Жаҳон | 08:10 / 15.09.2022
17041
10 дақиқада ўқилади

Европа иттифоқи санкцияларни узайтирди: урушнинг 203-кунидаги асосий воқеалар

Россия Қуролли кучлари Кривий Риг гидротехника иншоотларига зарба берди, натижада Ингулец дарёсидаги сув кескин кўтарилди. Зеленский озод қилинган Изюмга етиб келди. Европа иттифоқи Украинадаги уруш учун санкцияларни узайтирди.

Фото: Getty Images

Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий босқини 203-кунида, 14 сентябр, чоршанба куни рус қўшинлари қўшни давлатнинг босиб олинган аҳоли пунктларини ҳамон назорат остида ушлаб туришга ҳаракат қилди, Украина Қуролли кучлари (УҚК) ва унинг ҳудудий мудофаа бўлинмалари тажовузга қаршилик кўрсатди. Мамлакат шарқи ва жанубида Украина бўлинмаларининг қарши ҳужуми давом этмоқда. Уришаётган томонлар вакилларининг баёнотларини мустақил манбалардан текширишнинг иложи йўқ.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, РФ Қуролли кучларининг ҳаво ва ракета зарбаларидан 15 дан ортиқ аҳоли пунктлари, жумладан Билогоривка, Спорний, Верхнокамянске, Степове, Сухий Ставок, Билогирка, Безименное ва Мала Сейдеминуха инфратузилмаси зарар кўрган. Кеча кечқурун россияликлар Миколаив ва Краматорск фуқаролик инфратузилмаларига ракета ҳужумларини уюштирди, ўтган кун давомида жами 8 та ракета, 4 та авиация зарбаси ва ялпи ўт очиш реактив тизимларидан 15 та ҳужум қайд этилди, дейилади Facebook’да эълон қилинган кечки тезкор ҳисоботда.

Украина Бош штаби, шунингдек, Россия қўшинлари ҳарбий техниканинг алоҳида намуналарини сақлаб қолиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ўзлари назорат қилган ҳудудларга ва Россия ҳудудига эвакуация қилишга уринаётгани ҳақида ҳам хабар берди. «11 сентябрдан 12 сентябрга ўтар кечаси Луганск областида Лутугине аҳоли пунктидан Россия-Украина чегараси йўналишида С-300 ва «Бук» комплекслари ўрнатилган карвонлар кузатилди», — дейилади хабарда. 

14 сентябр куни кечқурун Россия кучлари Украинанинг муҳим инфратузилмасига, бу сафар Украина президенти Володимир Зеленскийнинг она шаҳри Кривий Ригга навбатдаги зарба берди. Оқибатда гидротехник иншоотлар шикастланди ва Украина ОАВ ёзишича, Ингулец дарёсида сув сатҳи 2-3 метрга кўтарилган. Президент девони раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенконинг дастлабки маълумотларига кўра, Кривий Ригга Россиянинг 8 та қанотли ракеталари етиб келган. У бу ҳаракатларини украиналикларга қарши «террорчилик ҳаракати» деб атади. 

Шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Вилкулнинг айтишича, вазият назорат остида, сув таъминоти аллақачон бошланган. У батафсил маълумот беришдан бош тортди, чунки у Россия томонига етиб бориши хавфи бор. «Россияликлар стратегик авиация самолётларидан еттита Х-22 қанотли ракеталари билан зарба берди. Улар муҳим ва транспорт инфратузилмаси объектларига тегди. Гидротехника иншоотларига жиддий зарар етказилди. Қурбонлар йўқ. Кривий Ригнинг бир қанча туманлари сувсиз қолган», - дейди Днипропетровска раҳбари Валентин Резниченко Telegram’да.

Ўз навбатида, Зеленский Россия қўшинларини Кривий Ригни сув остида қолдиришга уринишда айблади. «Террорчи мамлакат тинч аҳолига қарши курашни давом эттирмоқда. Бу сафар гидротехник иншоотларга ракета зарбалари ва Кривий Ригни сув босишига уриниш. Босқинчилар фақат ваҳима уйғотиш, фавқулодда вазият яратиш, одамларни ёруғлик, иссиқлик, сув ва озиқ-овқатсиз қолдиришга уринишни билади», деб ёзди у Telegram’да. 

Айни пайтда, Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр 6 сентябрдан буён Украина қўшинлари Харкив областида 8500 квадрат метрга яқин ҳудуд, 388 аҳоли пункти ва 150 минг кишини озод қилганини айтди. «Биз бу муваффақиятни анчадан бери кутган эдик, лекин ҳали ҳам курашишимиз керак. Тўлиқ ғалабадан олдин ҳали кўп халқимиз ва ерларимизни озод қилишимиз лозим. Бизга ҳали кўп вақт, куч ва сабр керак», деди у Facebook’да. 

Ўз навбатида, Харкив раҳбари Олег Синегубов Зеленский билан учрашувда Харкив областининг қарийб 6 фоизи Россия кучлари назорати остида қолганини таъкидлади. 16 та аҳоли ҳудуди тўлиқ, яна еттитаси қисман озод қилинган. Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужумидан олдин рус қўшинлари Харкив области 32 фоизини назорат қилган, дейилади маълумотда.

Шу куни Володимир Зеленский Харкив областининг озод қилинган асосий шаҳарларидан бири – Изюмга ташриф буюрди. У, шунингдек, Анна Маляр, Украина Қуролли кучлари ва бир неча кун олдин шаҳарни озод қилган бошқа хавфсизлик кучлари вакиллари шаҳар устидан Украина байроғини кўтариш маросимида иштирок этдилар, деб ёзди Украина қуролли кучлари 25-алоҳида Сечеслав ҳаво-десант бригадаси Facebook’да.

