Жамият | 15:35 / 28.09.2022
14311
3 дақиқада ўқилади

“Жиянларим ёшлигини сарфлаган уй-жойлар уларни даволатишга сотилди”: бир оила бошидаги чексиз кулфатлар

Бу оилада ота-она хаста. Уч фарзанднинг ёшлиги уй-жой ташвишида хорижда ўтган. Аммо касаллик сабаб буларнинг барчаси даволашга сарфланди. Бири саратон, бири жигар циррозидай оғир хасталиклар билан яшаётган ака-укаларга ёрдам зарур.

Андижон вилоятидаги бу оилада уч ўғил вояга етган. Турмуш ташвишлари туфайли Россияда ризқини теришга мажбур йигитларнинг учаласи ҳам бугун тақдир тақозоси билан яримжонга айланишяпти. Уларнинг тақдиридан хавотирда яшаётган кекса амакилари бу ҳақида шундай ҳикоя қилади:

“Укам қандли диабет билан оғрийди, аёли яқинда ўт қопини олдириш учун операцияни бошдан кечирди. Лекин уларнинг фарзандлари дуч келган ташвишга қараб туролмайман. Ўртанча жиянимда саратон касаллиги аниқланиб, ўз юртимизда даволанишнинг имкони йўқлигини айтишди. Уни Ҳиндистонда даволатиш учун хорижлик мутахассисларга текширтириб озгина умидимиз уйғонганда тўнғич жиянимга жигар циррози ташхиси қўйилди. Бу операция ҳам мураккаб бўлганлиги учун хорижда қилинар экан. Уларни шу кунгача даволатиш учун ака-укаларга атаб қурилган уйлар-у, олинган ерлар ҳаммаси сотилиб кетди. Ҳолбуки, жиянларим ёшликларини шу уйларни қуриш, тўй қилиш каби орзу-ҳаваслар билан Туркияда, Россияда оғир меҳнатда ўтказишган эди”, - дея ўкинади беморларнинг яқини.

Хуршидбекнинг дардга чалинганидан қайғуга тушган оиланинг бошига яна бир мусибат тушади. Катта фарзанд Шерзодбек жигар циррози билан оғриб ватанга қайтади.

“Ота-онамга укамнинг дарди етиб ортарди – уларга айтишни эп билмай юраверибман. Охири қон қайт қила бошлаганимдан кейин ўзи хаста укам мени касалхонага олиб борди.

Шифокорлар жигар кўчириш операцияси кераклигини айтишди. Менга кенжа укам донор бўлмоқчи. Оиламизда якка-ю ягона соғлом одам, хорижда ишлаб ҳаммамизни боқиб турган шу укам эди. Энди уям яримжон бўлиб қоляпти”, - дейди Шерзодбек.

Ака-укаларнинг ҳам икки нафардан фарзандлари бор. Бутун бошли оиланинг аъзолари дард билан синалаётганига, уларнинг сабр ва шукр билан бошдан кечираётганларига бефарқ қараб бўлмайди. Инсонлар қўлидан келадиган яхшилик сабаб уч забардаст ўғлон ўсган оила пароканда бўлмаслигига ишонамиз.

Шерзодбек ва Хуршидбек Болтабоевларга оид маълумотлар:

Ҳумо: 9860 2466 0175 3733 Шерзодбек Болтабоев номида

Виза: 4817 7601 3628 3839 қариндоши Илҳом Умаров номида

Манзил: Андижон вилояти, Асака тумани, Қўрғонтепа маҳалласи 18-уй.

Мавзуга оид