Спорт | 23:18 / 06.10.2022
19163
2 дақиқада ўқилади

Қатар жаҳон чемпионати пайтида мухлисларга баъзи тақиқлар қўйилганини инкор қилди

Қатар-2022 ташкилотчилари футбол бўйича жаҳон чемпионатини томоша қилиш учун мамлакатга келадиган мухлисларга баъзи тақиқлар жорий қилинганини инкор этди.

Фото: Christopher Pike/Getty Images

«Мухлисларга баъзи тақиқлар қўйилиши ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар ҳақиқатга зид. Тез орада ФИФА ва ташкилотчилар томонидан батафсил йўриқнома тақдим этилади, унда тақиқлар ҳақидаги маълумотларнинг аксарият қисми баҳсли эканини кўриш мумкин.

Қатар барчани жаҳон чемпионати ўйинларини томоша қилиш учун таклиф этади. Қатар халқи ҳар доим очиқ, бағрикенг ва меҳмондўст бўлган. Мухлислар жаҳон чемпионати пайтида буни ўз тажрибасида синаб кўришлари мумкин», дейилади ташкилотчилар баёнотида.

Аввалроқ, Қатар ҳукумати жаҳон чемпионатини томоша қилиш учун мамлакатга келадиган мухлисларга баъзи тақиқлар жорий қилгани, жумладан, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, ҳомосексуал алоқалар, ҳаёсиз кийимларни кийиш, уятсиз сўзлар билан сўкиниш, ибодат этиладиган жойларга ҳурматсизлик қилиш, баланд овозда гапириш ёки мусиқа эшитиш, ишқий учрашувлар, одамларни берухсат суратга олиш тақиқлангани ҳақида хабар тарқалган эди.

Жаҳон чемпионати ўйинлари 20 ноябрдан 18 декабрга қадар 5 та шаҳарда жойлашган 8 та стадионда ўтказилади.

Мавзуга оид