Ўзбекистон | 19:30 / 29.08.2022
7214
5 дақиқада ўқилади

Оммавий югуриш бўйича “Save Aral – 2022” мусобоқасининг кузги босқичи ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раисининг биринчи кубоги старт олди

Жорий йилнинг 27 август куни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллик байрами муносабати билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раисининг биринчи кубоги ҳамда “Save Aral – 2022” оммавий югуриш мусобақалари кузги босқичи бошланди. 

Фото: Енгил атлетика федерацияси

Ушбу оммавий югуриш мусобақаси “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Uzbekistan GTL” заводи ҳамда Енгил атлетика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Тадбир доирасида 8 та оммавий югуриш мусобақасини ўтказиш режалаштирилган. Унда спортни ривожлантиришга ва атроф-муҳит муҳофазасига ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлганлар қатнашишлари мумкин.

Бошқарув қарорига кўра, илк маротаба югуриш мусобақаси Ўзбекистон шаҳарларининг марказий кўчалари бўйлаб одатдаги маршрут бўйича эмас, Марказий Осиёдаги синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича ягона бўлган корхона – “Uzbekistan GTL” заводи ёнидан старт олди.

Фото: Енгил атлетика федерацияси

Ижтимоий-экологик ҳамкорлик соҳасидаги масалаларни амалга ошириш мақсадида спорт ва юқори технологиялар коллаборацияси Енгил атлетика федерациясининг янги раҳбарияти томонидан таклиф этилди. Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев Федерацияга раҳбарлик қилмоқда.

“Save Aral – 2022” хайрия оммавий югуриш мусобақаси ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси кубогининг “GTL” заводи атрофида ўтказилиши нефть ва газ саноати жамоасини оммавий спорт билан фаол шуғулланишга жалб қилиш учун ажойиб ташаббус бўлди, десак муболаға бўлмайди. 

– Ишчи-ходимлар саломатлигига ғамхўрлик қилиш ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш асосий вазифаларимиздан ҳисобланади. “GTL” заводида халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган энг замонавий қурилмаларни жорий этиш билан бир пайтда жамоа ичида экологик масъулиятни шакллантириш ҳам долзарбдир, – деди ҳайрия тадбирининг очилиш маросимида Меҳриддин Абдуллаев.

Нефть ва газ корхоналари фаолиятида атроф-муҳитни ҳимоя қилиш масалалари доимий эътиборда. Шу боис акциядорлик жамияти “GTL” мажмуаси ёнидаги Ғузор туманини ободонлаштиришга қаратилган экологик акцияларга катта истак билан қўшилдилар. Экологик акциялар доирасида Федерация ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан саксовул экиш ҳамда ҳудудни маиший чиқиндилардан тозалаш ишлари амалга оширилди.

Фото: Енгил атлетика федерацияси

“Save Aral – 2022” спорт оммавий югуриш мусобақаларини ўтказишдан мақсад жамоатчилик эътиборини Орол денгизи фожиаси ва Оролбўйи минтақасини қайта тиклаш масалаларини ҳал қилиш учун чораларни фаоллаштиришга жалб қилишдан иборат. 

Бугунги кунда аҳолининг экологик билими ва маданиятини оширишга қаратилган ушбу ижтимоий лойиҳа кенг кўламли ташаббусга айланиб улгурган. Хайрия тадбирига кенг жамоатчиликнинг қизиқишини таъминлаш мақсадида Енгил атлетика федерацияси томонидан доимий равишда оммавий югуриш мусобақаларини ноодатий ўтказиш форматлари таклиф этилади. 

“Save Aral – 2022” ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раисининг биринчи кубоги спорт тадбирининг нефть ва газ мажмуаси атрофида, тунги пайтда ташкил этилиши ҳам иштирокчиларни жалб этишнинг ўзгача ечими бўлди. 

“Uzbekistan GTL” мажмуаси ёнидаги хавфсиз маршрут бўйлаб старт олган оммавий югуриш мусобақасининг финиш нуқтаси заводнинг “Ишчилар шаҳарчаси” бўлди.

Фото: Енгил атлетика федерацияси

Оммавий югуриш мусобақасида 1800 нафар иштирокчилар қатнашди. Шулардан 600 нафари “GTL” заводи, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ҳамда Шўртан газ кимё мажмуасида фаолият юритадиган ишчи-ходимлар оила аъзоларидир. 130 нафари эса ҳарбийлардир. Ушбу спорт тадбирига спортчилар ҳамда югуриш ҳаваскорлари ҳам қўшилишди. Ҳар бир иштирокчига қуриб бораётган Орол денгизи тасвирланган спорт кийими ҳамда фонар ўрнатилган бош кийимлари билан таъминланди.

Мусобақа ғолиблари қуйидаги натижаларга эришдилар:

Ходим эркаклар:

1. Примов Ҳасан 12:30.43

2. Пурманов Мансур 12:31.55

3. Примов Ҳусан 12:32.46

Фото: Енгил атлетика федерацияси

Маҳаллий эркаклар:

1. Маҳмудов Жаҳонгир 12:05.87

2. Жураев Муслимбек 12:15.43

3. Муҳаммадиев Асилбек 12:16.40

Ходим аёллар:

1. Иемке Стлйн 16:08.18 Жанубий Африка

2. Кенжаева Ширин 16:26.28

3. Тожиева Фарида 17:02.26

Фото: Енгил атлетика федерацияси

Маҳаллий аёллар:

1. Омонова Дилфўз 14:42.56

2. Саидмурадова Шоҳида 15:10.57

3. Ҳукумова Жонбиби 15:40.22

Энг яхши натижани кўрсатганлар ҳамда алоҳида номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритганлар эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

Ушбу спорт лойиҳаси Ўзбекистонда оммавий спортни ривожлантиришга қаратилган энг кучли ва самарали воситалардан бирига айланди. 

Фото: Енгил атлетика федерацияси

Жорий йил бошидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда Енгил атлетика федерацияси томонидан Сирдарё, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ва пойтахтда 12 та оммавий югуриш мусобақаси ташкил этилди.

Енгил атлетика федерацияси ахборот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид