Ўзбекистон | 15:19 / 27.08.2022
33529
2 дақиқада ўқилади

ДХХ ходимлари уч нафар адвокатни қўлга олди

Тошкентда адвокат 23 минг доллар пора олаётганида ушланди

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати адвокатларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйди.

Тошкент шаҳридаги адвокатлик фирмаси адвокати, 1985 йилда туғилган шахс ўзининг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали тадбиркорга МЧЖда ўтказилган камерал солиқ текшируви натижасида аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан молиявий жарима қўлламаслик эвазига 23 минг АҚШ доллари талаб қилиб, мазкур пул маблағини олган вақтда ушланди.

Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Мирзо Улуғбек туманидаги адвокатлик фирмаларидан бирининг адвокати фуқародан 12 минг АҚШ доллари олган вақтда ушланди. 

Маълум бўлишича, адвокат гўёки мансабдор танишлари имконияти орқали фуқаронинг турмуш ўртоғига нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосини бошқа енгил турдаги жазога ўзгартириб бериш эвазига 9 минг АҚШ доллари ҳамда фуқарога муқаддам юридик хизматларни кўрсатгани учун адвокатлик тўловларини амалга оширган бўлишига қарамасдан, судга харажат қилганини рўкач қилиб, тамагирлик йўли билан қўшимча 3 минг АҚШ доллари талаб қилган. 

Самарқанд шаҳридаги адвокатлик фирмаси адвокати суд идораларидаги мансабдор танишлари орқали фуқаронинг Тошкент вилоятидаги жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаётган турмуш ўртоғига нисбатан бошқа енгилроқ жазога алмаштириш масаласини ҳал қилиб бериш эвазига ундан 10 минг АҚШ доллари беришни талаб қилган. 

ДХХ томонидан ИЖҚК департаменти ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда адвокат сўралган пул маблағини олган вақтида қўлга олинди. 

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид