Жаҳон | 11:49 / 01.06.2024
4472
5 дақиқада ўқилади

Хитой Украина бўйича тинчлик саммитида қатнашмайди

Пекин Украинадаги уруш бўйича конференцияда қатнашиш «қийин» эканини маълум қилди, чунки у «ҳали ҳам Хитойнинг талабларига жавоб бермайди». ХХР унда Россия Федерацияси вакиллари иштирок этишини зарур деб ҳисоблайди. 

Мао Нин Фото: Johannes Neudecker / dpa / Global Look Press

Хитой июн ойида Швейцарияда бўлиб ўтадиган Глобал тинчлик саммитида иштирок этиш ниятида эмас. «Учрашувни ташкил этиш ҳали ҳам Хитой Халқ Республикаси талабларига ва халқаро ҳамжамиятнинг кутилмаларига жавоб бермайди, шунинг учун Хитойнинг унда иштирок этиши қийин масала», деди ТИВ матбуот котиби Мао Нин 31 май, жума куни Пекинда. 

Унинг сўзларига кўра: «Хитой ҳар доим халқаро конференция Россия ва Украина томонидан тан олиниши, барча томонлар тенг иштироки ва барча тинчлик режаларини адолатли муҳокама қилиши кераклигини таъкидлаб келади». Акс ҳолда, саммит қарорлари «тинчликни тиклашда муҳим рол ўйнаши қийин бўлади», дея қўшимча қилди Мао Нин ва Хитой «тинчлик музокараларини ўзига хос тарзда рағбатлантириши, барча томонлар билан алоқани сақлаб туриши ва ҳамкорлик учун шарт-шароитлар яратишга биргаликда ҳаракатланишини» қўшимча қилди. 

Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский ХХР раиси Си Жинпингни саммитда иштирок этишга шахсан таклиф қилган эди. 

Хитой ҳеч бир томонга қурол бермаётганини билдиряпти

Шу куни Хитой миллий мудофаа вазирлиги вакили АҚШга Пекин «Украинадаги можарода қатнашаётган томонлардан ҳеч бирига» қурол бермаётгани ва «холис позиция» тутаётганини маълум қилди, деб ёзади AFP. «Биз можаронинг ҳеч бир томонига қурол бермаслик бўйича ўз мажбуриятимизни бажардик. Қонун ва қоидаларга мувофиқ, ҳарбий маҳсулотлар экспорти устидан қаттиқ назоратни амалга оширамиз», деди мудофаа вазирлиги вакили Пентагон раҳбари Ллойд Остиннинг хитойлик ҳамкасби Дун Цзюн билан Сингапурдаги учрашувидан сўнг. 

Ўтган ҳафта Британия мудофаа вазири Грант Шэппс Хитойни Россияга кейинчалик Украинага қарши урушда қўлланадиган қуроллар етказиб беришда айблади. «Бугун мен Россия ва Хитой ўртасида Украинада қўлланган қуроллар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида далиллар борлигини хабар қилишим мумкин», деди Шэппс Лондонда.

Украина бўйича бешинчи конференция

Украина бўйича глобал тинчлик саммити 15-16 июн кунлари Люцерн яқинида жойлашган Бюргеншток курортида бўлиб ўтади. Анжуманда 100 га яқин давлат иштирок этиши кутилмоқда. Саммит учрашуви формати жиҳатидан Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича 2023 йилда Дания, Саудия Арабистони ва Малтада ҳамда ўтган январда Давосда ўтказилган тўртта конференцияга ўхшаши керак. 

Украинага қарши урушни тугатиш имкониятлари муҳокама қилинадиган Швейцариядаги саммитга Россия таклиф қилинмади. Москва, ўз навбатида, Россия Федерацияси иштирокисиз бундай учрашувнинг мантиқий бўлмаслигини таъкидлади. Украина президенти Володимир Зеленский Россия Федерациясини саммитни бузиш ниятида эканликда айблади. 

Bloomberg агентлигининг хабар беришича, Америка президенти Калифорниядаги сайловолди кампанияси туфайли Швейцариядаги тинчлик саммитини ўтказиб юбориши мумкин. Унга кўра, Жо Байден G7 етакчилари йиғилишида иштирок этиш учун Италияга учиб боради, бироқ 15 июн куни Лос-Анжелесда ўз сайловолди кампанияси учун маблағ йиғиш тадбирида қатнашади. Агентлик суҳбатдошларига кўра, тинчлик саммитида АҚШ вице-президенти Камала Харрис ҳам бўлмайди. 

Зеленский: Байден Украина бўйича тинчлик саммитига керак

Агар президент Байден Украина ташаббуси билан Швейцария томонидан ташкил этилган тинчлик саммитида қатнашмаса, бу «кучли қарор» бўлмайди, деди Украина президенти Володимир Зеленский 28 май куни. «Байден жаҳон саммити ва АҚШ реакциясига қарайдиган бошқа лидерлар учун керак. Унинг йўқлиги Путин томонидан шахсан олқишланади», деди Зеленский.

Украина президентининг сўзларига кўра, Киев тинчлик саммити ташаббусини қўллаб-қувватлаган барча давлатларга миннатдорчилик билдиради. «Мен ишонаманки, агар сиз тинчликни хоҳласангиз, у ерда бўласиз ва бирор нарсага рози бўлмасангиз ҳам гапирасиз», деди Зеленский.

Мавзуга оид