— Маълумки, солиқ преференциялари ва солиқ нотенг бизнес муҳитини юзага келтиради. Лекин Ўзбекистонда кўплаб компанияларга шунақа имтиёзлар берилган. Бу ҳақида яқинда статистика ҳам чиқди. Йирик имтиёз олгани ҳам келиб чиқди. Бу имтиёзларни бекор қилиш ҳақида режалар борми? Агар бўладиган бўлса, бу қачон амалга ошади?
— Жуда тўғри савол. Ўша статистикани чиқарган орган айнан Давлат солиқ қўмитаси бўлади. Биз ҳар ой ва ҳар чорак якунида (ҳар хил имтиёз ҳар хил шаклланади) эълон қилиб борамиз.
Иккинчидан, умуман, жами имтиёзларга давлат солиқ хизмати органлари норозилик билан қарайди. Сабаби, бизга тушум камаяди. Индивидуал имтиёзларга эса ўта салбий қараймиз.
Албатта, баъзи ўринлар жуда қисқариши керак. Йилдан йилга қисқаряпти ҳам. Имтиёзлар сони ҳам, ундан фойдаланувчилар сони ва миқдори ҳам камайяпти. Мана, 2023 йил 1 январдан, айримлари 2024 йил қисқартирилишига таклиф билдиряпмиз.
— Умуман, буткул бекор қилиш борасида-чи, бу бўйича режалар борми?
— Бу бўйича ҳам ишлар олиб бориляпти. Лекин қабул қилинган қонунчилик нормалари, ўзингиз айтган каби ностабиллик бор-да, яъни айрим қонунчилигимиз чет эл инвесторлари киргандан кейин уларга инвестициясига қараб туриб, қанчадир йил солиқ режими ўзгармаслиги керак деган нормалар бор.
Лекин Солиқ қўмитасининг позицияси шуки, биз барча имтиёзларни аста-секинлик билан бекор қилишимиз керак. Уларни бошқа йўл билан рағбатлантиришга ўтиш керак.
— Дунёдаги бренд фирмалар Ўзбекистонга ўз маҳсулотларини олиб киради, лекин уларнинг Ўзбекистонда ишлаб чиқариш заводлари йўқ. Улар маҳсулотларини импорт қилиб олиб келишга тўғри келяпти. Яъни таннархга қўшимча солиқлар ва бошқа харажатлар қўшиляпти. Уларнинг Ўзбекистонга кириб келишидаги хавфлар қайсилар?
— Фикримча, бу хавфлар эмас. Менимча, Ўзбекистондаги иқтисодий фаоллик, бу ердаги сиёсий барқарорлик, Ўзбекистондаги тадбиркорларга бўлган эътибор ва инвестицион нуқтайи назаридан фақатгина ижобий томонини кўриш мумкин. Лекин чет эл брендларининг Ўзбекистонга кириши фақат бу нуқтайи назардан эмас, балки бозордаги сиғими юзасидан ҳам қаралса керак-да. Уларга бозорга кириш таннархи нуқтайи назаридан бу ерда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш арзонроқ бўладими ёки импорт қилса. Бу ерда бозор қонунлари кўпроқ ишласа керак, менимча.
Албатта, инвестицион жозибадорлик ҳам муҳим ўринга эга. Шунинг учун ҳам бу тарафдан хавфни кўраётганим йўқ. Кейинги йилдан қўшилган қиймат солиғининг 12 фоиз бўлиши бу қўшни мамлакатлар орасида ҳам, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари орасида ҳам энг паст солиқ ставкаларидан биттаси бўлади.








