Жаҳон | 08:17 / 30.09.2022
5375
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Эрон нефти экспортчиларига нисбатан санкциялар жорий қилди

Вашингтон жорий эмбаргони четлаб ўтиб, Эрон нефтини экспорт қилган компанияларга қарши санкциялар киритди.

Фото: IRNA

АҚШ ҳукумати Эрондан нефть экспорт қилгани учун бир қанча корхоналарга санкциялар киритди. Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳонгконг, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларда шуъба корхоналари бўлган компаниялар тармоғи эмбаргони четлаб ўтиб, юзлаб миллион долларлик Эрон нефти ва нефть маҳсулотларини экспорт қилган, дея хабар берди пайшанба, 29 сентябр куни АҚШ Молия вазирлиги.

Бундан ташқари, Давлат департаменти Хитойнинг иккита логистика компаниясига нисбатан санкциялар киритди. Уларнинг АҚШдаги барча активлари музлатилади. Вашингтон, агар Теҳрон 2015 йилги Вена ядровий келишувига қайтса, Эронга қўйилган нефть эмбаргоси   бекор қилинишини таъкидлади.

2018 йилда, Доналд Трамп президентлиги даврида АҚШ бир томонлама равишда Эрон билан ядровий келишувдан чиқди. Бу ҳужжат Теҳронга санкцияларни бекор қилиш эвазига ядровий дастурини чеклаш бўйича қатор қадамлар қўйишни назарда тутган.

Кейинчалик Вашингтон иттифоқчи давлатлар компанияларидан жазо таҳдиди остида Эрон нефтини сотиб олишни тўхтатишни талаб қилиб, Эронга нисбатан санкцияларни янгилади.

Мавзуга оид