14 ва 15 июл, душанба ва сешанба кунлари Исроил ҳаво кучлари Суриядаги ҳукумат қўшинларининг ҳарбий техникаси ва таъминот йўлларига зарба берди. Бу Сурия армияси мамлакат жанубида жойлашган, дарзий этник-диний озчилик вакиллари ихчам яшайдиган шу номдаги провинция пойтахти Сувайда шаҳрига кириб келганидан кейин содир бўлди.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва мудофаа вазири ЦАҲАЛ операцияси биринчидан, ҳукумат кучларининг дарзийларга қарши зўравонликларини олдини олишга қаратилган бўлса, иккинчидан, Суриянинг Исроил чегараси яқинида жойлашган ҳудудларини демилитаризация қилишни таъминлашга йўналтирилганини айтди. Нетаняҳу ва Кац Сурия кучларининг бу ҳудудларда жамланганини яҳудий давлати хавфсизлигига таҳдид деб атади.
Суриянинг SANA давлат ахборот агентлиги Исроил зарбалари фактини тасдиқлади, бироқ тафсилотларни келтирмади. Қароргоҳи Буюк Британияда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари кузатув кенгаши (SOHR) маълумотларига кўра, Сурия ҳукуматининг камида битта танки йўқ қилинган. Шунингдек, Сурия ИИВнинг бир ҳарбий хизматчиси яраланиб, касалхонага ётқизилгани хабар берилган.

















