Жамият | 16:16 / 02.09.2022
12169
4 дақиқада ўқилади

“Боламни тупроққа беришдан қўрқаман”: оққон қаршисида чорасиз оналар

Хаста ҳолида бировнинг қўлига қарашдан оғири йўқ. Лекин фарзанди хаста бўлганида ота-она ҳар қандай оғирликни кўтаради. Бу оналар ҳам боласининг ҳаёти учун курашаётган муҳтожлардир.

“Боламни тупроққа беришдан қўрқаман”

7 ёшли Ханифа гўдаклигидан кўп касалга чалинган. Лекин навбатда уни оғир хасталик – оққон кутиб турган эди. Қизларининг соғайиши учун ота-онаси қўлларидан келганча ҳаракат қилиб, даволатиб келишяпти. Бир ҳовлида тўрт оила яшайдиган шароитда сотишга арзигулик ҳамма нарса сотилиб қизалоқнинг даволаниши учун сарфланган. Оилада яна бир бемор – Ханифанинг бобоси ҳам жигар циррозига чалинган. Оддий ишчи бўлиб ишлайдиган отаси эса ҳар икки оғир дарднинг чорасини топа олмаяпти. Беморнинг онаси Зарифа Мелиқулова эса фарзандини тупроққа беришдан қўрқишини айтади.

Ханифа Назировага оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 5704 0368 4284 онаси Зарифа Мелиқулова номида

Ҳумо: 9860 0803 5239 6768 қариндоши Хурсаной Мелиқулова номида

Манзил: Сурхондарё вилояти, Олтинсой тумани, Шакарқамиш маҳалласи 6 уй.

Бошига тушган биларкан оққоннинг даҳшатини...

Ҳали мактаб остонасини ҳатлаб улгурмаган Чароснинг бир неча йилдан бери шифохоналарда умри ўтяпти. Бошидаги хавфли яра сабаб даволанишлар тугамасидан оққоннинг белгилари кўриниб, қизалоқни тўшакка михлаган. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан саломатлиги анча тикланган бўлса-да, ҳали ундан касаллик кетмаган.

Йиллаб беморни парвариш қилиш уй-жойсиз, ижарада яшовчи, кунлик ишлар билан шуғулланадиган ота-онанинг тинкасини қуритган. Чароснинг онаси ўқитувчи, лекин қизининг парвариши туфайли ҳозир ишламайди. Уй олиш ниятида йиғилаётган маблағларини шу вақтга қадар ишлатиб келган оила энди дори-дармонлар харажати учун қийин вазиятга тушиб қолишган.

Чарос Исмоиловага оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0423 5564 7677 онаси Нилуфар Насриддинова номида

Манзил: Бухоро вилояти, Қоракўл тумани, Қорақулончи қишлоғи 31 уй.

“Ёлғиз бошим билан кўп қоқилдим”

Тақдир тақозосига кўра Жонибек фақат онаси билан яшашга мажбур бўлган эди. Энди эса машъум касаллик билан ҳам курашишга маҳкум.

“Ёлғиз бошим билан ҳаётда шунчалар кўп қоқилдимки, хаёлимга ҳам келмаганди. Икки ўғлимни ҳалол едириб катта қилаётганимда менга бу касаллик жуда катта зарба бўлди. Пулим йўқлиги учун боламни даволата олмасликдан қўрқдим. Турмуш ўртоғим билан ажрашганимиз учун хабар берганимда боламни даволатиш учун пул сарфлаш бефойдалигини айтди. Ўзим имкон қадар ошхоналарда ишлаб болаларимни боқаётган эдим, лекин бу билан ўғлимнинг дори-дармонига етказиб бўлмаяпти”, - дейди бемор боланинг онаси.

Жонибек Набиевга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0609 5655 6600 онаси Моҳичеҳра Ибрагимова номида

Ҳумо: 9860 0303 3975 4704 онаси Моҳичеҳра Ибрагимова номида

Манзил: Сурхондарё вилояти, Шеробод тумани, Галагузар маҳалласи, Гулзор кўча 98 уй.

Невараларига ҳам она, ҳам ота бўлаётган бувининг ҳасрати

Бу оиланинг бошига тушганларини эшитиб беихтиёр қалбда оғриқ сезилади. Лаззат опа ўзи ёлғиз ҳолида икки қизни турмушга узатган. Якка-ю ягона ўғлини уйлантириб энди оғзи ошга етган паллада кетма-кет келган кулфатлардан эсанкираб қолади. Аввалига келини автоҳалокат туфайли оламдан ўтди. Қизи Жибек ва эгизак чақалоқлари бўзлаб қолди. Бир муддатдан сўнг ўғли ҳам автоҳалокатда бир оёғидан айрилиб, ишга яроқсиз бўлиб қолди. Булар ҳам камдай катта невараси Жибекда оққон хасталиги аниқланди. Кекса ҳолида невараларига ҳам она, ҳам оталик қилаётган бувининг оладиган пенсияси ва болаларнинг нафақалари эвазига кун кечиришмоқда.

Жибек Жумаевага оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0609 4082 0971 бувиси Лаззат Эсимбоева номида

Манзил: Тошкент вилояти, Қуйи Чирчиқ тумани, Пахтачи маҳалласи, Мирза Улуғбек кўчаси 8 уй.

Бемор болаларнинг кўзларида яшашга бўлган умид кўринади. Демак улар барчамиздан умидвор, яхшиликларга интизор бўлиб нафас олишяпти. Бу умидлар ушалишига ишонамиз.

 Гулмира Тошниёзова тайёрлади.

Тасвирчилар: Абдусалим Абдувоҳидов, Жавоҳир Ғайратов.

Мавзуга оид