«Кейинги 5 йилда минглаб ўзбеклар гигант айти компанияларда ишлашади» — Amazon’да ишлаётган дастурчи
23 ёшли Азимжон яқинда Facebook компаниясида ёзги амалиётни тугатиб, Amazon’да иш бошлади. У Facebook, Amazon ва Google каби катта компанияларга қандай ишга кириш, улардаги «катта ойлик маошлар, кўплигидан фойдаланишга улгуриш қийин бўлган имкониятлар» ҳақида қизиқ маълумотлар билан бўлишди.

Фото: KUN.UZ
10 йил илгари дастурчи ким эканини билмаган Азимжон 23 ёшида дунёнинг энг кучли компанияларида ишлаяпти. Унинг асосий мақсадларидан бири дастурлашни нолдан бошлаб ўргатадиган платформа яратиб, ўрганишга имконияти етмаётган йигит-қизларига ёрдам бериш.
Inha’дан кетиши
— Тошкентда С.Сирожиддинов номли академик лицейда ўқиганман. Ўша пайтлари Inha университети янги очилганди. У ерда кучли ўнталикка кирган талабаларнинг 1 семестр ўқиш пули қоплаб бериларди. Афсуски, биз кирган йили университетга 4-ўринда кирганлигимга қарамай, стипендия беришмаган. Шундай қилиб 1-семестрни ўқиб, кейин кетганман.
Inha’дан кетганимдан кейин озроқ вақт фрилансинг қилганман. Newmax компанияси, ундан кейин Super Dispatch номли компанияга ишга кирганман.
Кейин Болгария ва Кореядаги университетларга ҳаракат қилиб кўрдим, нархлари тўғри келмади, имкон бўлмади. 2019 йил Тошкентда ёшлар учун бўлган форумда Полша ҳақида ўрганиб, қизиқиб қолдим. Нархлар арзонроқлиги, ўзимдаги бюджет етгани учун Полшага келдим. Яна бир яхши томони Тошкентдаги ишимни Варшавадан туриб бажара олардим. Ҳозир Полшадаги Polish-Japanese Academy of Information Technology университетининг 3-босқичида ўқияпман.

Facebook, Bloomberg ва Amazonдан таклифнома
— Ўтган йили Bloomberg ва Facebook’да амалиёт ўташим учун улардан таклиф хати келди. Иккаласи ҳам яхши компания бўлгани учун йўқ демадим. Facebook’да ёзда, Bloomberg’да кузда амалиёт ўташни мўлжаллаган эдим. Лекин ҳозир Полшадаги виза жараёни қийинлашгани учун эртароқ Полшага қайтдим ва Bloomberg’ни кейинги йилга кўчирдим. Шу орада Amazon’дан ҳам тўлиқ иш таклиф қилиб қолишди ва шу ерда ишлаяпман.

Катта компанияларда амалиётнинг муҳимлиги
— Университетда ўқишдан олиш мумкин бўлган энг катта имкониятлардан бири бу — Internship. FAANG, яъни Facebook, Apple, Amazon, Netflix ва Google каби катта компанияларда амалиёт ўташ.
Одатда амалиётга ариза топшириш — сентябрдан декабргача давом этади. Исталган амалиётга топшириш учун сиздан CV — таржимаи ҳол сўралади. Минглаб талабалар орасидан интервьюга айнан сизни танлаб олиши сизнинг CV’ингизга боғлиқ. CV’ингиз рекрутер қўлида атиги бир дақиқа бўлади. Шунинг учун уни 1 бетдан оширмаслик ва энг муҳим нарсаларни ёзиш керак.
Яхши резюме бир кунда яратилмайди, ой ва йиллар давомида яхшилаб борилади. Шу мақсадда унинг ҳар бир версиясини сақлаб бориш, сизнинг йиллар давомидаги ўсишингизни кўриш имкониятини беради. Резюменинг энг катта қисми — таълим, иш тажрибаси, шахсий лойиҳаларингиз ва ютуқларингиз билан тўлдиришингиз керак.

Facebook’даги фаолият
— Facebook’нинг Лондондаги офисида 2 ойлик амалиёт ўтадим. Бу — катта давлат, катта имконият, катта жамоа, катта лойиҳалар дегани. Facebook ҳақида кўпчилик у жой менинг жойиммас, у ерда жуда ақлли инсонлар ишлайди, деб ўйлайди. Лекин улар ҳам ўзимизга ўхшаган инсонлар. Ҳамма билимини сиз билан бўлишишга тайёр. Бу ерда доим компания ходимлари, жамоамдагилар ёрдамини ҳис қилиб турдим.
Ҳар ҳафта охирида қайсидир шаҳарга саёҳат қилдик. Олдин танимаган ақлли инсонлар билан танишардик.

