Спорт | 17:10 / 14.10.2022
30903
7 дақиқада ўқилади

Мбаппе «ПСЖ» билан хайрлашиши мумкин. Сўнгги можаро тафсилотлари

Килиан Мбаппе Чемпионлар Лигасида «Бенфика» (1:1) дарвозасини пенальтидан ишғол қилиб, турнир тарихидаги «ПСЖ» тўпурарлари рўйхатида Каванидан ўзиб кетди ва биринчи ўринга кўтарилди. Энди унинг ҳисобида 31 та гол бор. Аммо, воқеадан бир неча соат олдин Франция матбуоти турли инсайдлар билан «портлади»: Килиан Мбаппе «ПСЖ»ни тарк этмоқчи. Ҳа, янги шартнома имзолаганидан атиги бир неча ой ўтгач.

Фото: Getty Images

Биринчи нуфузли манба Marca журналисти Марио Кортегана бўлиб, у мунтазам равишда Мадриднинг «Реал» клуби ҳақида ҳаққоний маълумотлар бериб туради. Унинг айтишича, Мбаппе «ПСЖ»дан тезроқ кетмоқчи. Бироз вақт ўтгач, Фабрицио Романо ва бошқа бир қатор манбалар маълумотни тасдиқлади. 

Мбаппе алданганига ишонмоқда: унга Неймарни сотиб, Левандовскини олишга ваъда беришганди 

Marca нашри ёзишича, Килиан ва «ПСЖ» ўртасидаги муносабатлар узил-кесил бузилган. Мбаппе ўзини алдангандек ҳис қилмоқда – май ойида, шартнома узайтирилишидан олдин унга янги лойиҳа ваъда қилинган, аммо истаклар рўйхатидаги кўплаб бандлар бажарилмаган. 

Асосий нуқталардан бири – Неймарнинг сотилиши. Май ойида нуфузли L’Équipe нашри Мбаппе ва Неймар бир жамоада чиқишиб кета олмагани ва француз бразилияликнинг кетишини талаб қилгани ҳақида хабар берганди. 

«ПСЖ» президенти Носир Ал-Хилайфий Неймарнинг Париж лойиҳасидаги роли ҳақида ҳар доим ноаниқ гапирган, бироқ уни сота олмади. Энди Мбаппе ва Неймар бир-бири билан мунтазам равишда жанжаллашмоқда. 

Яна бир муаммо – ёзги трансфер кампанияси. RMC Sport хабарига кўра, Килиан «ПСЖ» томонидан илғор ҳужумчи позицияси ёпилмаганидан норози, чунки энди майдонда айнан шу вазифани бажаришига тўғри келмоқда. «ПСЖ» Мбаппега ёзда Левандовскини сотиб олишни ваъда қилгани ҳақида Le Parisien ҳам ёзган эди. 

Норозиликнинг яна бир сабаби – мураббий танлаш. Мбаппе «ПСЖ»ни Зинедин Зидан бошқаришини истаган.  

L’Equipe нашрига кўра, Килиан июл ойидаёқ «ПСЖ» лойиҳасидан ҳафсаласи пир бўлган ва кетишни хоҳлаган. Le Parisien эса Мбаппе чемпионатнинг дастлабки ўйинини жароҳати туфайли эмас, балки раҳбарият билан келишмовчилик туфайли ўтказиб юборганини аниқлади. 

France Blue нашри ёзишича, футболчи ўз яқинларига шундай деган: «Биз хато қилдик, мен эса – биринчи навбатда». Foot Mercato нашрининг таъкидлашича, топ-клублар Мбаппега ёзда ҳам (ҳа, янги шартнома имзолагандан кейин) қизиқиш билдиришган ва «ПСЖ» вакили Антеро Энрике унинг нархи 400 млн евро эканини айтган. 

Энди эркин агент сифатида кетиш қийин бўлади, бироқ, унинг «ПСЖ» билан имзолаган шартномаси муддати ҳақидаги тафсилотлар чалкаш. L’Équipe хабарига кўра, шартнома фақат 2024 йилгача узайтирилган. Аммо Мбаппе клуб раҳбарияти илтимосига биноан, 2025 рақамли футболка билан суратга тушишга рози бўлган. 

Le Parisien оловга ёғ сепди: «ПСЖ» спорт маслаҳатчиси Луиш Кампуш ҳам кетмоқчи. Агар Мбаппе ва Кампуш кетса, бош мураббий Кристоф Галтье ҳам клубни тарк этмоқчи. 

Расмий изоҳлар ҳар доимгидек лўнда ва совуққон. Кампуш «ПСЖ» билан уч йиллик шартномаси борлиги ва клубда ишлаётганидан бахтиёр эканини айтди. Шунингдек, Мбаппе ҳақидаги миш-мишлардан ҳайратда қолгани, Килиан билан ҳар куни мулоқот қилиши, у кетиш истаги ҳақида ҳеч қачон гапирмаганини таъкидлади. 

«Реал Мадрид» яна курашга қўшиладими? Бу аниқ эмас, лекин чоршанба куни Мбаппе Мадридга борди (буқалар жангини томоша қилиш учун) 

Табиийки, Мбаппенинг кетиш истаги ҳақидаги инсайдлардан сўнг, «Реал»нинг Мбаппени қўлга киритиш истаги ҳақида инсайдлар пайдо бўлди. Нуфузли журналист Фабрис Ҳоукинснинг маълум қилишича, «Реал» ҳамон шартномага қизиқиш билдирмоқда, гарчи клуб эҳтимолий трансфер нархидан хомуш бўлса-да.

Аммо бошқа фикр ҳам бор. «Реал» бўйича ишончли инсайдер Хосе Феликс Диаснинг сўзларига кўра, ҳозирда клуб Килианни сотиб олиш ҳақида ўйламаяпти. Мбаппе «ПСЖ»да қолиш қароридан афсусда эканини Мадриддагилар билади, аммо энди бу ҳеч кимни қизиқтирмайди. 

Испания матбуоти бир масалада якдил: «ПСЖ» Мбаппени айнан Мадридга бермоқчи эмас ва бу ҳолат футболчи учун муаммо. Нега? Тахминлар бир неча, асосийси – «Реал» раҳбарияти («Барселона» ва «Ювентус» билан бирга) Европа топ-клубларини бирлаштиришга қаратилган Суперлига лойиҳаси асосчиси. «ПСЖ» хўжайини Ал-Хилайфий эса Суперлиганинг ашаддий рақиби бўлмиш УЕФА раҳбари Чеферин билан яхши муносабатларга эга. Албатта қатарлик мулозим «Олтин тўп»нинг келажакдаги эҳтимолий эгасини Мадридга бериб юборишдан манфаатдор бўлмаса керак. 

L’Équipe хабарига кўра,  Мбаппе учун «Ливерпул» ҳам даъвогар бўлган, бироқ, фақат эркин агент сифатида. Мерсисайдликлар трансфер учун 400 миллион евро беролмайди. 

«Реал» Мбаппе учун курашадими? Яхши савол. Килиан «ПСЖ» билан музокараларда «Реал» билан келишувидан фойдалангани Флорентино Пересга ёқмагани ҳақида Marca ёзганди. Июн ойида президент жамоада бутунлай бошқа Мбаппени кўришни орзу қилганини яширмади. 

Перес қайғуга чўмган ҳолда сўзлади: «Мадридда ўйнаш унинг орзуси эди. Биз у билан ўтган йилнинг август ойида шартнома имзолашни хоҳлаган эдик, аммо «ПСЖ» уни қўйиб юбормади. Ҳатто қарор қабул қилишидан 15 кун олдин у «Реал»да ўйнашни хоҳлаётганини айтди. Энди бу мен олиб келмоқчи бўлган Мбаппе эмас. У орзусига хиёнат қилди. 

Унга кўп нарсаларни ваъда қилишди, босим ўтказишди. «Реал»да ҳеч ким клубдан устун қўйилмайди. У ғалаба келтира оладиган ажойиб ўйинчи, аммо бу жамоавий спорт. Бизда қадриятлар ва тамойиллар бор, уларни ўзгартира олмаймиз. Мбаппе менга ёқади. У ҳаракат қилди, лекин босим остида фикрини ўзгартиришга мажбур бўлди. Онаси унинг «Реал»га ўтишини хоҳларди. Унинг ҳафсаласи пир бўлганини эшитдим». 

Мбаппе чоршанба куни Мадридда бўлди. Рамос, Доннарумма ва Навас билан бирга шаҳарнинг машҳур Лас Вентас аренасида бўлиб ўтадиган буқалар жангини томоша қилди. Табиийки, энди Мадрид «ташрифи» «Реал» ҳақидаги янги миш-мишларни болалатади.

Мавзуга оид