Иқтисодиёт | 12:05 / 26.12.2025
1280
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: иқтисодиёт технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказилади

Президент Шавкат Мирзиёев мурожаатномада иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш 2026 йилдаги иккинчи устувор йўналиш эканини таъкидлади. Давлат раҳбарига кўра, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва самарадорликни ошириш орқали 2030 йилгача ЯИМни 240 млрд доллардан ошириш мақсад қилинган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномада 2026 йилдаги иккинчи устувор йўналиш сифатида иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш вазифасини белгилаб берди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, жаҳонда рақобат тобора кучайиб бораётган шароитда фақат юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқарадиган давлатлар дунё бозорида барқарор ўрин эгалламоқда.

«Шунинг учун иқтисодиётнинг барча соҳаларида юқори самарадорликка эришиш келгусида ислоҳотларимизнинг бош мезони бўлиши шарт», — деди президент.

Мисол тариқасида, саноатда юқори технологик ва кам энергия истеъмол қиладиган тармоқлар ривожлантирилгани ҳисобига жорий йилда 1 доллар маҳсулот учун сарфланадиган ёқилғи-энергия миқдорини 13 фоизга камайтиришга эришилгани қайд этилди.

Президентга кўра, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш учун энг тўғри йўл — иқтисодиётнинг барча соҳаларини технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказишдир. Бу ёндашув келгуси йилларда иқтисодий тараққиёт стратегиясининг асосий йўналиши бўлиши таъкидланди.

Мурожаатномада мамлакатдаги қулай бизнес муҳити, демографик ўсиш ва инсон капиталига қаратилаётган эътибор Ўзбекистонни инвесторлар учун жозибадор давлатлардан бирига айлантираётгани ҳам қайд этилди. Айтилишича, жорий йилнинг ўзида чет эллик ҳамкорлар билан 140 миллиард долларлик янги инвестиция келишувларига эришилган. Келгуси йилда 50 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш мўлжалланган.

Президент ҳар бир доллар инвестиция, энг аввало, илғор технологиялар трансфери, ташқи бозори аниқ бўлган юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, энергия, сув, ер ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланиш, маҳаллий кадрларни янги технологияларга ўқитиш ҳамда меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.

«Яъни юқори технология ва янги компетенцияларни олиб кирган, экспортга ишлаган инвестор энг ишончли ҳамкоримиз бўлади», — деди давлат раҳбари.

Маълум қилинишича, бундай стратегик инвесторларга лойиҳа учун ер майдонлари бозор қийматида тўғридан тўғри берилади. Ер тоифаси ўзгарганида нобудгарчилик учун тўловни 10 йилгача бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади.

Шунингдек, ерни расмийлаштириш, тоифасини ўзгартириш, қурилиш ва инфратузилмага уланишга рухсатнома олиш жараёнларини енгиллаштириш мақсадида инвесторларга «ягона дарча» тамойили асосида комплекс хизмат кўрсатадиган электрон платформа ишга туширилиши, барча вазирликлар ушбу тизимга уланиши маълум қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид