09:28 / 04.10.2022
9808

Швеция «Шимолий оқим»дан сизиб чиқиш рўй берган сув ҳудудини ўраб олди

Швеция иқтисодий зонасидаги «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» қувурларидан газ сизиб чиқаётган ҳудудда кемада юриш тақиқланди. Терговчилар саботаж ҳаракатини қувурларга зарар етказишнинг эҳтимолий сабаби деб ҳисоблаяпти.

Фото: news.com.ua

Швеция ҳукумати қиролликнинг иқтисодий зонасидаги «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» қувурларидан газ сизиб чиқаётган ҳудудни Болтиқ денгизи доирасида ўраб олишни буюрди. 3 октябр, душанба куни давлат прокурори Матс Юнгквист айтишича, бу воқеани қўшимча текшириш учун зарур. Терговчиларнинг фикрича, саботаж газ қувурларининг шикастланишига сабаб бўлиши мумкин.

Ўраб олиш радиуси тахминан беш денгиз мили (9 километрга яқин) деб айтилган. Эндиликда бу зонада кемада юриш, лангар ташлаш, шўнғиш ва балиқ овлаш тақиқланган.

Аввалроқ Швеция қирғоқ қўриқлаш хизмати шикастланган «Шимолий оқим» қувуридан газ сизиб чиқиши тўхтагани ҳақида хабар берган эди. Айни пайтда, «Шимолий оқим-2» қувури жойлашган ҳудудда газ сув юзасига кўтарилишда давом этмоқда, унинг зарари унчалик катта эмас, дея қўшимча қилди қирғоқ қўриқлаш хизмати вакиллари авария жойини ҳаводан кузатганидан кейин.

Бир кун аввал, 2 октябрь куни Дания энергетика агентлиги «Шимолий оқим» қувуридан газ сизиб чиқиши тўхтагани ҳақида хабар берган эди. Ундан ҳам бир кун аввал Дания расмийлари «Шимолий оқим-2» қувурида барқарор босимга эришилгани ва ундан газ сизиб чиқиши тўхтагани ҳақида маълумот тақдим этган.

Айни пайтда, Швециянинг Dagens Nyheter газетаси ёзишича, Гётеборг университети олимлари гуруҳи ҳам «Шимолий оқим» қувурларидан газ сизиб чиқишини ўрганмоқда. Нашр иқтибос келтирган денгиз биологи Томас Дальгреннинг сўзларига кўра, содир бўлган воқеа «Швеция денгиз ҳудудида кузатилган энг даҳшатли офатлардан бири» бўлиши мумкин.

«Шимолий оқим»нинг иккита тармоғи ва «Шимолий оқим-2»нинг бир тармоғида газ сизиб чиқиши 26 сентябрь куни маълум бўлди. Уч кундан кейин Швеция қирғоқ қўриқлаш хизмати яна бир газ сизиб чиқиш жойини аниқлади.

Швеция ва Даниядаги сейсмологик станциялар газ сизиб чиққан ҳудудда сув остидаги портлашларни қайд этган. Биринчиси 26 сентябрга ўтар кечаси, иккинчиси ўша куни кечқурун қайд этилган. Рўй берган воқеа сабаблари Германия, Дания ва Швецияда ўрганилмоқда.

Top