Украина дронлари яна Россия регионлари бўйлаб ёпирилма ҳужум амалга оширди. РФ мудофаа вазирлиги ҳисоботига кўра, Россиянинг 14 региони, аннексия қилинган Қрим ва Азов денгизи узра украинларнинг 249 та дрони уриб туширилган.
Ярославл области раҳбари Михаил Евраев дронлар ёқилғи сақланувчи саноат объектларига урилгани ва бунинг натижасида ёнғин чиққани ҳақида хабар берган. У айнан қайси объектлар ҳужумга учраганига аниқлик киритмаган. Жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ. Ҳужум вақтида маҳаллий расмийлар ҳудуд марказидан пойтахт Москва томон транспортлар ҳаракатини тўсиб қўйган.
Россиянинг Astra нашри журналистлари ижтимоий тармоқларда тарқалган фото ва видеоларни таҳлил қилиб, региондаги ҳужум нишони Рибинскда жойлашган «Темп» комбинати бўлган, деган хулосага келишган. Ушбу корхонада ёқилғи ҳам сақланади. Украина бу комбинатга 2025 йил 31 декабрида ҳам ҳужум қилганди.
Рибинск узра қуюқ тутун кўтарилган, маҳаллий аҳоли вакиллари дронлар ҳужумидан кейин шаҳар узра «нефт ёмғири» ёғиб ўтганини айтишган.
Тула областида уриб туширилган дрон қолдиқлари Новомосковскдаги саноат корхоналаридан бирининг ҳудудига қулаган, деб хабар берди губернатор Дмитрий Миляев. У гап айнан қайси корхона ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган. Жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.
Astra нашри ва Украинадаги Exilenova+ телеграм-каналига кўра, украин дронлари ҳужумидан кейин «Азот» кимё комбинатида ёнғин чиққан. Украина бу комбинатга ҳам аввал бир неча бор зарба берганди, охиргиси 8 июн куни кузатилган. Завод сайтида «Азот» – мамлакатдаги энг йирик аммиак ва азотли ўғит ишлаб чиқарувчиси экани қайд этилган (азот кислотаси портловчи моддалар ишлаб чиқаришда қўлланади).
Орлов области губернатори Андрей Кличков «тун нотинч ўтгани»ни хабар қилган. Расмийларга кўра, Орёл шаҳрида украинлар дрони кўп қаватли турар жой биносига урилган. Журналистлар аниқлашича, гап «Зелений остров» турар жойлар комплекси ҳақида бормоқда. Уйнинг бир неча қавати олов ичида қолган. Ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, яна саккиз киши яраланган. Ҳужумга учраган квартираларда яшовчилар меҳмонхоналарга жойлаштирилган.
Смоленск областининг Вязме шаҳрида украин дрони парчалари хусусий уйлардан бирининг устига қулаган, деб хабар беради губернатор Василий Анохин. У ерда ёнғин чиққан. Жабрланган аёл шифохонага ётқизилган. Аннексия қилинган

















