Жаҳон | 07:50 / 28.09.2022
10310
3 дақиқада ўқилади

Полшада Baltic Pipe газ қувури очилди

Янги газ қувури Норвегиядан 10 миллиард куб метргача газ етказиб бера олади. Унинг очилиши «газ соҳасида Россия ҳукмронлигининг тугаши» деб аталди.

Фото: AA

Полшанинг Голенюв шаҳрида Норвегиядан Полша, Дания ва қўшни давлатларга газ етказадиган Baltic Pipe газ қувурининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда 27 сентябр, сешанба куни Еврокомиссия сайтида хабар берилди.

Янги газ қувурида ҳар йили Норвегиядан Полшага 10 миллиард куб метргача газ импорти ва Полшадан Данияга 3 миллиард куб метр газни олиб ўтиш режалаштирилмоқда, деб хабар берди Еврокомиссия. 2022 йилнинг 1 октябрига газни қуйишни бошлаш режалаштирилган.

Даниянинг Energinet энергетика компанияси газ қувури ноябрь ойи охиригача тўлиқ қувват билан ишлай олишини билдирди.

«Baltic Pipe қувури минтақадаги таъминот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган асосий лойиҳа ва Европа иттифоқининг газ манбаларини диверсификация қилиш сиёсати натижасидир. Қувур жорий энергетика инқирози оқибатларини юмшатишда муҳим роль ўйнайди», - деди энергетика бўйича еврокомиссар Кадри Симсон.

«Россиянинг газ соҳасида ҳукмронлик даври якунланмоқда. Шантаж, таҳдид ва товламачилик билан ажралиб турадиган давр», - деди Полша бош вазири Матеуш Моравецкий Euronews'га очилиш маросимида берган интервьюсида.

Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланишидан олдин Россиядан газ Европага «Шимолий оқим» газ қувури орқали етказилган. Бундан ташқари, Россиядан Германияга «Шимолий оқим-2» газ қувури қуриб битказилди ва ишга туширишга тайёрланди. У ишга туширилмади, Германия Россиянинг ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР»ни тан олишига жавобан сертификатлаш жараёнини тўхтатди.

Уруш бошланганидан сўнг, «Шимолий оқим» орқали газ етказиб бериш давом этди, Россия у орқали газ оқимини дастлаб қисқартирди, кейин ягона ишлайдиган турбинанинг ишламай қолганлигини айтиб, бутунлай тўхтатди. Европа Россия газдан шантаж учун фойдаланмоқда, дея маълум қилди.

Сентябрь ойининг охирида Болтиқ денгизи туби бўйлаб ўтадиган иккала газ қувурида ҳам сизиб чиқиш юз берди, натижада улардаги босим нолга тушиб кетди. Швеция ва Даниядаги сейсмологик станциялар сизиб чиққан ҳудудда кучли сувости портлашларини қайд этган. Сизиб чиқиш сабаблари ҳали аниқланмаган, аммо баъзи далиллар саботаж эҳтимолидан далолат беради, деди Дания ва Германия ҳуқуқ-тартибот идораларидаги dpa манбалари.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид