ССВ: Ўзбекистонда илк бор робот-хирург ёрдамида мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди
Ўзбекистонда робот-хирург кўмагида бир ҳафта муддат ичида 8 нафар бемор операция қилинди.
ССВ матбуот хизмати Ўзбекистонда илк бор робот-хирург ёрдамида мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилаётгани ҳақида хабар берди.
«Дунё футурологлари инсоният келгусида барча оғир соҳалардаги ўрнини роботларга топширишини башорат қилади. Бундай беминнат дастёрларга эга бўлган мутахассислар эса асосан илмий салоҳиятини юксалтириш билан банд бўлишади. Бу гаплар бир неча йиллар аввал худди эртакдек қабул қилингани рост. Аммо ҳозирги тараққиёт оқими ана шу «афсона»ларни ҳақиқатга айлантирмоқда.
Хусусан, 2000 йилда АҚШда робот-жарроҳ ёрдамида илк операция амалга оширилган бўлса, ҳозирга келиб дунё бўйича бундай «темир шифокор»лар сони 5 мингтага етди.
Роботохирургия Европа давлатлари, Корея Республикаси, Япония, Сингапур, Туркия каби мамлакатларда онкология, урология, гинекология, гастроэнтерология, умумий жарроҳлик, колоректал ва пластик хирургия йўналишларида ривожланиб бормоқда.
Замонавий тиббиётнинг бу имкониятидан унумли фойдаланиш мақсадида Корея Республикасининг Meere компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Revo-i русумли робот-хирург мамлакатимизга олиб келинди.
Shox International Hospital’га ўрнатилган, нафақат юртимиз, балки Марказий Осиёда ҳам ноёб бўлган ушбу технология олиб келиб ўрнатилганига бир ҳафта бўлишига қарамасдан 8 нафар бемор у орқали дардига даво топди.
Бугун мазкур клиникада Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, Кореянинг Meere компанияси вакиллари, юртимиздаги ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари раҳбарлари, бир қатор малакали профессор-шифокорлар ва жамоатчилик фаоллари иштирокида ўзбек тиббиёти тарихидаги муҳим воқеа — мамлакатимизда илк бор робот-хирург технологияси иш бошлашига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Клиника мутасаддилари ушбу инновацион технология муассасадаги барча операцион блок мутахассислари томонидан ўзлаштирилишини мақсад қилган.
Негаки, операцияда бутун жамоа иштирок этади, амалиёт натижаси ва бемор саломатлиги ҳар бир ходимнинг касбий маҳоратига боғлиқ. Кейинчалик эса бу мутахассислар юртимиздаги бошқа ҳамкасблари билан ўз тажрибаларини бўлишади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.
Зарифхўжа Баҳодирхонов — Ўзбекистонда илк бор робот-жарроҳга операторлик қилган онкохирург. Мутахассис замонавий хирургик технологиялар бўйича Италия, Германия, Хитой ва Туркиянинг нуфузли клиникаларида тажриба орттирган. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмаги билан айнан Revo-i робот технологияси бўйича Кореяда икки марта малака ошириб келган.
«Бизда шу пайтгача жарроҳлик амалиётлари одатий кесиш ва лапароскопик усулларда ўтказилган. Тўғри, лапароскопик операциялар ҳам кесишларсиз, визуал имкониятлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Бу усулда шифокор жарроҳлик столи олдида туриб, операция пайтида ишлатиладиган асбобларни бевосита қўли билан ушлаб, қаршисидаги мониторга қараб, иш олиб боради.
Робот ёрдамида бажариладиган операция чоғида эса жарроҳ консолдаги қулай стулда, барча диққатини операцияда жамлаш имконияти бўладиган шароитда ўтиради.
Роботнинг жарроҳлик асбоблари кичик ўлчамли бўлиб, инсон қўлига қараганда анча катта диапазонда эгилиб, айлана олади.
Робот-хирург ёрдамида бажариладиган онкологик амалиётлар ўсимта яна такрорланмаслиги учун уни бутунлай олиб ташлаши, асаб тугунларига ва бемор ҳаёти учун муҳим бўлган бошқа органларга таъсир қилмаслиги, минимал қон йўқотиш билан кечиши, беморнинг амалиётдан кейинги тикланиши ҳамда буткул соғайишини тезлаштириши билан катта аҳамиятга эга», — дейди З.Баҳодирхонов.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда роботохирургиянинг тараққий этиши икки омилга боғлиқ. Биринчиси — технологияни бошқара оладиган мутахассислар тайёрлаш бўлса, иккинчиси — мамлакатимиз тиббиётида роботлар сонини орттириш.
Бу борада дастлабки қадам ташланди. Эндиги вазифа — робот билан бирга операция қилувчи кўп сонли хирурглар захирасини шакллантириш. Шунда бу инновацион технология онкология ва онкоурология йўналишларидагина эмас, миллий тиббиётнинг барча жабҳаларида фаол қўлланила бошлайди.
Мавзуга оид
17:34 / 02.12.2024
Сунъий идрок тадқиқот натижаларини одамлардан яхшироқ башорат қилмоқда
20:45 / 12.11.2024
Англияда биринчи аккумуляторли поезд синовдан муваффақиятли ўтди. У соатига 120 км тезликка чиқди
20:52 / 04.10.2024
Саида Мирзиёева Креатив иқтисодиёт анжумани ҳамкорларига миннатдорлик билдирди
10:30 / 17.09.2024