмоний шахсларга тегишли М1 тоифадаги транспорт воситалари — икки йилда бир марта;

в) ишлаб чиқарилганига олти йилдан ортиқ бўлган юридик шахсларга тегишли транспорт воситалари, ишлаб чиқарилган вақти аниқ бўлмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари), шунингдек, ишлаб чиқарилганига ўн беш йил ва ундан ортиқ бўлган жисмоний шахсларга тегишли М1 тоифадаги транспорт воситалари — бир йилда бир марта.

Автомобилнинг эгаси ёки давлат рақами ўзгарганда “тонировка” рухсатномаси амал қилишда давом этади

Президент қарорига асосан ойналар тусини ўзгартиришга рухсат берилган автотранспорт воситасига бўлган эгалик ҳуқуқи ўзгарганда, давлат рақами белгиси алмаштирилганда ёки автотранспорт воситаси эгасининг маълумотларида ўзгариш бўлганда (жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарганда, юридик шахс қайта ташкил этилганда, унинг жойлашган жойи (почта манзили) ёки номланиши ўзгартирилганда) автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга берилган рухсатноманинг амал қилиш муддати автоматик тарзда сақлаб қолинади.

Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларга ижтимоий-моддий ёрдам пакети берилади

Президент қарорига биноан:

  • озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларга «дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети» маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан биринчи навбатда туман (шаҳар) бюджетлари маблағлари ҳисобидан, етишмаган қисми бўйича эса — Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ўн баравари миқдорида берилади;
  • идоралараро комиссиялар озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналишлардаги аниқ лойиҳаларини ўрганиб чиқиш ва молиялаштириш бўйича асослантирилган хулосаларни тайёрлашга масъул ҳисобланади.

«Дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети»ни бериш тартиб-таомиллари Молия вазирлигининг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали очиқ ва шаффоф тарзда амалга оширилади.

Ўзбекистонликларга ички туризм харажатларининг бир қисми қайтарилади

Президент фармонига асосан маҳаллий туристлар учун «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатларни амалга ошириш харажатларининг бир қисмини қайтариш («Cashback») тартиби жорий этилади.

Саёҳат харажатларини қайтариш ички саёҳатларни режалаштириш ва маблағларни қайтариш ҳамда «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида тақдим қилинадиган чегирмалар, тайёр туристик пакетларни мустақил шакллантиришни назарда тутувчи электрон платформа, шу жумладан унинг мобиль иловаси орқали амалга оширилади.

Шифокорларнинг якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишига рухсат берилади

Президент қарорига асосан шифокорларнинг якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишига рухсат берилади.

Бунда:

  • якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш учун алоҳида тиббиёт муассасаси очиш талаб этилмайди ва ушбу тоифадаги шифокорларга ўз уйида ёки ижарага олинган бинода тиббий хизматлар кўрсатишга рухсат берилади;
  • якка тартибдаги оилавий шифокорларга ўзига бириктирилган аҳолига бепул кўрсатилаётган хизматлар учун тўлов Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали берилади;
  • якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритиш тажрибаси дастлаб 2022 йил якунига қадар Сирдарё вилоятида, кейинчалик эса босқичма-босқич бошқа ҳудудларда жорий этилади.

ХТВ тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида халқаро тан олинган сертификатга эга кадрларга 50 фоиз миқдорида устама тўланади

Президент қарорига асосан Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида:

  • умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама қуйидаги тартибда тўланади:
  • халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида;
  • халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида.

Шунингдек, ХТВ тизимидаги умумий ўрта таълим муассасалари кутубхоналари ва «Болалар кутубхоналари» ходимларининг лавозим маоши миқдори 1,2 бараварга оширилади.

Қорақалпоғистон ҳудудида 16 та оилавий шифокор пунктлари ташкил этилади

Президент қарори билан кўп тармоқли марказий поликлиника ва оилавий поликлиника филиаллари негизида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 16 та оилавий шифокор пунктлари ташкил этилиб,уларнинг фаолияти йўлга қўйилади. Шунингдек, болалар орасида кўп учраётган касалликларни эрта аниқлаш мақсадида 2 — 10 ёшли болалар орасида гельминтоз, 12 — 15 ёшли қизлар орасида камқонлик касаллиги бўйича скрининг дастурлари жорий этилади.

Етим болаларни оилавий болалар уйларига тарбияга олиш туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида амалга оширилади

Президент қарори билан оилавий болалар уйлари етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага тарбияга олишни истаган фуқаролар томонидан юридик шахс мақомисиз тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида ташкил этилади.

