Жаҳон | 18:39 / 19.09.2022
9193
2 дақиқада ўқилади

Нигерияда доллар тақчиллиги мамлакат иқтисодиётини инқирозга олиб келмоқда

Нефт захиралари бўйича дунёда ўнинчи ўринда турадиган Нигериянинг олтин-валюта захиралари йил бошидан бери 5 фоизга камайган. 

Фото: Reuters

Нақд доллар етишмовчилиги сабабли Нигерия иқтисодиёти нефт нархи кўтарилишига қарамасдан инқирозга учради, деб хабар берди Financial Times нашри.

Мамлакат ҳукумати миллий валюта найрадан фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида валюта операцияларига қўйган чекловлар боис Нигерияда доллар тақчиллиги юзага келди. Ҳукумат доллар сотиб олишни чеклади ва найрани бир неча марта девалвация қилди. 

Қайд этилишича, нефт захиралари бўйича дунёда ўнинчи ўринда турадиган Нигериянинг олтин-валюта захиралари йил бошидан бери 5 фоизга камайган. 

Доллар сотиб олишга нисбатан чеклов киритилиши натижасида валюта қора бозори пайдо бўлди - долларнинг расмий курси 420 найра бўлса, қора бозорда 700 найрани ташкил этмоқда. 

Нашрнинг ёзишича, кенг миқёсдаги коррупция ва самарасиз иқтисодий чоралар нефтга бой Нигериянинг ушбу хомашё экспортини ошира олмаслигига олиб келди. Нигериянинг кунлик квотаси 1,8 млн баррел бўлгани ҳолда, мамлакат кунига 1,1 млн баррел нефт экспорт қилмоқда.

Мамлакатда доллар тақчиллиги хориж компаниялари билан алоқа қилувчи маҳаллий компаниялар, маҳаллий инвесторлар ва фарзандлари хорижда таҳсил оладиган фуқароларга борган сари кучлироқ зарба бермоқда. Улар тўлов учун доллар топишга тобора қийналишмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид