Спорт | 16:11 / 09.09.2022
27681
11 дақиқада ўқилади

Елизавета II қайси клубга мухлислик қилган? Британия буни аниқлашга 70 йил уринди 

Буюк Британия қироличаси Елизавета II 96 ёшида вафот этди. Унинг сиймоси атрофидаги кўплаб сир-асрорлар орасида футболга боғлиқ жойи ҳам бор эди. Англия унинг бу спортга қанчалик қизиқишини ва қайси клубга мухлислик қилишини билиш учун жуда кўп вақт ва куч сарфлади. 

Фото: Getty Images

Ёш қиролича ҳукмронлигини стадионга боришдан бошлади, бу унга жуда катта ёрдам берди 

1952 йил 6 февралда қирол Жорж VI тромбоздан вафот этди. Икки кундан кейин унинг 25 ёшли қизи тахтга ўтирди ва Елизавета II номини олди. 

Оддий халққа ёш қиролича унчалик ёқмас эди: у омма олдида жуда кам кўриниш берарди (гарчи отаси даврида кўплаб тадбирларда унинг ўрнида иштирок этган бўлса-да), ўта расмиятчи эди ва ўз сўзларига кўра, одамлардан кўра отларни кўпроқ ёқтирарди. 

Отаси Буюк Британиянинг Иккинчи жаҳон урушидаги кураши рамзига айланган эди. Елизавета эса бу борада унга ҳар томонлама ютқазарди. Бундай имижни ўзгартириш зарур эди. 

Бунга тож кийдириш санаси ёрдам берди. У тахтга расман ўтирганидан кейин деярли бир ярим йил ўтгач, 1953 йил 2 июн кунига тайинланди. Эски анъаналар шуни талаб қиларди: аввалги ҳукмдор вафотидан кейин маълум вақт давомида мотам қилиш ва жараёнга пухта тайёргарлик кўриш учун. 

Бу вақт давомида қиролича ва унинг атрофидагилар янги монарх сиймоси устида ишладилар. Асосий вазифа ўзгаришсиз қолди: Елизаветани халққа яқинлаштириш керак эди. 

Бунга тож кийдириш маросимидан роппа-роса бир ой олдин ўтказилган Англия Кубоги финали ёрдам берди. «Блэкпул» ва «Болтон Уондерерс» клублари Уэмблида учрашишди – 100 минг томошабин орасида қиролича ва унинг эри Филипп ҳам бор эди. 

Мамлакатнинг бош стадионидаги оломондан ташқари, финални илк бор ТВ орқали минглаб британияликлар ҳам томоша қилишди. Гап шундаки, тож кийдириш маросимидан олдин одамлар оммавий тарзда ТВ сотиб олишни ёки ижарага олишни бошлаб юборишганди. Шу сабабли футбол ўйинини ҳам ТВ орқали намойиш этишга қарор қилишди. 

«Блэкпул» 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди. Ғолибларга Кубок ва фахрий нишонларни Елизаветанинг ўзи топширди. Гувоҳларнинг қайд этишича, қиролича хушмуомала ва дўстона бўлди, футболчилар билан фикр алмашди, қўл бериб кўришди ва табассум қилди. 

Ғоя ғайриоддий эмас, Англия шунга ўхшаш сценарийни 16 йил олдин ҳам кўрган эди. 1937 йил 1 майда Жорж VI ва унинг рафиқаси Елизавета (бу қироличанинг онаси) Уэмблида бўлиб ўтган Англия Кубоги финалида иштирок этиб, мукофотларни топширган, табассум қилган ва «ижобий имиж устида ишлаган» эди. Бу ўйин ҳам монархга тож кийдириш маросимидан олдин бўлиб ўтганди. 

Елизавета II футболга навбатдаги шов-шувли ташрифини фақат 13 йилдан кейин амалга оширди. 1966 йилда Англия жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди. Ушбу турнир мамлакат учун асрнинг асосий воқеаси ва миллий жамоанинг энг яхши муваффақияти бўлди. Қиролича буни ўтказиб юбора олмасди. У иккита ўйинда қатнашди: Уругвайга қарши очилиш ўйини ва Англия – ГФР (4:2) ўртасидаги финалда. Сценарий бир хил: трибунада қироллик жуфтлиги, табассум, совринлар. 

