Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари Тошкент шаҳри туманларидаги кўп қаватли уйларда ижара нархлари қандай эканини таҳлил қилди.

Қайд этилишича, пойтахтда ўртача ижара нархи 339 долларга тенг. Ижара нархлари бўйича энг паст нарх Сергели ва Олмазор туманларида, энг баланд нарх эса Миробод ва Яккасарой туманларида қайд этилган.

Ижара бизнесининг даромадлилиги (rental yields - уйни ижарага бериш орқали бир йилда олинадиган даромад) Тошкент шаҳри учун 10 фоизни ташкил этади.Таққослаш учун, бу рақам Руминияда 6 фоизни, Полшада 5 фоизни, Германияда 3 фоизни, Туркияда эса 2 фоизни ташкил этади. Ҳозир Тошкентда кўчмас мулкни ижарага беришдан олинадиган даромад ўртача банк валюта депозитлари тушумидан (3,4 фоиз) уч баравар кўпроқ. Бу эса жамғармаларни кўчмас мулкка сарфлаш ва уни ижарага бериш валютада депозит кўринишида сақлашдан кўра фойдалироқ эканлигини кўрсатади.

Хонадон ва ижара нархи нисбати (price/rent ratio) кўрсаткичи Тошкент учун 10 йилни ташкил этади. Бу кўрсаткич Туркияда 52 йилга, Германияда 34 йилга, Полшада 18 йилга, Руминияда 17 йилга тенг. Демак, Тошкентда шахсий уйга эгалик қилиш ижарада туришга қараганда арзонроқ. Бу эса табиий равишда одамларда ижарада туришдан кўра ўз уйига эга бўлиш истагини кучайтиради.

Тошкент шаҳри марказидаги хонадоннинг ўртача нархи ЯИМнинг киши бошига тўғри келадиган улушидан (price/GDP per capita ratio) 50 баробар кўп. Бу кўрсаткич Украинада 158 баробар, Россияда 87 баробар, Буюк Британияда 66 баробар, Швейцарияда 20 баробар, Германияда 17 баробар, Люксембургда 5 баробарни ташкил этади. Бу умумий ҳисобда одамларнинг харид қобилияти паст ёки юқорилигини кўрсатади.

The Economist нашрининг маълум қилишича, уйга эгалик қилиш кўрсаткичи қанчалик юқори бўлса, уй бозорида нархлар шунчалик ўзгарувчан бўлади. Масалан, Швейцарияда уйга эгалик қилувчилар улуши 3 фоиз, Буюк Британияда 60 фоиз атрофида. Шунга мос равишда Швейцарияда уй нархлари 1970 йилдан 2019 йилгача 70 фоизга, Буюк Британияда эса 346 фоизга ошган.  

Бундан ташқари, ижарада туриш кўрсаткичининг ошиши макроиқтисодий кўрсаткичларга ҳам таъсир этади. Масалан, АҚШда уйга эгалик қилиш кўрсаткичи ошгани сайин ишсизлик даражаси ҳам ошган. Бу бир томондан одамларда бошқа жойга кўчиш хоҳиши йўқолиши, иккинчи томондан эса иш ўринлари мавжуд жойларга кўчиб ўтиш қимматлашиши билан боғлиқ.