Қарорга кўра, оилавий болалар уйидаги тарбияланувчилар сони камида 3 нафарни, лекин кўпи билан 5 нафарни ташкил қилиши лозим. Бунда, оилавий болалар уйини ташкил қилган фуқароларнинг ўз фарзандлари ҳамда тарбияланувчиларнинг умумий сони 8 нафардан ошмаслиги керак.

Оилавий болалар уйлари тутинган ота-оналарни тайёрлаш курсларини муваффақиятли тугатган фуқаролар томонидан ташкил қилишга рухсат этилади.

Шунингдек, қарорда оилавий болалар уйини ташкил этган фуқароларга ҳар бир тарбияланувчининг яшаш харажатлари учун Давлат бюджетидан тегишли миқдорда ҳар ойлик маблағ ажратиш назарда тутилган.

Етим болаларнинг уй-жойга муҳтожлиги «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқланади

Президент қарорига биноан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жойга муҳтожлигини «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш йўлга қўйилади.

Маълумот учун, 2021 йил 15 августдан бошлаб етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилиши тартиби ўрнатилган.

Чет тили фани ўқитувчиларининг аттестацияси жараёнида ўқув фани бўйича малака синовларида тўртта компетенция баҳоланади

Ҳукумат қарорига кўра, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал, шунингдек, мактабдан ташқари таълим ташкилотлари чет тили фани ўқитувчиларининг аттестацияси жараёнида ўқув фани бўйича малака синовлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини баҳолашни назарда тутувчи касбий синов шаклида амалга оширилади.

Меҳнат ресурслари зич бўлган қишлоқ жойларининг реестри жорий этилади

Президент фармонига асосан меҳнат ресурслари зич бўлган қишлоқ жойларининг реестри жорий этилади.

2022 йил 1 сентябрдан 2025 йил 1 январга қадар Реестрга киритилган ҳудудлардаги умумий ходимлари сони камида 10 нафар бўлган ва уларда ишловчи хотин-қизларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган кичик тадбиркорлик субъектларига:

  • Реестрга киритилган ҳудудда жойлашган объектлар бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи 50 фоиз имтиёз қўллаган ҳолда ҳисобланади;
  • уларда ишловчи хотин-қизлар меҳнатига ҳақ тўлаш фондига ижтимоий солиқ 1 фоизлик ставкада ҳисобланади;
  • бюджет ташкилотларига йиллик умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 750 бараваригача бўлган маҳсулотларини тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқи берилади;
  • улар томонидан кўчмас мулк ижарага олинганда имтиёзлар берилади.

Рақобатга қарши бир қатор ҳаракатлар хўжалик юритувчи субъектларга молиявий жарималар қўлланилади

Президент фармонига кўра, рақобатга қарши ҳаракатларни содир этган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қуйидагилар учун молиявий жарималар қўлланилади:

  • товар ва молия бозорида рақобатни чеклашга олиб келувчи келишувлар (келишиб олинган ҳаракатлар) ва иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш;
  • товар ва молия бозоридаги устун (монопол) мавқени ҳамда юқори музокара устунлигини суиистеъмол қилганлик, ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга маҳсулотлар нархларини асоссиз оширганлик ва инсофсиз рақобат;
  • хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юборишда, қўшиб олишда ва устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) сотиб олиш бўйича битимлар тузишда рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик;
  • оммавий савдоларда рақобатга зид ҳаракатлар амалга оширганлик ва монополияга қарши талабларни бузганлик.

Бир қатор нодавлат ташкилотларга «Электрон ҳукумат» тизими орқали маълумотлар олиш имконияти яратилади

Президент фармонига асосан қуйидаги нодавлат ташкилотларга «Электрон ҳукумат» тизими орқали олиниши мумкин бўлган маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилади:

  • тижорат банклари;
  • телекоммуникация ташкилотлари;
  • хусусий тиббиёт муассасалари;
  • нодавлат таълим ташкилотлари;
  • суғурта ташкилотлари.

Тиббиёт тизими раҳбарларининг ҳудудий кенгаш ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинида ҳисобот бериш тартиби жорий қилинади

Президент қарорига асосан тиббиёт тизими раҳбарларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳисобот бериш тартиби жорий қилинади.

Бунда:

  • туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси, оилавий поликлиникалар ҳамда оилавий шифокор пунктлари мудирлари маҳалла фуқаролар йиғинларида;
  • туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида;
  • вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари халқ депутатлари вилоят Кенгашларида ҳисобот беради.

Болаларга йўл ҳаракати интизоми ўргатилади

Ҳукумат қарорига кўра, «Йўл ҳаракати интизоми болаликдан бошланади» шиори остида мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчиларига йўлларда, чорраҳаларда ва пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланиш асосларини амалий-кўргазмали тарзда ўргатиш йўлга қўйилади.

Барча туман (шаҳар)лар кесимида намунали мактаблар рейтинги шакллантиради ва эълон қилиб борилади

Президент қарорига кўра, республиканинг барча туман (шаҳар)лари кесимида намунали мактаблар рейтинги шакллантирилади ва эълон қилиб борилади.

Даволаш-профилактика муассасаларининг ходимларига илмий даражаси учун ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади

Президент фармонига асосан даволаш-профилактика муассасаларининг ходимларига уларнинг тиббиёт соҳасидаги илмни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини инобатга олган ҳолда, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фан доктори (Doctor of Science) илмий даражаси учун лавозим маошининг 60 фоизигача ва фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси учун лавозим маошининг 30 фоизигача миқдорда ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади.

Дорихона сотув зали пештахталарининг камида 10 фоизига доривор ўсимликлардан тайёрланган биологик фаол қўшимчалар ва дори воситаларини жойлаштириш талаби қўйилади

Президент фармонига кўра, дорихона сотув зали пештахталарининг камида 10 фоизига доривор ўсимликлар хомашёсидан тайёрланган биологик фаол қўшимчалар ва дори воситаларини жойлаштириш дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишнинг лицензия талаблари ва шартларига киритилади.

Сейсмик фаол зоналарда янги қурилиши режалаштирилаётган объектларга зилзилабардошлик бўйича хулосалар бериш тартиби жорий этилади

Фармонга биноан республиканинг сейсмик фаол зоналарида янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили IV тоифага мансуб бўлган объектларга зилзилабардошлик бўйича хулосалар бериш тартиби жорий этилади.

Бунда, Қурилиш вазирлиги экспертизадан ўтказилган хавфлилик омили IV тоифага мансуб объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини илмий хулосалар олишга йўналтиришга, Фанлар академияси объектларга зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар беришга масъул этиб белгиланади.

Спортни ривожлантириш вазирлиги тасарруфидаги спорт мактаблари тренерларининг базавий тариф ставкалари 1,35 бараварга оширилади

Президент қарори билан Спортни ривожлантириш вазирлиги тасарруфидаги спорт мактаблари тренерларининг базавий тариф ставкалари 2022 йил 1 сентябрдан ўртача 1,35 бараварга оширилади.

Журналистларнинг хорижий тилларни ўрганиши рағбатлантирилади

Президент қарори билан 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:

  • а) олий таълим муассасаларида журналистика йўналиши бўйича таълим берадиган профессор-ўқитувчиларнинг муаллифлик кўрсатув ва эшиттиришлари ҳамда йирик таҳлилий мақолалари уларни моддий рағбатлантириш нуқтаи назаридан илмий мақолага тенглаштирилади;
  • б) оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, нашриётлар, матбаа корхоналари ва ахборот хизматларида камида беш йил ишлаган ҳамда ушбу йўналишлар бўйича олий таълим муассасаларида дарс бераётган, Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларига эга бўлган шахслар меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларига кўра профессор ва доцент илмий унвонига эга бўлган шахсларга тенглаштирилади;
  • в) олий таълим муассасалари ректорларига журналистика соҳаси бўйича кадрлар тайёрлаш жараёнига оммавий ахборот воситаларининг таниқли ва тажрибали ходимларини, соҳанинг етук мутахассисларини жалб қилиш ва улар меҳнатини олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш ҳуқуқи берилади;
  • г) журналистика соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари кафедраларининг ихтисослаштирилган бўлимлари ташкил этилади;
  • д) оммавий ахборот воситаларида камида бир йил давомида асосий иш жойи сифатида ишлаб келаётган журналистлар ва таҳририят ходимларининг:
  • хорижий тилларга ўқитиш бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан ошмаган қисми компенсация қилинади;
  • хорижий тиллар бўйича В2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиш учун имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ компенсация қилинади.

Автомактаблар рейтинги юритилади

Ҳукумат қарорига асосан автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи таълим ташкилотларининг рейтинги аниқланади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид