23:14 / 10.10.2022
30707

“Маҳалламизда тезлик чеклови 8 км/соат” — хориждаги ватандошлар билан суҳбат

Тошкентда автомобиллар тезлиги 50/60 км/соатгача пасайтириладиган бўлди. Kun.uz бу борада хориж тажрибаси ҳақида гапириб беришларини сўраб, АҚШ, Корея ва Японияда яшаётган ватандошларимиз билан боғланди. Улар ўзлари яшаётган шаҳарларда рухсат этилган тезлик Тошкентдагидан пастроқ эканини айтиб, пиёдалар ва велосипедчилар учун зўр шароитлар яратилганига урғу беришди.

Фото: Amazon

Дастлаб Америкада яшаётган ватандошимиз Феруза Абдуазимова билан боғландик. У 20 йилдан бери АҚШнинг Виржиния штатида яшайди. Ҳозирда Вашингтондаги Жаҳон банки офисида администратор лавозимида фаолият юритяпти.

Виржиния ва Вашингтондаги автомобилларнинг ҳаракатланиш тезлиги

— АҚШда одамлар яшайдиган, болалар югуриб юрадиган маҳаллаларда соатига 5 мил (8 км/соат) юриш белгиланган. Уйимдан 5 дақиқа юриб, 8 қаторли кенг йўлга чиқиб оламан, у ерда автомобиллар ўртача 45 мил/соат (72 км/соат) билан юришади. Яна шундай катта йўлларимиз бор, уларда умуман одамлар ҳам юрмайди, светофор ҳам қўйилмаган, автомобиллар бемалол 90 мил/соат (144 км/соат)гача ҳам ҳаракатланиши мумкин.

Шунингдек, мактаб бор кўчалардаги тезлик ҳам бошқача, унда ҳайдовчилар тезликни 25 мил/соат (40 км/соат)дан оширмаслиги белгиланган. Мактаб ҳудудига кириб, унга яқинлашиб борилган сари йўл белгилари орқали шу тезликда юриш кераклиги эслатилади.

Виржиния штати, АҚШ / Фото: Феруза Абдуазимова
Виржиния штати, АҚШ / Фото: Феруза Абдуазимова

Вашингтон – катта шаҳар; Виржиниядан фарқли ўлароқ, унда кўп қаватли уйлар йўл юзида жойлашган. У ерда ҳам одамлар яшайдиган ҳудудларда ҳаракатланиш 5 мил/соат, баъзи ҳудудларида ўртача 35 мил/соат (56 км/соат) ҳаракатланиш мумкин. Кўчаларга, унда қанча автомобил ҳаракатланиши ва аҳоли зичлигига қараб бу рақамлар ўзгаради.

Вашингтон, АҚШ / Фото: Феруза Абдуазимова

АҚШда пиёдалар, айниқса болалар ҳуқуқи жиддий ҳимоя қилинади

— Пиёдалар учун, албатта, тротуарлар бўлади. Ҳеч қачон одамлар автомобил йўлларидан юрганини кўрмаганман.

Вашингтон, АҚШ / Фото: Феруза Абдуазимова

Қолаверса, болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўқувчилар ҳар куни эрталаб белгиланган ҳудудлардан махсус автобусларда олиб кетилади. Бу ерда битта мактабга 100-150 та автобус хизмат қилади. Кейин бу автобусларда ҳамма бола ўтириб кетиши шарт, ҳеч ким автобус ичида туриб кетмайди. Агар бола сиғмай қолса, кейинги автобусда кетишига тўғри келади. Яъни бу ерда болалар сони ҳисобланган бўлади.

Маҳалла ичларида ҳар битта бурилишда “тўхта” белгилари қўйилган бўлади. Тўхтамасдан бурилиб кетиш мумкин эмас. Бурилаётганимизда автобус турган бўлса, бундай ҳолатда то автобус болаларни олмагунча ҳеч ким қимирламайди. Шошиляптими, бошқами, фарқи йўқ. Мабодо, қайсидир автомобил юриб кетган бўлса, автобус ҳайдовчиси тегишли жойга қандай рақамли автомобил юриб кетганини айтади, кейин шу ҳайдовчига жарима солинади. Умуман олганда, АҚШда болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳамма нарса қилишади.

Велосипедлар ва соатига ижарага олинадиган автомобиллар

— Шаҳар жойларда одамлар асосан пиёда ёки велосипедда юришади. Чунки улар ишлайдиган офисининг яқинида яшайди. Бундан ташқари, Вашингтонда “парковка” жуда қиммат бўлгани, автомобилни қўйишга жой йўқлиги учун ҳам аҳолининг аксарияти автомобил ҳайдамайди.

Бундан ташқари, Вашингтонда метро варианти ҳам бор, лекин метро тез-тез бузилиб қолгани, нархлари қиммат бўлгани учун унча ҳам чиқишмайди. Шунинг учун кўпроқ велосипеддан фойдаланишни афзал кўришади.

Вашингтон, АҚШ / Фото: Феруза Абдуазимова
Вашингтон, АҚШ / Фото: Феруза Абдуазимова

Аммо шаҳардан четроқларда, мисол учун, Виржиния, Мерилендда велосипедда юришганини унча ҳам кўрмаймиз. У ерларда кўпроқ соатига ижарага бериладиган автомобилларни олишади. Яъни бозорга ёки қандайдир машғулот, тезда битадиган ишларни бажариб келиш мақсадида соати учун тўланадиган автомашиналардан фойдаланишади.