 Елизавета II жаҳон Кубогини Англия миллий жамоаси сардори Бобби Мурга топширмоқда (1966) 

Кейинги ўттиз йил одатдагидек ўтди: футболга бориш учун ҳеч қандай жиддий сабаблар йўқ эди. 1996 йилда Англия Европа чемпионатига мезбонлик қилди. Бироқ миллий жамоа финалга чиқолмади, қиролича эса бу сафар бош совринни Германия футболчиларига топширди. 

Кейинги йилларда Елизавета муҳим футболчилар ёки мураббийларга рицарлик унвонини бериш тадбирлари орқали футбол янгиликларида чиқиб турди. Аммо стадионларда кўриниш бермаса ҳам қиролича футбол оламидаги алоҳида мавзуга айланди. 

Айтишларича, Елизавета II яширинча «Миллуолл»га мухлислик қилган. Ёки «Вест Ҳэм»гами? 

Кўп йиллар давомида журналистлар тинчланмади: ахир футбол мамлакатида қиролича футболни яхши кўриши керак эмасми? Саройдаги манбалар эса сирли изоҳлар билан чекланишди: ҳа, қиролича қайсидир клубга мухлислик қилади, лекин буни очиқ айта олмайди. Ахир, ҳар қандай мухлислик очиқ айтилса, ён босишлик сифатида салбий қабул қилиниши мумкин. 

Шу сабабли Елизавета сукут сақлашни ва турли миш-мишларга изоҳ бермасликни афзал кўрди. Баъзида гап-сўзлар жуда ҳайратланарли эди. The Sun хабарига кўра, қиролича Лондоннинг «Миллуолл» клуби ўйинларига яширинча бориб турган. У ўта жанжалкаш мухлисларга эгалиги ва Тедди Шерингемнинг биринчи жамоаси сифатида машҳур. 

Нашрнинг таъкидлашича, қироллик машинасининг орқа ойнасида «Ҳеч ким бизни яхши кўрмайди, лекин бу бизни қизиқтирмайди» деган стикер ёпиштирилган. Бу ибора «Миллуолл» фанатларининг шиори ҳисобланади. 

Кейинчалик Daily Mirror бу маълумотни рад этиб, ҳамкасб журналистлар ҳамма нарсани чалкаштириб юборишганини, нотўғри талқин этишганини қайд қилди. 

Нашрнинг ёзишича, «Миллуол»га сарой ходимларидан бири мухлислик қилади, қиролича эса уларнинг ашаддий рақиби «Вест Ҳэм»га. Елизавета «Вест Ҳэм» билан Англия Кубоги ва УЕФА Кубок эгалари кубогини қўлга киритган буюк мураббий Рон Гринвудга ҳурмати баланд. У Рон билан бир неча бор учрашган ва ўта ўқимишли эканидан ҳайратда қолган. 

Шаҳзода Ҳарри «Вест Ҳэм» футболкаси билан 

Кейинчалик, Елизавета ва «Вест Ҳэм» ўртасида алоқа борлигига шаҳзода Ҳарри хатти-ҳаракатлари ҳам далил сифатида кўрсатилди. У туғилган кунида қўлида «Вест Ҳэм» футболкаси билан суратга тушди. Ҳарри «Аптон Парк» стадионига ташриф буюргани, футболкани эса унга клуб ходимлари бергани ҳақидаги тафсилотлар матбуотда негадир тушириб қолдирилди. 

«Миллуол» ҳам, «Вест Ҳэм» ҳам Лондоннинг энг нотинч Ист Энд ҳудудида жойлашган. Урушдан олдин бу ерда фашистлар ва анархистлар яшаган, кейин эса Осиё ва Африкадан келган минглаб муҳожирлар, шунингдек, маҳаллий фабрикаларнинг ишчилари қўналға топган. Бу ерда Гай Ричи «Карталар, пуллар ва иккита қурол» билан «Катта ўлжа» фильмларини суратга олган. Ҳудуд аҳолисининг сўзларига кўра, фильмдаги зўравонлик билан боғлиқ воқеалар бу ерда мунтазам содир бўлиб туради. Буларнинг барчаси қироличанинг севимли клуби ушбу ҳудуддан эмаслигига асосий далилдир. 

Балки «Арсенал»дир? 

Елизаветанинг қайсидир клубга мухлислик қилиши ҳақидаги навбатдаги далиллар 2007 йилда пайдо бўлган. Бу сафар улар жиддийроқ эди. 

«Арсенал» ниҳоят янги стадионни қуриб битказди – очилиш маросими 2006 йилнинг октябрига белгиланди ва клубнинг 120 йиллигига бағишланди. Тадбирга қиролича ҳам таклиф қилинди, бироқ Елизавета хасталиги туфайли келмади. Унинг ўрнига «Эмирейтс»ни эри Филипп очди. 

Қироличанинг эри Филипп «Эмирейтс»да 

Бир неча ой ўтгач, «Арсенал» Букингем саройига таклиф қилинди. 

«Қиролича белидаги муаммолар туфайли «Арсенал»нинг янги стадионини расман оча олмаганидан ҳафсаласи пир бўлди», деди Елизавета вакилларидан бири. «Шунинг учун, Ҳазрати Олиялари лойиҳанинг барча иштирокчиларига машаққатли меҳнат учун миннатдорчилик билдириш, шунингдек, янги одамлар билан танишиш мақсадида зиёфат уюштиришга қарор қилди». 

Қиролича Елизавета II ва «Арсенал» бош мураббийи Арсен Венгер 

Бу мисли кўрилмаган ҳолат эди: биринчи марта қиролича қабулига бутун бир футбол клуби ташриф буюрди. Арсен Венгер, Тьерри Анри ва бутун жамоа қиролича қароргоҳида 40 дақиқа вақт ўтказди. У ўйинчилар билан хотиржам мулоқот қилди, сарой ҳақида ҳикоя қилди ва Анрининг кўп қиррали истеъдодини мақтади. 

Қиролича Елизавета II ва «Арсенал» футболчилари 

Қиролича 19 ёшли Сеск Фабрегасда катта таассурот қолдирди: «У менинг кимлигимни аниқ билар экан», деди у Испания радиосига берган интервьюсида. – Биз бироз суҳбатлашдик, Испания қиролини муҳокама қилдик. Кейин у бизга узоқ вақтдан бери «Арсенал»га мухлислик қилишини ва бизни кўрганидан жуда хурсанд эканини айтди». 

Бу сўзлар Англияда ахборот бомбасини портлатди. Нашрлар яна сарой вакилларидан изоҳ сўрай бошладилар. The Sun яна бир суриштирув ўтказди. Нашрга кўра, қиролича эллик йилдан кўпроқ вақт давомида «Арсенал»га мухлислик қилиб келмоқда. Бу мухлисликни унга онаси сингдирган. У «Арсенал»нинг қанот ҳимоячиси Денис Комптон истеъдодига қойил қолган. Денис «Арсенал» сафида атиги 54 та ўйин ўтказди (уруш ва соғлиғи халақит берди), лекин 1948 йилда чемпионлик ва 1950 йилда Англия Кубогида ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. 

«Эмирейтс»нинг очилиш маросимига таклиф билан боғлиқ далиллар ҳам топилди. 1936 йилда Елизаветанинг амакиси, Уэлс шаҳзодаси эски «Ҳайбери» стадионида ғарбий трибунани очган эди. 

Қиролича матбуотда тарқалган бундай хабарларга ҳам изоҳ бермади. 

Наҳотки «Глазго Рейнжерс»? 

Шотландиянинг Глазго шаҳри парламенти аъзоси Иэн Дэвидсон Букингем саройига уюштирилган экскурсия чоғида «Глазго Рейнжерс» клуби фотосуратига дуч келди. Расм бинонинг юқори қаватларидан бирида, одатда сайёҳлар бормайдиган қисмида осиб қўйилган. 

«Бу расм қайси йил олинганини аниқ билмайман. Лекин бу, албатта, «Рейнжерс» – мен уларнинг либоси ва сурат тепасидаги ёзувдан танидим», деб тушунтирди Дэвидсон. 

Афсуски, у суратни айнан ким осиб қўйганини сўрамаган. Эҳтимол, бу Филипп ёки қироличанинг фарзандларидан бири бўлиши мумкин. Аммо «Рейнжерс» мухлислари бу ғояни дарҳол илиб кетишди ва ўз жамоасини «Қиролича йигитлари» деб атай бошлашди. 

Севимли клуб ҳақидаги кўплаб саволларга Букингем саройи вакили ҳар доимгидек қисқа ва сирли тарзда жавоб қайтарди: «Қиролича ўз ҳукмронлиги даврида мамлакат кубоги ва жаҳон чемпионати ўйинларига ташриф буюрган. У, албатта, Англия миллий жамоасини қўллаб-қувватлайди. Қолганини эса билишимиз шарт эмас».

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид