Агар сиз Тошкентда яшаётган бўлсангиз, шаҳар кўчаларини номма-ном санаб бера оласизми? Ёки қўлингиздаги гаджетлар хариталарисиз Ўзбекистон шаҳарларида исталган манзилни топиб боришга кўзингиз етадими? Катта эҳтимол билан бу саволларга ижобий жавоб топиш қийин. Чунки офлайн топонимик ахборот бўйича мамлакатимиз шаҳарларидаги аҳвол анчагина чатоқ.

Пойтахтнинг марказий кўчаларидан бири бўлган Алишер Навоий кўчасидаги биноларнинг рақамланиши ҳолатларини ўргандик. Аввалига шунчаки рақамланган ва рақамланмаган бинолар бўйича бошланган ўрганишимиз турли қизиқ ва парадоксал ҳолатларни юзага чиқарди.

4 километрлик шоҳкўчада 40 дан ортиқ бино ва иншоотлар рўйхатга олинган. Лекин кўчанинг бошидан охиригача бўлган объектлар деворларидаги рақам ва кўча номи ёзилган таблолар 50 фоизни ҳам ташкил қилмайди – 18 та.

Деворлардаги таблолар шакли ҳам ҳар ерда ҳар хил. Аниқ бир стандарт асосида ясалмаган. Биноларнинг исталган (ўнг, чап, ўрта, ён, орқа) қисмига ўрнатилган таблолар классик, инновацион, замонавий, рақамли номсиз, номли рақамсиз ва ҳатто деворга қўлда ёзиб қўйилган кўринишларга ҳам эга.