***

Йўл ҳаракати тезлиги Жанубий Кореяда қандай?

4 йилдан бери Жанубий Корея пойтахтига яқин Кёнгги вилояти Кванжу шаҳрида яшовчи Сирожиддин Матлабовнинг айтишича, транспортларнинг қаерда, қанча тезликда юриш ҳақидаги белгилари деярли ҳамма кўчаларда бор.

— Автомобиллар шаҳар ичида 60-70 км/соатдан ошмаган ҳолда ҳаракатланиши керак. Автомагистрал йўлларда эса 100 км/соат, мактаб ёки боғчаларнинг ён атрофидаги тезлик 30 км/соатгача деб белгиланган.

Сирожиддин Матлабов, Жанубий Корея

Пиёдалар учун, албатта, алоҳида йўлаклар қилинган. Иссиқ кунларда йўлдан ўтаётган пиёдалар қуёшда туриб қолмаслиги учун чорраҳаларга махсус соябон ҳам ўрнатишган. Қишда эса бекатларга йўловчилар исиниб олиши учун қизийдиган ўриндиқлар қўйилади. Совуққотган одам бемалол исиниб, кейин манзилига кетиши мумкин.

Кўпроқ метро ёки автобусдан фойдаланишади

— Жанубий Кореяда автомобили борлар автомобилда, қолганлар эса кўпроқ автобус ёки метродан фойдаланишади. Чунки бу транспорт воситалари орқали нафақат шаҳар ичидаги округларга, балки унинг атрофидаги бошқа шаҳарларга ҳам бориш мумкин.

Шунга қараб автобуслар яшил, қизил ёки бошқа рангларда бўлади. Яшил автобус шаҳарнинг ичида юради, қизиллари эса ён-атрофдаги шаҳарларга ҳам боради. Шаҳарлараро юрадиган яна бошқа автобуслар ҳам бор, унга чиқиб Кореянинг исталган шаҳрига бориш мумкин.

Нархлари қуйидагича: яшил автобус 1 400 вон (1 доллар), қизил автобус 2 800 вон (2 доллар). Шаҳарлараро юрадиган автобусларнинг нархи қаерга боришига қараб турлича.

Метролар жуда хавфсиз, одамларнинг релсларга тушиб кетмаслиги учун платформа чизиғида ойна қилинган. Бу ойнали эшик фақат метро поезди келганида очилади.

Шу билан бирга, oдамлар велосипедда асосан эрталаб жисмоний тарбия қилиш учун, кечқурун еган таомини ҳазм қилиш учун юришади. Корейслар соғлом турмуш тарзига жуда қаттиқ амал қилади. Кечқурун овқатланиб бўлиб, ҳеч қачон ётишмайди. Ё пиёда, ё юқорида айтганимдек, велосипедда юришади.

***

Тошкент давлат юридик университети, айни вақтда Япониянинг Дошиша университетида грант асосида ўқиётган талабаси Отабек Шодиёровнинг айтишича, Кётода максимал 60 км/соат тезликда юриш керак.

Отабек Шодиёров, Япония, Кёто

— Шаҳарнинг айрим кўчаларида тезлик соатига 40 км деб ҳам белгиланган. Магистрал йўллардаги тезлик эса соатига 100 кмни ташкил қилади. Умуман олганда, Японияда автомобиллар ҳаракати хавфсиз. Бахтсиз ҳодисалар бошқа Европа мамлакатлари билан солиштирганда, камроқ.

Токио, Япония / Фото: Отабек Шодиёров

Йўллар жуда яхши сақланган ва белгилар халқаро стандартларга мос келади. Белгиларни япон ва инглиз тилларида ўқиш мумкин. Бу ерда йўллар тор, шунга тирбандлик бўлмаслиги учун светофорлар кўп, улар тез-тез ёниб туради. Японияда пиёдалар светофорларга жуда эътиборли, ўтадиган йўли 1-2 метр бўлса ҳам, автомобил келмаётган бўлса ҳам, яшил чироқни кўрмагунича ҳаракатланмайди. Ҳали қизилдан ўтган японни кўрмадим.

Йўл қисқагина бўлса ҳам, светофорнинг яшил чироғи ёнишини кутаётган япон. Токио, Япония / Фото: Отабек Шодиёров

Умуман олганда, пиёдалар учун яхши шароитлар яратилган. Деярли ҳамма жойда кўзи ожиз, эшитишда нуқсони бўлган инсонлар учун алоҳида махсус тротуарлар, белгилар қўйилган. Светофорларидан овоз ҳам чиқади, махсус сигналлари мавжуд. Яшил, қизил ёнишига қараб товушлар ўзгаради.

Кейин бу ерда мактаб ёки университет бор кўчада чорраҳа бўлса, ЙПХ ходимлари, баъзида волонтёрлар туриб, болаларни йўлдан ўтказиб қўйишади. Масалан, яқинда 2 нафар ёши катта одам қўлига байроқча кўтариб олган ҳолда бир гуруҳ болаларни йўлдан ўтказиб қўйганини кўрдим. Энг ёққан жиҳати шу бўлди.

Кётода аҳоли фақат велосипеддан фойдаланади. У ерда велосипедлар бепул, автобус ва метро сал қимматроқ. Ёшдан тортиб, ёши улуғларгача велосипедда юраверишади.

Япония / Фото: Отабек Шодиёров

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.

Top