«Пул ҳақида ўйламайдиган даражада ойлик тўлашади»
— Facebook’да турли ўйинлар, кўнгилочар машғулотлар учун ҳам зоналар ажратилган. Бирор нарса устида чуқурлашиб кетиш, стрессга олиб келади. Баъзан қилаётган ишингизда ечим топилмайди. Шундай вазиятда миянгизни бошқа нарса билан банд қилишингиз керак. Бунда кўпинча пиёда юриб келиш, боғда сайр қилиш каби машғулотлар ёрдам беради. Facebook офисидаги машғулотлар ҳам дастурчини бироз чалғитиш учун яратилган. Америкадаги офисда тиш докторидан сартарошгача бор деб эшитгандим.
Бу ерда пул ҳақида ўйламайдиган даражада ойлик тўлашади. Пластик карточкангиздаги рақамларга қарамай харажат қила оласиз. Ҳар ой бир кун, йилига 1 ой дам олишга беришади. Виза жараёнида ёрдам беради. Соғлом турмуш тарзи учун алоҳида пул ажратди. Шунчалик кўп имкониятлар борки, ҳаммасидан фойдаланишга улгурмайсиз.
«Ёшларнинг катта айти компанияларига ишга киришига ёрдамлашадиган лойиҳа қиляпман»
— Facebook’нинг Лондонда 5та офиси бор ва у ерда минглаб одамлар ишлайди. Лекин улар орасида ўзбеклар йўқ. Қозоқлардан эса 50–60 нафарча бор. Менимча, қозоқлар бир-бирини яхши қўллаб-қувватлайди. Масалан, 1 киши ишга кирса, орқасидан 10 кишини эргаштира олади. Жамоа бўлиб, бир-бирига ёрдам беради. Менинг ҳам мақсадим шунақа. Ҳозир Amazon’да ҳам таниган инсонларимга ёрдам беряпман. 2 йилдан бери илмга чанқоқ, ақлли ёшларни йиғиб, уларни гигант компанияларига ишга киришга ёрдамлашадиган лойиҳа қиляпман. Катта компанияларга ҳужжат топшириб кўришяпти. Айтишим мумкинки, кейинги 5 йилда минглаб ўзбеклар FAANG компанияларига кира олишади. Бунга шубҳам йўқ.
Билим орттиришнинг энг яхши усули — улашиш
Уч йилдан буён дастурлашга оид билим ва тажрибаларимни мақолалар, видео дарслар кўринишида телеграм каналимда бўлишиб келаман. Ўзбек тилида дастурлашга оид манбаларнинг кўпайишида бироз бўлса-да, ўз ҳиссамни қўшяпман, деб ўйлайман. Билимга чанқоқ ёшларни кўриб, кўпроқ билим улашгим келади. Бўш вақт топишим билан бирор фойдали нарса ўрганаман ёки ўргатаман, икки усулда ҳам билимларимни ошираман.

Китоблар ва велосипедлар
Бу ерда менга ёққан 2 нарса бор: биринчиси велосипедлар, иккинчиси кутубхоналар. Варшавада ҳар 500 метрда велосипед ижараси нуқталари ва деярли худди шунча масофада кутубхоналар бор. Велосипедлардан фойдаланиш деярли текин. Мен 2 йил ичида ўзбек сўмида 50 минг тўладим. 20 дақиқа ичида велосипед алмаштириб олсангиз, кунига чексиз вақт велосипедда юриш мумкин.
Полшада кутубхоналар ниҳоятда кўп, одамлар ҳам кўп китоб ўқийди. Бирор янги китоб чиқса, дарров поляк тилига таржима қилинади.
«Китобдан топиб ўқилган нарса узоқроқ вақт хотирада туради»
— Яқиндан бошлаб қайси шаҳарга борсам, ўша жойдан китоб сотиб олишга одатландим. Оксфорд, Амстердам, Берлинга бориб, китоблар сотиб олдим. Чунки Полшада инглиз тилидаги китобларни топиш қийин.
Ўқиган китобларимдан «Атом одатлар», «Тўғри фикрлаш санъати»ни бошқаларга ҳам тавсия қила оламан. Булар тўғри фикрлашга, бировнинг фикрига қарам бўлиб қолмай фикрлашга ўргатади.
Дастурлаш соҳаси учун «Clean code», «Clean coder», «Grokking Algorithms каби китобларни тавсия қиламан. Китобдан топиб ўқилган нарса узоқроқ вақт хотирада туради.

«Дастурчи ҳам қиммат клублар сотиб оладиган футболчидай гап»
— Ёшлар четга кетиб қолиши Ўзбекистон учун яхшими ёки ёмон деган савол мени ҳам ўйлантиради. Масалан, ўзбеклар 20-30 ёшда, ёшлик энергияси кўп бўлган вақтда четда юриб, бор кучини хориж учун сарфлаши ёмон бўлиши мумкин. Лекин бунинг яхши томони бор. Масалан, бир футболчимизни бирор Европа клуби сотиб олса, кўпчилик хурсанд бўлади. Лекин ҳеч ким улар бизни ташлаб кетяпти, демайди. Бундан ташқари, чет элда ишлаётганлар ҳам даромадини ватанига жўнатади. Компаниялардан кетгандан кейин дастурчилар ўз стартапини очади, барибир илдизига қайтади. Ўзбекистонни ривожлантиришади.
Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.
Мавзуга оид

18:36 / 10.04.2025
Amazonʼнинг сунъий йўлдошлари ортилган ракета парвози ноқулай об-ҳаво сабаб бекор қилинди

23:40 / 02.04.2025
Amazon TikTokʼни сотиб олишга ариза берди

16:58 / 26.03.2025
Amazon 2024 йилда 15 миллиондан ортиқ контрафакт маҳсулотларни мусодара қилди

08:40 / 26.03.2025