Жаҳон | 07:19 / 28.09.2022
12440
4 дақиқада ўқилади

«Шимолий оқим» газ қувурларидаги портлашларга диверсия сабаб экани маълум қилинди

Дания, Швеция ва Полша расмийлари «Шимолий оқим» газ қувурларидаги портлашларни олдиндан ўйлаб қилинган ҳаракатлар натижаси деб ҳисобламоқда.

Фото: AP

«Шимолий оқим» газ қувуридаги портлашлар, Дания ва Полша расмийларига кўра, олдиндан ўйлаб қилинган ҳаракатлар ва саботаждир, дея маълум қилди икки давлат бош вазирлари. Бу ҳақда 27 сентябр, сешанба куни dpa агентлиги хабар берди.

«Тегишли идораларнинг баҳоси ҳозир аниқ - бу олдиндан ўйлаб қилинган ҳаракатлар натижаси. Тасодиф эмас», деди Дания бош вазири Метте Фредериксен ва расмийлар «буларнинг барчаси ортида ким туриши мумкинлиги ҳақида ҳали маълумотга эга эмаслигини» қўшимча қилди». Аввалроқ мамлакат расмийлари тергов олиб бораётгани ва «баъзи далиллар қўпорувчилик эҳтимоли борлигини кўрсатаётгани» хабар қилинганди.

Дания иқлим ва энергетика вазири Ден Ёргенсен геологларнинг газ қувурларида портлашлар содир бўлгани ҳақидаги маълумотларини тасдиқлаб, қувурлар тубида чуқур жойлашгани, у пўлат ва бетондан ишланганини ва сизиб чиқаётган жойларнинг ўлчами бу бахтсиз ҳодиса бўлиши мумкин эмаслигини кўрсатишини таъкидлади.

Швеция ташқи ишлар вазири Анн Линде ижтимоий тармоқда «Дания ва Швециянинг махсус иқтисодий зоналаридаги «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2»да газ сизиб чиқиши портлашлар, эҳтимол, саботаж туфайли содир бўлган», деб ёзди.

«Ҳозирча содир бўлган воқеа тафсилотларини билмаймиз, аммо бу ерда қўпорувчилик ҳаракати содир бўлганини аниқ кўряпмиз», деди Полша бош вазири Матеуш Моравецкий.

Ёзда АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) Германия ҳукуматини Болтиқ денгизидаги газ қувурларига эҳтимолий ҳужумлар ҳақида огоҳлантирди, деб ёзади Der Spiegel манбаларга таяниб.

Nord Stream 2 AG оператори ҳам тасодифий аварияга ишонмаяпти, деб ёзади dpa. Компаниянинг таъкидлашича, Болтиқ денгизи тубидаги газ қувурлари шундай ётқизилганки, бир вақтнинг ўзида бир нечта қувурнинг, масалан, кема ҳалокати натижасида шикастланиш эҳтимоли жуда кичик.

Швеция миллий сейсмик тармоғи (SNSN) биринчи портлашни 26 сентябрга ўтар кечаси, иккинчи портлашни эса ўша куни кечқурун қайд этган. Улардан бирининг магнитудаси 2,3 га тенг. «Тўлқинлар қандай қилиб пастдан ерга сакрашини аниқ кўришингиз мумкин. Бу портлашлар эканлигига шубҳа йўқ», - деди SNSN сейсмологи Бёрн Лунд. Потсдамдаги Геофизика тадқиқот маркази (Geoforschungszentrum, GFZ) томонидан иккита сувости зарбаси ҳам қайд этилган.

27 сентябр куни Дания қуролли кучлари қувурлардан газ сизиб чиқиши акс этган видеони эълон қилди. Кадрларда Болтиқ денгизи юзасига чиқадиган қувурларнинг шикастланган қисмларидан газ пуфакчалари қандай кўтарилиши кўрсатилган. Қайд этилишича, энг катта сизиб чиқиш сувда диаметри 1 километр бўлган тўлқинларни ҳосил қилади.

Германия Федерал тармоқ агентлиги (Bundesnetzagentur, BNetzA) газ қувурларидаги авариялар мамлакатнинг ёқилғи таъминотига таъсир қилмаслигини таъкидлади, чунки қувурлар газ импорти учун ишлатилмаган.

Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли Германия «Шимолий оқим-2» газ қувури учун сертификатлаштириш жараёнини музлатиб қўйди ва у ишга туширилмади. Ёзда «Шимолий оқим» орқали газ етказиб бериш аввалига ўтказиш қувватининг 20 фоизигача пасайган, август ойидан эса улар амалда тўхтатилганди. Кремлнинг таъкидлашича, бу газ қувуридаги техник ишлар билан боғлиқ. Берлин ва Европа иттифоқи бу тушунтиришларни баҳона деб атади ва Москвани шантаж учун газдан фойдаланганликда айблади.

Мавзуга оид