Ўзбекистон | 07:54 / 07.09.2022
3473
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистон тадбиркорларига қўшимча имтиёзлар берилади

Президентнинг “Қорақалпоғистонда тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди

Қорақалпоғистоннинг барча туманларида жойлашган тадбиркорлик субъектлари учун 2023 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда:

  • фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади;
  • ижтимоий солиқ 1 фоиз миқдорида белгиланади;
  • якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланаётган ижтимоий солиқ шаҳарлар ҳудудида фаолият юритаётганлар учун 12 бараварга, туманлар ҳудудида фаолият юритаётганлар учун 6 бараварга камайтирилиб, йилига БҲМ бир баравари миқдорида белгиланади.

2022 йил 1 октябрдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда:

  • ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижий давлатларга экспорт қилишда, экспорт қилинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун харид қилинган хомашёни республика бўйлаб ташишда транспорт харажатлари 70 фоизи ҳукумат комиссияси томонидан белгиланган рўйхатга асосан Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилади;
  • ажратиладиган кредит суммаси 75 фоизигача, бироқ умумий қиймати 2,5 млрд сўмдан ошмаган миқдорда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан кафилликлар тақдим этилади.

Ёш тадбиркорларга ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш учун зарур асбоб-ускуналарни харид қилиш мақсадида ҳукумат комиссияси қарорига асосан тўғридан тўғри Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали 7 йил муддатга қарз маблағлари тақдим этилади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига Қорақалпоғистонда жойлашган ва ушбу ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига бепул асосда кўмаклашувчи “Инвесторларга кўмак маркази”ни ташкил этиш топширилди. Марказ қошида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларида майдони камида 10 гектар бўлган ишлаб чиқариш технопарки фаолият кўрсатади.

Қорақалпоғистон ҳудудида 2022 йил 15 сентябрдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар, истисно тариқасида, ер участкаларини тўғридан тўғри ижарага бериш мақсадида йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олишда энг яхши таклифлар 5 млн доллар эквивалентидан бошлаб кўриб чиқилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид