Ўзбекистон | 13:49 / 14.10.2022
11156
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида ўтаётган саммит ишида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Беларус президенти Александр Лукашенко, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Россия президенти Владимир Путин, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда МДҲ ижроия қўмитаси раиси – ижрочи котиби Сергей Лебедев қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ делегациялар раҳбарлари ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва бу борада эришилган натижалар юзасидан фикр алмашдилар, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди.

Давлат раҳбари ўз нутқида МДҲ доирасидаги шерикликни мустаҳкамлаш муҳим йўналишлари юзасидан ўз нуқтайи-назарини баён қилди. Таъкидланганидек, жаҳондаги мураккаб вазият, кучайиб бораётган кескинлик ва стратегик мавҳумлик барқарор тараққиёт борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва МДҲ майдонидан максимал даражада самарали фойдаланишни тақозо этмоқда.

Ҳамдўстлик мамлакатларида изчил иқтисодий ўсишга эришиш муҳимлиги қайд этилди. Мавжуд хатарларга қарамасдан, МДҲ доирасида барча йўналишлар бўйича ижобий ўсиш суръатларини таъминлашга муваффақ бўлинаётгани таъкидланди. Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо давлатлар билан товар айланмаси ўтган йил якунига кўра 35 фоизга ошди, бу йил бошидан буён эса яна учдан бирга ўсди.

Машинасозлик, энергетика, кимё, фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа соҳаларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Сўнгги ойларнинг ўзида МДҲ мамлакатларидаги шериклар билан 800 дан ортиқ янги корхона ишга туширилди.

Шу билан бирга, ўзаро савдодаги тўсиқларни тезкор бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Давлат раҳбари нарх-навонинг сунъий ўсишига йўл қўймаслик ҳамда инфляцияни жиловлаш мақсадида МДҲ маконида озиқ-овқат маҳсулотлари тўсиқларсиз етказиб берилиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳимлигини қайд этди.

Мамлакатлар транспорт тизимига бўлган жиддий таҳдидларни инобатга олган ҳолда, янги логистика йўлакларини ҳамкорликда ривожлантириш ғоят муҳим. Бу ўринда гап “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” ҳамда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўлларини қуриш лойиҳалари ҳақида бормоқда. Улар МДҲни трансқитъавий транспорт ташишларнинг муҳим занжирига айлантиришга кўмаклашади.

Ўзаро инновацион ҳамкорлик ва ёшлар масаласида муносабатларни кенгайтириш мақсадида президент келгуси йилда Ўзбекистонда МДҲ мамлакатлари ёш олимларининг “Ёшлар инновация тарафдори” шиори остидаги биринчи конгрессини ўтказишни таклиф қилди.

Ўзбекистон таълим, фан, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва санъат борасидаги қўшма лойиҳалар ва дастурлар амалга оширилишида янада фаол кўмаклашиш ва иштирок этишга тайёрлиги таъкидланди.

2023 йилда Санкт-Петербург шаҳрини МДҲнинг маданият пойтахти деб эълон қилиниши тўғрисидаги қарор қўллаб-қувватланди. 2024 йилда маданият пойтахти номини олишга Самарқанд номзоди илгари сурилди. Бундан ташқари, давлат раҳбари ҳар йили шахмат бўйича Ҳамдўстлик очиқ кубогини ўтказишни таклиф қилди.

Сўз якунида Ўзбекистон етакчиси МДҲ ижроия қўмитаси раиси – ижрочи котиби Сергей Лебедевнинг ваколатлари навбатдаги муддатга узайтирилишини маъқуллади ҳамда Қирғизистон президенти Садир Жапаровга 2023 йилда ташкилотга раислик фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Саммит натижалари бўйича кўп томонлама ҳамкорлик турли соҳаларига оид қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.

Мавзуга оид