Ўзбекистон | 11:00 / 08.10.2022
24602
5 дақиқада ўқилади

“2 минг нафарга яқин болам бор” – “ғайриоддий касб” эгаси

Карманалик Ғулом Ҳасанов 16 йилдирки болаларни мактаб олдида светофордан ўтказиб қўйиш билан шуғулланади. У шу муддатда фақатгина ярим кун – автоҳалокатга учраган ўз фарзанди операция қилинаётганида ишга келмаган.   

Кармана туманидаги ахборот технологияларига ихтисослаштирилган 2-сонли умумтаълим мактаби Навоий шаҳри ва Кармана тумани марказини боғловчи йўл ёқасида жойлашган. Мактабда 1 800 нафардан ортиқ ўқувчи 2 сменада таҳсил олади. Шу туфайли эрталаб, тушлик пайти ва кечга яқин мактаб олдида кўплаб ўқувчилар тўпланишади, йўлдан ўтиб-қайтишади.

Ғулом Ҳасанов 16 йилдан буён ана шу мактаб олдида ўқувчиларни йўлдан ўтказиб туради. Бу савобли иши туфайли уни кўпчилик – ота-оналар ҳам, такси ҳайдовчилари ҳам яхши таниб қолган. Йўлдан ўтган борки, у билан сўрашиб кетади.

Ғулом Ҳасанов иши учун давлатдан маош олмайди, расман мактаб ходими ҳисобланмайди. Фарзандларининг хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган бу инсонга ота-оналар ҳар ойда пул йиғиб, маош тўплаб беришади. Бир нафар ўқувчи учун ойига ихтиёрий равишда 5 минг сўм олинади. 1800 нафар ўқувчининг барчаси ҳам йўлдан ўтмайди. Ойига ўртача 4-5 млн сўм маблағ йиғилади ва бу пул Ғулом Ҳасанов ҳамда унинг шеригига берилади.

Ғулом Ҳасановнинг маълум қилишича, у мактабдаги барча ўқувчини исми билан танийди, ота-онасини ҳам билади:

Бу ишда ишлай бошлаганимга 16 йил бўлди. Шу пайтгача бирор кўнгилсиз ҳодиса бўлмаган. 1800 нафар ўқувчи бўлса, барчасининг исмини, қаерда яшашини биламан, ота-онасини ҳам яхши танийман. Берадиган пулидан ҳам кўра, ота-оналарнинг дуоси муҳимроқ мен учун. Эрталаб соат 7:00да келаман ва 19:00да кетаман. Албатта, қийинчиликлари ҳам бор. Масалан, светофор ўчиб қолган пайтлари, қиш кунлари, совуқ ва ёғинли кунларда қийин бўлади. Иссиқ жоннинг иситмаси бўлади деганларидек, касал бўлиб қолганимда ҳам шу ерга келиб ўтирган пайтларим бўлган. Чунки шеригимнинг бир ўзи хавфсизликни таъминлаши қийин. Болаларни ўзимнинг фарзандимдай кўраман: ота-онасига қўнғироқ қилиб бераман, таксига миндириб юбораман, йўлдан ўтказиб қўяман.

2007 йилда келгандим бу ерга ишга. Келганимда 29 ёшли йигит эдим. Ҳозир 45 ёшга кирдим. 16 йил давомида ҳар куни ишга келганман. Фақатгина ўғлим автоҳалокатга учраб, операция қилинаётганда ярим кун  келолмаганман”.

Ғулом Ҳасановнинг ишидан ота-оналар ҳам мамнун. Улар шу инсон борлиги учун кўнгиллари доим хотиржам эканлигини айтишади.

Набирам 1-синфга қатнайди. Ўзим келиб олиб кетаман мактабдан. Тўғриси, кўнглим тўқ, хавотирга ўрин йўқ. Чунки кеч қолган кунларим ҳам Ғулом ака шу ерда олиб ўтиради набирамни. Фақатгина ёш болаларни эмас, катталарни ҳам йўлдан ўтказиб қўяди. Мен бундай инсонни биринчи марта кўришим – чин юракдан, виждонан ишлайди. Меҳнатларини қадрлаш керак бундай инсонларнинг. Шунча транспорт ўтяпти, бензин ҳиди, чанг дегандай, осон эмас ишлари. Борларига шукур. Шу Ғулом ака бор, мен тинч тўғрисини айтсам”, — дейди фуқаро Шоҳиста Тўраева.

Вилоятда йўл четида жойлашган мактаблар кўп. Айниқса, серқатнов йўлларда болаларнинг мактабга ўтиб-қайтиши анча хавотирли. Ўпкасини босиб ололмайдиган “учар” ҳайдовчиларнинг эътиборсизлиги ёки уқувсизлиги оқибатида ногирон бўлиб қолган ўқувчилар ҳам йўқ эмас. Шу сабабли Ғулом Ҳасанов светофорни қаттиқ “қўриқлайди”.     

Чин юракдан хизмат қилади халқнинг боласи учун. Ҳар бир боланинг қўлидан тутиб, йўлдан ўтказиб қўяди. Шунинг учун ота-оналарнинг кўнгли тўқ, бехавотир ишга бориб келишади. Ғулом ака бир кун ишга келмаса, биз йўлни назорат қилолмай қоламиз. У киши давлатдан ҳеч қандай маош олмайди. Мактабимизда ота-оналардан иборат кузатув кенгаши фаолият юритади. Шу кузатув кенгашимиз жамоатчилик асосида шароити бор ота-оналардан 5 минг сўмдан маблағ йиғиб, ойлик маош сифатида Ғулом ака ва унинг шеригига топширади.

Мактабда 1800 нафардан ортиқ бола ўқийди. Уларнинг исмини мактаб директори сифатида мен билмаслигим мумкин, аммо Ғулом ака билади. Сабаби, улар билан кунда мулоқот қилади”, — дейди мактаб директори Турсуной Халилова.

Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматига кўра, 2022 йилнинг январ-сентябр ойларида вилоятда болалар иштирокида 23 та ЙТҲ содир бўлган. Оқибатда 4 нафар бола вафот этган, 19 нафари жароҳат олган.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси – Боймирза Халилов

Мавзуга оид