Дунё таҳдидларга тўлганини кўряпмиз ва фақат кучли жамиятлар бу чақириқларга жавоб бера олишини тушуняпмиз. Кучли жамият эса аксари ўрта синфдан иборат бўлган жамият. Яъни ўзига тўқ ва шу аснода – онгли жамият. Бундай жамият шундай бир моддаки, у фақат адолат муҳитида, қонунлар ишлайдиган, тартиблар ҳамма учун баробар бўлган муҳитда юзага келади.
Бизга инвесторлар келишини истаяпмиз. Чунки айнан инвестициялар охир-оқибат ўша тўқ, онгли қатламни юзага келтиради. Аммо кўп ҳолатларда ҳатто ўзимизнинг ички инвесторимизни авайламаяпмиз. Масалан, қишлоқ хўжалигимизга инвестиция киритишни истайдиганлар топиляпти. Жойларда фермерлар ўз пулини тикиб, кооперативларга бирлашишяпти, пахта етиштиришяпти. Бироқ улар етиштирган ҳосилга кўз олайтириш ҳолатлари кузатилмоқда.
Жумладан, яқинда Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида бўлдик. Ҳудудда фермерлар бирлашиб, кооператив тузган. Аммо пахтаси очилгач, унга эга чиққан.
Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида эса вазият янада жиддийроқ: кооперативнинг пахтасини босқинчилик йўли билан олиб кетишяпти. Фермерлар кооператив билан шартнома тузиб қўйганига қарамай, тегишли идоралар келиб, кластер билан шартнома тузишни ўз услубларида “илтимос” қилишган.
Умуман олганда, кейинги пайтларда бу каби ҳолатлар республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам кўзга ташланяпти – фермерлар кластерларга “ем бўлмоқда”. Афсуски, бундай ҳолларда “қонун одамлари” бўлган прокурорлар негадир жим туриш ёки иккинчи томонни “қўллаб юбориш” йўлини танлаяпти.
Kun.uz айни шу масалада бир нечта мутахассислар фикрларини тақдим этмоқда.
Ҳуқуқшунос Абдувоҳид Якубовга кўра, кооперативнинг пахта ҳосилини зўравонлик билан олиб кетиш жиноятдир:
— “Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасига асосан, фермер хўжаликлари ихтиёрий равишда бирлашишлари мумкин. Демак, Учкўприк ва Жарқўрғонда фермерлар шу асос ҳамда “Кооперация тўғрисида”ги қонундан келиб чиққан ҳолда ўзларининг уюшмаларини тузишган. Бу кооператив фермер хўжаликлари билан пахта хомашёсини сотиб олишга шартнома қилган ва уни сотиб олишни бошлаган.













