Жаҳон | 16:37 / 07.09.2022
29165
4 дақиқада ўқилади

Путин Россия уруш натижасида “ҳеч нарса йўқотмаслиги”ни айтди

Россия Украинадаги уруш туфайли «ҳеч нарсани йўқотмади» ва «ҳеч нарсани йўқотмайди», деди Путин. Рақамлар эса бунинг тескарисини кўрсатяпти: минглаб рус аскарлари ўляпти, Россия халқи камбағаллашяпти, малакали мутахассислар мамлакатни тарк этяпти.

Фото: РИА Новости

Россия Украинадаги уруш туфайли «ҳеч нарсани йўқотмади» ва «ҳеч нарса йўқотмайди», дейди Путин. Рақамлар аксинча ҳолатни кўрсатяпти.

Россия президенти Владимир Путин Украинадаги уруш натижасида Россия «ҳеч нарсани йўқотмади» ва «ҳеч нарсани йўқотмайди» дея билдирди. Бу ҳақда Россия давлати раҳбари 7 сентябр, чоршанба куни Владивостокдаги Шарқий иқтисодий форум (ШИФ) ялпи мажлисида журналистлардан бирининг саволига жавоб берар экан айтиб ўтди. «Асосий ютуқ - суверенитетимизни мустаҳкамлаш», деди Путин. Шу билан бирга, унинг фикрича, «дунёда ҳам, мамлакат ичида ҳам маълум бир қутбланиш фақат фойда келтиради».

Айни пайтда, Украина Қуролли кучлари Бош штабининг 6 сентябр куни эълон қилган ҳисоб-китобларига кўра, уруш бошлангандан бери Россия кучлари 50 мингдан ортиқ ҳарбийни йўқотган.

Пентагон 8 август куни маълум қилишича, уруш бошланганидан бери 70-80 минг россиялик ҳарбий ҳалок бўлган ёки яраланган. Тегишли баҳони АҚШ мудофаа вазирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Колин Кал билдирди. Унинг сўзларидан CNN иқтибос келтирган. Июль ойи ўрталарида Британия Мудофаа штаби бошлиғи Тони Радакин 50 минг ўлган ёки яраланган россиялик ҳарбийлар ҳақида гапирган эди.

Россия сўнгги маротаба 25 март куни йўқотишлар ҳақида расмий маълумотларни эълон қилганди: 1351 киши ҳалок бўлган, 3825 киши яраланган. 

5 сентябр куни Bloomberg агентлиги АҚШ ва Европа иттифоқининг Кремл уруш бошлашига жавобан жорий қилган санкциялари фонида Россиядаги иқтисодий вазиятни шарҳлар экан, Россия иқтисодиёти учта сценарийдан иккитаси амалга оширилган тақдирда урушдан олдинги даражаларга «фақат ўн йиллик охирида ёки ундан кейин» қайтишини таъкидлади. Шу билан бирга, агентлик 30 август куни Россия юқори мансабдор шахсларининг ёпиқ учрашувига тайёрланган ички ҳисоботга таянган. 

«Инерцион» сценарий иқтисод келаси йил пастга тушишини ва 2021 йилга нисбатан 8,3 фоизга пасайишини назарда тутади. «Стресс» сценарийсига кўра, ЯИМнинг максимал пасайиши 2024 йилда кутилмоқда - ўтган йил даражасидан 11,9 фоизга паст.

Барча сценарийлар санкциялар босими ортиб бораётганини инобатга олади, уларга кўпроқ мамлакатлар қўшилиши мумкин. Ҳукумат ҳисоботида айтилишича, Европанинг Россия нефть ва газидан кескин чекиниши Кремлнинг ўз бозорини таъминлаш қобилиятига путур етказиши мумкин.

Бундан ташқари, ҳисобот муаллифларига кўра, 2025 йилга бориб 200 минг нафаргача IT-мутахассис Россияни тарк этиши мумкин, бу эса «ақл оқими» кучайиб бораётганидан далолат беради, деб ёзади Bloomberg. 

Россия Марказий банки (МБ) 12 август куни «геосиёсий кескинликнинг кучайиши туфайли 2022 йилда янги ўрнатилган алоқалар бир қисми узилиши мумкин»лигини таъкидлади. Шу билан бирга, оқибат оралиқ ва инвестиция импорти учун айниқса кучли бўлиши, бундан ташқари, техник ва сармоявий ҳамкорлик дастурлари мураккаблашиши таъкидланди. «Россия иқтисодиётининг даражаси ҳам, потенциал ўсиш суръатлари ҳам пасаяди», деб таъкидлади молия институти экспертлари. 

Жаҳон иқтисодий инқирози ва геосиёсий вазият янада ёмонлашган тақдирда, Россия иқтисодиёти 2025 йилдан кейингина бир фоизлик ўсишга қайтиши мумкин, деб таъкидлади Россия Марказий банки. 

Мавзуга оид