Жаҳон | 10:43 / 17.09.2022
11941
3 дақиқада ўқилади

Таллиндаги НАТО ҳарбий қўмитаси Украинани қўллаб-қувватлаш масаласини муҳокама қиляпти

Эстония президенти НАТО ҳарбий қўмитаси конференцияси очилишида Киевни янада қўллаб-қувватлашга чақирди. Агар Украинадаги можаро музлатилса, у Европа юрагидаги йирингли яра бўлиб қолади, дейди Алар Карис.

Фото: Reuters

Эстония пойтахтида НАТО ҳарбий қўмитаси конференцияси бўлиб ўтмоқда. Бу форматнинг асосий вазифаларидан бири - Мадриддаги НАТО саммитида келишилган қарорларни амалга ошириш. Эстония президенти Алар Карис 16 сентябр, жума куни форум очилишида сўзлаган нутқида Украинадаги вазиятга тўхталиб, Россия агрессиясига қарши Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттиришга чақирди.

«Ҳозир - Украина жанг майдонида биринчи муваффақиятларни ривожлантиришда давом этишига кўмак кўрсатиш вақти», деди Карис. «Ҳаммамиз биламизки, уруш тугашига ҳали анча бор. Бу нима бўлишидан қатъий назар ҳарбий ёрдамни давом эттиришимиз кераклигини англатади. Украина муваффақиятларидан фойдаланмаслик катта хато бўлади», - деди Эстония давлати раҳбари.

Унинг фикрича, агар Украинадаги можаро музлатилса, у Европа юрагидаги йирингли яра бўлиб қолади. «У бизга йиллар давомида Россия билан қарама-қаршилик циклидан чиқиб кетишга тўсқинлик қилади», деди Алар Карис. «Европа хавфсизлиги ва барқарорлиги нуқтайи назаридан, Россияга қарши энг самарали стратегия ҳали ҳам иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий чораларни чеклашдир», деди Карис.

Эстониядаги йиғилишда Ироқдаги қуролли кучлар учун НАТО инструкторларини тайёрлаш (NATO Mission Iraq, NMI) ва Косовода хавфсизликни таъминлаш учун Альянс бошчилигидаги масъул халқаро кучлар (KFOR) фаолияти билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилади.

Финландия ва Швеция мудофаа вазирлари Антти Кайкконен ва Петер Хултквист бу йил илк бор таклиф этилган меҳмон сифатида конференцияда иштирок этмоқда. Форум 18 сентябрга қадар давом этади. Йиғилишга НАТО ҳарбий қўмитаси раҳбари адмирал Роб Бауэр раислик қилмоқда. 

Ҳарбий қўмита йилига икки марта НАТОнинг Брюсселдаги штаб-квартирасида мудофаа вазирликлари раҳбарларининг йиғилишлари учун йиғилади, йилига бир марта конференция альянс давлатларидан бирида ўтказилади. 

Форум Шимолий атлантика кенгашига глобал хавфсизлик муаммоларига қандай жавоб бериш бўйича консенсусга асосланган ҳарбий маслаҳатлар беради. Ҳарбий қўмита ишини НАТО штаб-квартирасидаги мамлакатларнинг доимий ҳарбий вакиллари таъминлайди. Унинг таркибига альянсга аъзо 30 та давлат штаб бошлиқлари киради. 

НАТОнинг июн ойи охирида Мадридда бўлиб ўтган саммитида альянс аъзолари Литвада жойлашган НАТО халқаро батальонини Германия бошчилигидаги катталиги 3000-5000 аскардан иборат бригада бўлинмасигача кенгайтиришга келишиб олди. 

Литвада, шунингдек, Болтиқбўйи бошқа давлатлари ва Полшадаги НАТО халқаро батальонлари 2017 йилда Россия Қримни аннексия қилганидан кейин минтақада хавфсизлик хавотирлари кучайган шароитда жойлаштирилган эди. 

Мавзуга оид