Тарих

Қирғиз ва тожик миллатлари халқ сифатида шакллангунга қадар узоқ йўлни босиб ўтган. Тожикистон ва Қирғизистон тўқнашаётган ҳудудлар қадимда Кушон, Эфталитлар, Буюк Турк хоқонлиги, Араб халифалиги, Сомонийлар (тожик давлатчилиги), Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Қорахитойлар, Мўғуллар, Темурийлар, Шайбонийлар, Бухоро ва Қўқон хонлиги таркибида бўлган.

Қирғизларнинг бу ерларга келиши Буюк Турк хоқонлиги билан боғланса, тожиклар ўз тарихларини ўлкада яшаган қадимий қабилаларга улайди.

Тожиклардан фарқли равишда қирғизлар ўрта асрларда ўз давлатини қуришга эришган, улар ҳозирги Қирғизистон давлатининг шимолий қисмларида ҳукмронлик қилган.

Кўп асрлар давомида Тожикистоннинг ғарбий қисми Бухоро, шарқий қисми эса Қўқон хонлиги таркибида бўлиб келади.

Минтақа Чор Россияси томонидан эгаллангач, ҳозирги Қирғизистон ҳудуди Туркистон генерал-губернаторлигининг Еттисув вилояти таркибига киради. Тожикистоннинг ғарбий қисми Бухоро амирлиги назоратида қолди, шарқий ва шимолий қисми эса генерал-губернаторликнинг Фарғона вилояти ҳудудига киритилади.

1924 йил СССРда миллий-чегараланиш ўтказилди ва Россия ССР таркибидаги автоном Қора-қирғиз республикаси ташкил этилди. Шу йили Ўзбекистон ССР таркибида Тожикистон АССР ҳам ташкил топди. Тожикистон 1929 йил, Қирғизистон эса 1936 йилда мустақил давлат сифатида қайтадан иттифоқ таркибига қўшилди.

1991 йил СССР тарқалиб, республикалар мустақилликка эришгач, бошқа собиқ иттифоқ давлатлари каби икки давлат ўртасида ҳам чегара бўйича илк мунозаралар бошланди. Гап учга бўлинган Фарғона водийсидаги сарҳадлар ҳақида бораётганди.

Бироқ тез орада Тожикистонда бошланган фуқаролик уруши музокараларни тўхтатиб қўяди. Икки давлатнинг асосий чегара чизиқларини аниқлаш ортга сурилади. Бу эса ҳар икки томон баъзи ҳудудларни ўзиники деб ҳисоблаши ва тўқнашувлар юз беришига олиб келади.

«Фарғона умумий уйимиз»

Ўзбекистонда кўпчилик Фарғона водийси сифатида уч вилоят — Фарғона, Наманган ва Андижонни билади. Аммо Фарғона водийси анча катта географик ҳудуд бўлиб, Тожикистоннинг Хўжанд, Қирғизистоннинг Ўш, Боткен ва Жалолобод вилоятларини ҳам қамраб олади. Фарғона водийсида жами еттита анклав мавжуд бўлиб, уларнинг олтитаси Қирғизистонда, биттаси Ўзбекистонда жойлашган. Ушбу анклавлар нафақат Фарғона водийси, балки Марказий Осиёнинг кескинлик ўчоқларидир.