АҚШ ҳарбий кемалари Тайван бўғозига кирди
АҚШнинг Япониядаги 7-флоти хабарида айтилишича, Пекиннинг эътирозларига қарамай, Американинг иккита ҳарбий кемаси Тайван бўғозидаги халқаро сувлар бўйлаб ҳаракатланмоқда. Бу август ойи бошида АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг оролга ташрифи вақтида Тайван ва Хитой ўртасида кузатилган кескинликдан буён ўтказилаётган бу каби илк амалиётдир.
Ўшанда Хитой бу ташрифга кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказиш билан реакция қилганди. Пелосининг ташрифидан тахминан бир ҳафта ўтиб оролга беш нафар америкалик қонунчилардан иборат гуруҳ ҳам келди, хитойлик ҳарбийлар эса бунга жавобан Тайван атрофида қўшимча машғулотлар бошлашди.
Сўнгги йилларда АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари кемалари, шунингдек, Британия ва Канада каби Ғарбнинг бошқа мамлакатлари кемалари тез-тез бўғоз орқали ҳаракатланиб, Пекиннинг ғазабини келтириб туради.
Вашингтоннинг маълум қилишича, иккита ракетали крейсер халқаро сувларда сузиш эркинлигига содиқлигини намойиш этмоқда. «Бу кемалар ҳар қандай давлат ҳудудий сувларидан ташқаридаги йўлак орқали ўтмоқда. Тайван бўғози орқали кемалар қатнови АҚШнинг Ҳинд-Тинч океанлари минтақасидаги очиқлик ва эркинлик принципига содиқлигини кўрсатади. Америкалик ҳарбийлар халқаро ҳуқуқ рухсат берган барча жойларда учишади, сузишади ва ҳаракатланишади», дея АҚШнинг базаси Японияда жойлашган 7-флоти баёнотини келтиради CNN.
Нисбатан анча тор бўлган Тайван бўғози (180 километр) 1949 йилда коммунистлардан мағлуб бўлган Хитойнинг аввалги ҳукумати Тайванга қочиб ўтганидан буён тез-тез ҳарбий кескинликлар манбайи бўлиб келади. Хитой Коммунистик партияси ҳеч қачон оролни назорат қилмаган.
АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари халқаро қонунга таянади (унга кўра, мамлакат соҳилларидан 12 денгиз мили - 22,2 километр масофадан ҳудудий сувлар чегараси ўтиши белгиланган) ва мунтазам равишда бўғозга кемаларини жўнатиб, буни сузиш эркинлиги амалиётлари деб атайди. Пекин бундай ҳаракатлар провокация эканини айтади ва Тайван ороли Хитойнинг ажралмас қисми эканини таъкидлайди.
Хитой август ойи бошида Пелосининг ташрифи ортидан Тайван атрофида йирик ҳарбий машғулотлар бошлаганди. Кейин эса янги машғулотлар ҳақида эълон қилинди. Пелосининг сафари Пекин расмийларини қаттиқ ғазаблантирди, буни АҚШнинг Хитой ички ишларига аралашишга уриниш сифатида баҳолашди.
Американинг расмий шахслари шанба куни Reuters’га анонимлик шарти билан «Чанселорсвилл» ва «Антиетам» крейсерлари амалиёт бошлагани ва бу давом этаётганини айтишди. Қайд этилишича, бундай амалиёт саккиз соатдан 12 соатгача давом этади ва хитойлик ҳарбийларнинг доимий кузатувида бўлиб туради.
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти ташрифлар туфайли Вашингтон ва Пекин ўртасида юзага келган кескинликни юмшатишга ҳаракат қилади. Оқ уй конгрессменларга таъсир кўрсата олмаслигини, аммо уларнинг ҳаракатларини провокация санамаслигини билдиради.
Пелоси Тайвандаги демократияни қўллаб-қувватламоқчилигини айтди. «[Делегация] бу ерга биз Тайванни қўллаб-қувватлаш бўйича мажбуриятимиздан воз кечмаслигимизни ва мустаҳкам дўстлигимиздан фахрланишимизни очиқ кўрсатиш учун келди. Ҳозир Американинг Тайван билан бирдамлиги ҳар қачонгидан ҳам муҳим», деди Пелоси Тайван маъмурияти раҳбари Сай Инвэн билан учрашувда.
АҚШ Тайван билан дипломатик муносабатлар ўрнатмаган, аммо қонун бўйича орол давлатга ўзини мудофаа қилиш учун зарур қуроллар етказиб бериши керак. Хитой Тайван устидан назорат ўрнатиш учун куч ишлатиш эҳтимолини истисно этмайди.
Мавзуга оид
18:44 / 12.11.2024
Хитойда автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди
22:21 / 11.11.2024
Reuters: Toyota Хитойдаги бизнес стратегиясини ўзгартиради
22:18 / 11.11.2024
Хитой 15 та сунъий йўлдошга эга тижорий ракетани учирди
16:03 / 11.11.2024