Россиянинг қўшни Белгород областида, худди шу куни яна Украинадан ўққа тутилганини эълон қилишди. «Украина Қуролли кучлари Красний Хутор қишлоғи ҳудудини ўққа тутишда давом этмоқда. У ерга жўнаб кетяпман. Жабрланганлар йўқ. Учта хонадон вайрон бўлган. Айрим аҳоли ўзлари қариндошлари ва дўстларининг ёнига йўл олмоқда», деб ёзди Белгород губернатори Вячеслав Гладков Telegram’да. 

Европа иттифоқи Кенгаши Украина ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказиш ёки таҳдид қилишда айбдор шахсларга нисбатан санкцияларни олти ойга, 2023 йил 15 мартгача узайтирди. 1206 нафар жисмоний ва 108 нафар юридик шахсга нисбатан жазо чоралари қўлланилди. «Европа иттифоқи Россиянинг тинч аҳолига ва фуқаролик инфратузилмасига пала-партиш ҳужумларини кескин қоралайди ва уни Украинанинг барча ҳудудларидан халқаро тан олинган чегаралар доирасида барча қўшинлари ва ҳарбий техникаларини зудлик билан, сўзсиз олиб чиқиб кетишга чақиради», дейилади баёнотда. Европа иттифоқи, шунингдек, халқаро гуманитар қонунларга риоя қилишга чақирди ва уруш жиноятларини содир этган барча айбдорлар жавобгарликка тортилишига ишонч билдирди.

Украина бош вазири Денис Шмигалнинг айтишича, Киев сентябр охиригача Европа иттифоқидан 5 миллиард евро, октябр-ноябр охиригача яна 3 миллиард евро олишни кутмоқда. «Макромолиявий ёрдам Европа иттифоқидан икки траншда келади. Улардан 5 миллиард евро - имтиёзли кредитлар, 3 миллиард евро - грант кўринишида», - деди у. Айни пайтда Украина кредиторлари Киевнинг ташқи қарзи бўйича тўловларни 2023 йил охиригача музлатиб қўйиш бўйича ўзаро англашув меморандуми ҳақида келишиб олди. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлиги хабар берди.

Украина Киев областини босиб олиш чоғида ҳарбий жиноятлар содир этганликда гумон қилинган 5 мингдан ортиқ россиялик ҳарбийларнинг шахси аниқланганини эълон қилди. Област полиция хизмати раҳбари Андрей Небитов Халқаро жиноий суд ва Украина адлия тизими «уларни албатта жавобгарликка тортишига» умид билдирди. Небитов қўшимча қилишича, гумон қилинаётган аскарларнинг бир қисми аллақачон фронтнинг бошқа қисмларига ўтказилган.

Германия канцлери Олаф Шолц Россия президенти Владимир Путин билан бир кун аввал бўлиб ўтган ва 1,5 соат давом этган телефон суҳбатига изоҳ берди. Шолцнинг сўзларига кўра, у Путиннинг Украинага қарши уруш бўйича позициясида ҳеч қандай ўзгариш кўрмаган. «Афсуски, унда бу урушни бошлаш хато бўлганини англаш кучайиб боряпти, деб айта олмайман», деди Германия ҳукумати раҳбари. «Кремлда янги қарашларнинг пайдо бўлиши аломатлари йўқ», дея қўшимча қилди Шолц. 

Украина бош вазирининг Европа ва Евроатлантика интеграцияси бўйича ўринбосари Олга Стефанишина айтишича, Россия расмийлари сўнгги кунларда Украинага музокараларни қайта бошлашни бир неча бор таклиф қилган. «Украина ҳеч қачон музокаралардан чекинмаган. Лекин Россия ҳар ой содир этган ва содир этаётган жиноятларнинг оғирлигини ҳисобга олсак, музокаралар учун таъсир кучи февралдагидан фарқ қилади», деди у France 24 телеканалида. 

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Россия президенти билан телефон орқали мулоқот қилди. Гутерриш Путин билан Қора денгиз ғалла ташаббусини узайтириш имкониятлари, Россия томонидан босиб олинган Запорижжя атом электр станциясидаги вазият ва Россиядан ўғитлар экспортини муҳокама қилди. Бундан ташқари, томонлар июл ойи охирида собиқ 120-сонли ахлоқ тузатиш колониясининг ўққа тутилиши натижасида 50 дан ортиқ киши ҳалок бўлган Оленивкадаги фожиа фактларини аниқлаш бўйича миссия билан ҳамкорлик қилиш масаласини кўтарди.

Кремль бир кун аввал Киев таклиф қилган Украина учун хавфсизлик кафолатлари лойиҳасига изоҳ берди. Ушбу ҳужжат Россия олиб бораётган уруш мақсадларининг долзарблигини тасдиқлайди, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. «Умуман олганда, биз маълум бир ҳужжат ҳақида гапиряпмиз ва ҳеч ким Украина НАТОга аъзо бўлишидан олдин бу ҳужжатни назарда тутаётганини яширмаяпти», деди Песков. Унинг сўзларига кўра, Россия учун асосий таҳдид янада сезиларли бўлиб бормоқда ва бу «махсус ҳарбий операция» ўтказиш заруратини келтириб чиқарди. 

Reuters агентлиги Москвадаги манбаларига таяниб, Путин уруш бошидаёқ Киев билан келишишдан бош тортгани ҳақида ёзди. Унга кўра, Россия президенти маъмурияти раҳбари ўринбосари Дмитрий Козак Киев билан Москванинг Украина НАТО таркибига кирмаслиги ҳақидаги талабини қондирадиган дастлабки келишувни тайёрлаган, Путин унга рози бўлмаган ва ҳарбий кампанияни давом эттирган. 

Мавзуга оид