Ўзбекистон | 19:00 / 26.08.2022
12354
8 дақиқада ўқилади

Тўрт давлат чегарасидаги «ANGOR INDEX»: истиқболли сармоя маскани

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда йирик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жанубий вилоят Сурхондарёда ҳам минглаб инсонларни ишли қиладиган мажмуа қад ростламоқда.

Алмати –Тошкент –Термиз халқаро М-39 йўли устида жойлашган, ҳали қурилиш жараёни кетаётган «ANGOR INDEX» аллақачон одамларнинг тилига тушишга улгурди. 174 миллиард сўм ички инвестиция маблағлари тикилган ушбу мажмуанинг қурилиши қандай бошлангани, пайдо бўлган қийинчликлар ва ютуқлар, умуман бу мажмуани барпо этишдан кўзланган мақсад нима эканлигига қизиқдик.

«ANGOR INDEX» МЧЖ тижорат директори Камолиддин Ҳайдаровнинг ҳикоя қилиб беришича, мажмуа президент Ш.Мирзиёевнинг 2021 йилда Сурхондарё вилоятига қилган ташрифи давомида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш доирасида қурилмоқда.

«ANGOR INDEX» мажмуаси Ангор тумани марказига кириш қисмида, Термиз-Тошкент-Алмати М-39 халқаро йўлининг шундоққина бўйида барпо этилмоқда. «ANGOR INDEX» нафақат Сурхондарё вилоятида, шу минтақада муҳим транспорт-логистика маркази бўлиши назарда тутилган. Чунки «АНГОР ИНДЕКС» мажмуаси жойлашган жойдан Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистонгача бўлган масофа 100 км.ни ҳам ташкил этмайди.

Бу ерда 700 дан зиёд турли ҳажмдаги савдо дўконлари, омборлар, хизмат кўрсатиш ва овқатланиш нуқталари, ишлаб чиқариш майдонлари бўлиши кўзда тутилган. 

«Мажмуада карго ва логистика хизматлари йўлга қўйилади. Юклар тўғридан-тўғри шу ерга келтирилади. тадбиркорларимиз Тошкент шаҳрига бўлган 700 км йўлни босиб ўтиш учун вақт ва пулларини тежашади. Қолаверса, биринчи қўл сифатида шу ерда маҳсулот ва товарларини сотишади ҳамда эксепортга йўналтиришади», — деди «ANGOR INDEX» МЧЖ тижорат директори Камолиддин Ҳайдаров.

Камолиддин Ҳайдаров

«ANGOR INDEX» мажмуаси қурилиши асносида турли телеграм каналлар ва ижтимоий тармоқларда ер майдонлари талон-торож қилингани билан боғлиқ салбий хабарлар тарқатилди. Бунга асос қилиб, Бош прокуратура хабари олинган.

Камолиддин Ҳайдаровнинг қайд этишича, бундай бўҳтон хабарлар тарқатиш журналистик этикага тўғри келмайди. Чунки бу ерда ҳеч ким ер сотиш билан шуғулланмаган. Тарқатилган фотосуратда қизил чизиқ билан айлантириб белгиланган ер майдонининг барчаси «ANGOR INDEX»га тегишли эмас, яъни магистрал йўлларнинг муҳофаза зонаси учун қолдирилган ерлар уларнинг балансига кирмайди.

МЧЖ ҳар қандай оммавий ахборот воситаси мухбирлари, блогерлар учун очиқлиги, улар бемалол келиб ўзини қизиқтирган саволларга жавоб ва маълумотларни олиши мумкинлиги алоҳида таъкидлаб ўтди.

«Қолаверса, жиноят иши очилгани — бир инсон ёки ташкилотнинг айбдор эканини билдирмайди. Инсоннинг айбдорлик масаласини фақат суд ҳал қилади. Буни журналистлар ва матбуот хизмати ходимлари билишлари керак-ку? Тарқатилган хабарларда айбсизлик презумпциясига риоя қилинмаган», — деди К.Хайдаров.

Прокуратура тарқатган хабарга кўра, мажмуа қурилиши учун 4 гектар ер майдони ажратилган эса-да, умумий қурилиш майдони 7,1 гектар ҳудудда олиб борилмоқда.

Аслида, «ANGOR INDEX» МЧЖ ҳужжатда белгиланганидек, 4 гектар ҳудуда қурилмоқда. Тижорат директорининг айтишича, қўшимча 3,1 гектар жой Қурилиш вазирлиши талабларига кўра, М-39 халқаро трассасидан 57,5 метр, ички йўлдан 25 метр муҳофаза зонаси учун ташланган.

Яъни, халқаро трасса ва ички йўлдан қонун талабларига мувофиқ муҳофаза зонаси учун қўшимча 3,1 гектар ер ташланган. Бу майдонда ҳеч қандай қурилиш ишлари олиб борилмайди, очиқ ер шунчаки ободонлаштирилади: транспорт воситалари учун автотураргоҳлар ҳамда яшил зона барпо этилади.

Ушбу мажмуа Ўзбекистон Республикаси президентининг 2021 йил 23 августдаги «Сурхондарё вилоятида қулай инвестиция муҳитини яратиш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни рағбатлантириш юзасидан қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги 5228-сонли қарорида белгилаб берилган мақсадлар ва ўша қарор иловасида белгиланган контурдаги майдонда барпо этилмоқда. 224-контурдаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 4 гектар ер майдони саноат ерлари тоифасига ўтказилиши белгиланган.

Сўнгра Юқори Таллимарон ҳудудидаги 224-контурдаги ер майдонидан 4 гектар ер «АГНОР ИНДЕКС» МЧЖга ажратиб берилиши ҳақида Вазирлар Маҳкамасини Фармойиши мавжуд.

Яъни, ушбу корхонага ер ажратилиши бўйича ҳужжатларга кўра ҳеч қандай қонунбузарлик ҳолатлари йўқ. Очилган жиноят иши ҳам тергов суриштирувлар якунланиб, ёпилган.

Айни пайтда, «АНГОР ИНДЕКС» МЧЖ мутасаддиси мажмуа атрофида жойлашган, халқаро ва ички йўлнинг муҳофаза зонаси учун қолдирилган 3,1 гектар майдонни ҳам аукцион орқали ижарага олиб, ободонлаштиришда давом этишларини қайд этиб ўтди.

Қолаверса, йўлларнинг муҳофаза зонасида турган 224-контурдаги 3,1 гектар ерни қишлоқ хўжалиги ерлари таркибидан чиқариб, саноат зонасига қўшишни сўраб Ангор туман ҳокими номидан вилоят ҳокимига хат йўллаган.

Алоҳида қайд этиб ўтиш жоизки, мажмуа сифатли қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда, замонавий лойиҳа асосида барпо этилмоқда. Хавфсизлик қоидаларига тўлиқ риоя қилинган. Экологик тоза, қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш ҳам назарда тутилган.

Мажмуага муқобил энергетика ўрнатиш масаласида ташриф буюрган кореялик мутахассислар

Мажмуада барпо этилаётган дўконлар турли ҳажмда бўлиб, дўконлар, омборлар, офислар, ишлаб чиқариш майдонларининг барчаси сотилади, харидорларларга қонуний ҳужжатлаштириб берилади. Улар ўзлари ишлатиши ёки харид қилган дўконларини ижарага беришлари мумкин. Айни пайтда дўконларнинг қарийб ярми сотилиб бўлинган. Янги харидорларга Мустақиллик байрами арафасида чегирмалар таклиф этилмоқда.

Биз ушбу мажмуадан дўкон харид қилган харидорлардан бирини ҳам сўзга тутдик. 15 йилдан бери Ангор туманида савдо фаолияти билан шуғулланиб келаётган Дилором Эшонқулова харидидан мамнун эканлигини яширмади.

Дилором Эшонқулова

«Биз бу мажмуанинг келажагиги, истиқболига ишонамиз. Шунинг учун ўзим ва фарзандларим учун учта дўкон харид қилдим. Нархлари ҳам яхши, бемалол харид қилса бўлади. Бошқа тадбиркорларга ҳам тавсия этаман», — деди Дилором Эшонқулова. 

Мажмуа раҳбарияти тадбиркорларга кўмак сифатида бу ерда карго-логистика хизматини тақдим этибгина қолмасдан, савдогарлар ва ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини импорт ва экспорт қилишда ўзларининг беминнат хизматларини тақдим этишни ҳам ваъда қилишмоқда.

Асосан пахта ва ғалла экиладиган туман марказига яқин ва катта йўл ёқасидаги паст балл бонитетига эга бундай ерларда савдо ва ишлаб чиқариш мажмуасининг ташкил этилиши четдан қараганда қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларини барбод қилишдек кўринса-да, 4 гектар майдонда 2 мингдан зиёд иш ўрни яратилиши, тадбиркорлар тўлайдиган солиқлар шу 4 гектар майдонда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти сотувидан келадиган даромаддан бир неча юз карра юқори бўлишини ҳам унутмаслик керак.

Мухтасар қилиб айтганда, ушбу мажмуадан дўкон ва ишлаб чиқариш майдонлари харид қилган тадбиркорлар келажаги учун яхши сармоя тиккан бўлади. Чунки кўп ўтмасдан ушбу маскан муҳим савдо-логистика марказига айланишига ҳеч қандай шубҳа йўқ. 

Мурожаат учун телефонлар:
(94) 028-55-55
(94) 029-55-55

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz журналисти.

Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.