Жорий йилнинг баҳорида немис ҳукумати энергия қимматлаб кетиши туфайли нархлар ошаётган шароитда аҳолига ёрдам беришга қарор қилди ва ёзнинг уч ойи учун мўлжалланган тўққиз евролик ягона чиптани жорий қилди. Ундан Германия темирйўлларининг исталган йўналишида фойдаланиш мумкин эди (тезюрар поездлардан ташқари).

Бу ўз навбатида темирйўллар орқали йўловчи ташиш ҳажми мисли кўрилмаган даражада ошиб кетишига олиб келди, ижтимоий тармоқларда кўплаб ҳазиломуз изоҳларга сабаб бўлди, шунингдек, Ангела Меркел кетганидан бери Олаф Шольц ҳукуматининг ягона муҳим ютуғига айланди.

Шу билан бирга, ташаббус бир неча ўн йиллик оптималлаштиришдан сўнг аянчли аҳволга тушиб қолган немис темирйўллари муаммоларини очиб ташлади. Баъзан гавжум поездларга (айниқса денгиз соҳиллари йўналишидаги) чиқишнинг ҳар доим ҳам имкони бўлмаса-да, немисларга тўққиз евролик чипта жуда ёқиб қолди.

24 март куни Германия ҳукумати Берлинда энергия нархининг кескин ошиши сабабли аҳолини қўллаб-қувватлаш чораларини муҳокама қилаётганда, транспорт вазири Фолкер Виссинг сўз олади. У Германия аҳолиси учун темирйўллардан ёзда чексиз фойдаланиш имкониятини берувчи вақтинчалик арзон чиптани жорий қилишни таклиф этади: уч ой - 90 кун - 90 евро. Муҳокама пайтида 90 дан 0 рақами тушиб қолди ва у тўққиз евролик чиптага (9-Euro-Ticket) айланди.

Арзон чипта 1 июндан 31 августгача амал қиладиган бўлди (аслида битта чипта бир ой амал қилади, демак, ёз учун учтасини сотиб олиш керак эди). Бу давр мобайнида тўққиз евролик чипта 52 миллион марта сотиб олинди – яна 10 миллион донасини турли абонемент эгалари бепул олишди.

Ушбу чипта билан Германия аҳолиси мамлакат бўйлаб хоҳлаган жойга бемалол саёҳат қилиши, эрта тонгда поездга ўтириб, кечга қадар исталган нуқтага етиб бориши мумкин эди (фақат тезюрар поездлардан ташқари). Аммо узоқ масофага отланишнинг ҳожати йўқ эди – кўпчилик ундан ҳар куни ишга бориш ёки қўшни шаҳарлардаги қариндошларини йўқлаш учун фойдаланди.

Лойиҳада тўғридан тўғри молиявий ёрдамдан ташқари, экологик миссия ҳам бор эди – немислар автомобиллардан камроқ фойдаланади деб тахмин қилинди. Бу оз миқдорда ўзини оқлади: чипта сотиб олувчиларнинг 10 фоизи автомобилни ташлаб, поездга ўтиришди. Лекин ундан асосан олдин кам саёҳат қилган ёки умуман саёҳат қилмаганлар фойдаланишди. Лойиҳа аҳоли ҳаракатчанлигининг мисли кўрилмаган ўсишига олиб келди, буни статистик маълумотлар ҳам тасдиқлайди: 2022 йил июн ойида Германияда поездлар қатнови сони 2019 йилнинг июнига нисбатан 40 фоизга ошди.

Чипта Германиянинг деярли ҳар бир аҳолисига таъсир қилган популистик, аммо самарали сиёсий қарор намунасига айланди. Миллионлаб одамлар ундан фойдаланишди, у ҳақда баҳслашишди, қўшиқлар ёзилди, ижтимоий тармоқларда мемлар тарқалди, у ҳатто Der Spiegel журнали муқовасида пайдо бўлди.