Ўзбекистон | 14:45 / 31.08.2022
16977
9 дақиқада ўқилади

“Вазирликларни қўшамизми, бўламизми, фарқи йўқ, стратегия бўлмаса, натижа ҳам бўлмайди” — Баҳодир Ғаниев

Собиқ “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати раиси Баҳодир Ғаниев Kun.uz’га берган интервьюсида таълим вазирликларини бирлаштириш, бунинг сифатга таъсири, шунингдек, Ўзбекистонда соҳаларни ривожлантиришда мазмун билан эмас, шакл билан ишлаш устунлик қилаётгани, бу эса кутилган натижаларни бермаслиги ҳақида гапирди.

“Биз охирги 5-6 йилда кўп эътиборни шаклларга бериб юбордик. Кўпинча шаклларга эътибор қаратяпмиз. Вазирликлар бир бўлинади, бир қўшилади, қайсидир қисми агентликка айлантирилади, кейин яна қайта вазирликка қўшиб юборилади. Барча вазирликлар бу ҳолатдан бир неча баробар ўтиб чиқди. Мазмун ўзгармаса, шаклнинг фарқи йўқ, натижа бир хил бўлаверади.

У вазирликни бирлаштирамизми ёки алоҳида бўлиб юборамизми, бунга боғча вазирлигини қўшиб юборамизми, ҳеч нарса ўзгармайди. Бизда стратегия бўлмаса, унга эришиш учун миллион маротаба ёзиладиган ва бир тийинга қиммат чора-тадбирлар эмас, аниқ механизмлари бор, мутахассислар томонидан уч кунда эмас, ойлар давомида ишлаб чиқилган, натижа берадиган чоралар киритилиб, уларга ўша чораларни амалга оширадиган механизмларни молиялаштириш, уларни амалга ошириш учун малака ва кўникма билан таъминланмаса, номини ўзгартириб, қўшиб, ажратиб ва йўқ қилиб юборган билан ҳеч нарса ўзгармайди.

Ҳозир вазирликларни бир-бирига қўшиб, ажратиб фақатгина шакл билан ишлаяпмиз. Институционал хотира деган нарса бор. Бизда ёмони, масалан раҳбарларнинг тез алмашиши ҳам, вазирликларнинг шакли ўзгариши ҳам, озгина, мисқоллаб йиғилган институционал хотирани ҳам тўлиқ йўқотиб юборади. Оддий мисол, “Камолот”ни оладиган бўлсак, етти йил давомида шу ташкилотнинг раиси бўлдим. Етти йил ичида жамоа ҳам шаклланди. Институционал хотира шаклланди. Ёшларга қизиқ кўп лойиҳалар қилинди. Ҳамма нарса идеал, зўр бўлган демайман. Чунки бизнинг ҳам хато-камчиликларимиз бўлган. Лекин “Камолот” Иттифоққа айланди. Иттифоқнинг базасида агентлик яратилиб, иттифоқ сақланиб қолди. Ҳозир агентлик билан иттифоқ нима бўлади билмайман. Охирги тўрт йил ичида бу ташкилот уч марта трансформациядан ўтди.

Ҳар битта трансформация бу тизим учун шок. Ходимларга ноаниқлик сигналини беради. Малакали кадрларнинг қўл силтаб, чиқиб кетишига олиб келади. Ўрнига вақтинча шу ерда ишлаб турай, балки яхши бўлиб қолар, деган одамлар келиб қолишига олиб келади. Институционал хотирага эга бўлган одамлар чиқиб кетган сари, бу камайиб бораверади.

Оддий мисол, биз “Камолот”га янги келганимизда нималар қилинаётганлиги ҳақида рўйхатни олганмиз. Ичидан “бўлмайдиганлари”ни кесганмиз. Яхши ва тарихий лойиҳаларни номини ўзгартирмасдан, меники демасдан сақлаб қолганмиз. «Шунқорлар», «Камолот шахмат тахтаси» лойиҳалари мен ўйлаб топган лойиҳалар эмас, мендан олдинги қилинган лойиҳани биз юқорига кўтардик холос. Бу каби лойиҳалар биздан олдин ҳам бор эди. Фақат кичикроқ масштабда қилинар эди. Биронтасига тегмадик. Ҳаммасини номигача сақладик. Чунки бу биздан олдинги авлод бизга қолдирган институционал хотиранинг яхши қисми. Ёнига қўшдик кейин. Биз келганимизда 20 та зўр лойиҳа бўлса, чиқиб кетаётганимизда 60 та зўр лойиҳа бор эди. Бу институционал хотира албатта сақланиши ва давом этиши керак. “Биздан олдингиси 0 га тенг, биз янгидан бошлаймиз” деган раҳбар аҳмоқ бўлади. Биздан кейин ушбу лойиҳаларнинг ҳаммаси эсдан чиқди. Қолиб кетди. Ҳозир худди ўша лойиҳаларни бошқа ном билан тиклашяпти. Жаҳлим чиққани шундаки, нега бошқа ном билан тиклашади, бу бор нарса эди-ку, шу лойиҳа зўр бўлса, давом этаверсин”, – деди Ғаниев таълим вазирликларини бирлаштириш таълим сифатига қандай таъсир этиши ҳақидаги саволга жавобан.

Ғаниев фикрлари давомида Ўзбекистон кадрлар сиёсатида бўлаётган ва ўзи нотўғри, дея ҳисоблайдиган айрим ҳолатларга ҳам муносабат билдирди.

“Шаклларни муҳокама қилишни ёмон кўраман. Фикримча, давлат бошқарувида кадрлар сиёсати чатоқ аҳволда. Чатоқлигини мутахассис бўлмаган одамларни турли соҳаларга раҳбар этиб қўйишда кўриш мумкин. Ёки вазирлар ва вазир ёрдамчилари даражасидаги одамларни бир-икки йил ишлагандан кейин, бошқа ёқларга ўтказиб юборилишидан кўриш мумкин.

Бир раҳбар бирор лавозимга қўйилса, ўша лавозимга киришиб олишига ҳам ярим йил, бир йил вақт кетади. У масалага киришиб, уни еча бошлаши учун 3-4 йил вақт керак. Демак, биз ўша соҳадан натижа кутсак, 4-5 йил давомида у раҳбарга тегмаслигимиз керак. Бу тизим бўлади. Ва ўша соҳани тушуна оладиган раҳбарни қўйишимиз керак.

Халқ таълими бу – миллатни кўтарадиган йўналиш. Халқ таълимини кўтармасак, миллатни кўтара олмаймиз. Саводсиз битирувчилар Ўзбекистонни Янги Ўзбекистонга айлантира олмайди. Биз фақат меҳнат мигрантларини тайёрлаб, уларни Россияга ташлаб бериб, ўша давлатларга қарам давлат сифатида давом этаверамиз. Оддий мисол, Халқ таълими нима бўлди? Халқ таълимида охирги 4 йилда учта одамни кўрдим. Шерзод Шерматовдан олдинги вазир бор эди. У одам партия фаолиятига ўтиб кетди. Ундан кейин Шерзод Шерматовни қўйишди, чет элда энг нуфузли университетда ўқиган, таълим муҳитини тушунадиган одам. Майли таълимнинг одами эмасдир. Лекин заковатли, яхши бошқарувчи, бир йилда бошқарувга киришиб олса, 3-4 йилда яхши натижа беришига умид қилдим-да шу одамнинг. Чунки яхши бошлаган эди. Минг афсуски, у одамнинг бошлаган иши натижа бермасидан ўзининг соҳасига қайтариб юборишди. Ўзи ўша соҳадан инновация вазирлигига вазир ўринбосари қилиб олишувди, у ердан халқ таълимига ва бу ердан яна ўша соҳага қайтарилди. Эй, барака топкурлар, бу одам ўша соҳага вазир бўлганди ўзи. У ердан олиб, уч йилдан кейин қайтариб қўядиган бўлсанглар нима кераги бор эди ейдиган одам йўқ.

Халқ таълимига икки йилда нима натижа бера олади у? Фақат бошлаши мумкин икки йилда. Натижалар бошлаш учун унга 4-5 йил керак эди ва бу вақтгача унга тегиш керак эмас эди. У одам кетди ва ўрнига бошқа одам қўйилди. Янги раҳбарни шахсан танимайман. Лекин интернетдаги биографиясига кўра, номутахассис одам. Умуман таълимга яқин одам ҳам эмас. Бу одам масалага киришишига яна бир-бир ярим йил вақт кетади. Бу таълим тизимида ўқиётган бола учун увол бўлган вақт ҳисобланади. Бизда шунча йўқотадиган йиллаб вақтимиз борми деган савол туғилади? Наҳотки биз таълимга жиддий қарай олмаймиз. Энг муҳим бўғин, таълим вазирлиги-ку. Бошқа барча соҳалардан ҳам муҳим бу.

Молия вазирлиги пул бўлса, ҳисоблай олади, иқтисодиёт вазирлиги капитал бўлса, тақсимот ва стратегияни қила олади. Малакали одам бўлсагина у ерда моддий бойликлар пайдо бўлади. Агар у малакали одам бўлмаса, ким бу бойликни пайдо қила олади? Янги раҳбарлар қайси мактаблардан келади? Америкадан мактаб битирувчи олиб келмаймиз-ку инновацияларни қилишга. Эртага давлат бошқарувига Россиядан зўр битирувчиларни олиб келмаймиз-ку, Ўзбекистон фуқароси бўлмаган одамларни. Ўзимизнинг қора кўзлар қаерда қолади? Қирқ миллион аҳолиси бор давлатнинг иқтисодиётини кўтариш учун бизга президент мактабларини ҳар йили битирадиган 1000-1500 кадр урвоқ ҳам бўлмайди”, – деди у.

Баҳодир Ғаниев интервью давомида Президент мактабларига кириш тизимининг мураккабликлари ҳақида ҳам гапирди. У жумладан, камбағал инсонларнинг хусусий мактаб ёки алоҳида курсларга қатнамаган болалари бу мактабларга киролмаслигини айтиб, буни “адолатсиз тизим” дея атади.

“Президент мактабига кириш ҳам имтиҳон асосида бўлади. Имтиҳоннинг саволлари жуда оғир. Камбағалнинг боласи бу имтиҳонларга биттаям курсга бормай туриб кира олмайди. У ерга болалигидан хусусий мактабларда, халқаро мактабларда, ўқув марказларида юрган болалар кириб кетади. Ўша президент мактаблари ҳам ҳозирги ҳолатда, фикримча, ғирт адолатсизлик. Зўр мактаб. Савия зўрдир, лекин адолатсизлик. Камбағалнинг боласи у мактабга кириш талабига жавоб бермайди”, – деди айни пайтда Осиё тараққиёт банки лойиҳа раҳбари ва хусусий мактаблар бўйича консултант сифатида ишлаётган Баҳодир Ғаниев.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид