Жамият | 21:29 / 17.10.2022
30022
5 дақиқада ўқилади

«Тушов» узилдими? Тошлоқда чорвалар дайди итлар ҳужумидан нобуд бўлмоқда

Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Қипчоқ қишлоғида пайдо бўлган дайди итлар чорваларни нобуд қилмоқда. Аҳоли бу ҳолатдан саросимага тушиб қолган.

Маълум бўлишича, авваллари ҳам бундай итлар ҳудудда кўп бўлган. Охирги вақтларда эса сон жиҳатидан кўпайиб далада юрган чорваларга ҳужум қила бошлаган. Тунда хонадонлардаги қўраларни оралаган итлар қўй ва паррандаларни нобуд қилишга ўтган.

Чорванинг чалажон қилиб кетилиши билан боғлиқ ҳолат 9 октябрда содир бўлган. Нобуд бўлган қўйлар сони эса кундан кунга ортиб бормоқда.

Ҳужумга учраган қўйлардан бири

Дайди итлар Қурбонали Бакировнинг товуқ ва куркаларини еб кетган. 14 октябр куни эса қўйи чалажон қилиб ғажиб ташланган.

Қурбонали Бакиров

«Ёввойи итлар қўй ва товуқларга ҳужум қиляпти. Улар кундан кунга қутуриб боришяпти. Уларни деб тунда ташқарига чиқишга ҳам қўрқиб қолдик. Кеча бўлган воқеа: қўйимизни мажақлаб кетишди. Жиддий жароҳатланган қўй тирик қоладими, бу — даргумон. Қўлимиздан келганича даволаяпмиз.

Фақат бизнинг эмас, қўни-қўшниларнинг ҳам парранда ва қўйларини еб кетди. Одатда тунда ҳам ишда бўламан. Оилам уйда бўлади. Тунда қўнғироқ қилишиб, ҳовлига бўри ва итлар киргани ҳақида айтишяпти. Қишлоқда азалдан чиябўрилар бўлган. Охирги 10 кун ичида дайди итлар ҳам пайдо бўлди. Тунда 4–5 дайди ит гала бўлиб юрибди. Кеча уларни ҳовлида кўриб қолиб, ҳайдаб чиқардим. Охирги ҳафта ичида 3 бош қўйга зиён етди. Ғажиб ташланган қўйларнинг ҳаммаси нобуд бўлди», – дейди у. 

Аҳрорбек Жумашевнинг айтишича, итлар галаси егулик излаб уйларнинг ичигача кириб кетмоқда.

Аҳрорбек Жумашев

«Бундан бир ярим йилларча аввал қишлоғимизда гала итлар пайдо бўла бошлади. Маҳалламизда тинчлик йўқ. Ҳатто ҳовлимиздаги макка-ю кепакларгача еб кетишади. Юриб турган товуқни ҳам «уриб» кетишяпти. Керак бўлса уйимизнинг ичигача кириб кетади итлар. Мана шу маҳаллада Неъмат исмли қишлоқдошимнинг қўйини 4 та ит талаб кетди. Биз қўйни базўр  қутқариб олдик. Ажратиб олмаганимизда еб битиришган бўларди.

Тунда гала ит изғиб юрганидан кўчага чиққаниям қўрқади одам. Кечаси кўпчилик ишдан уйига қайтади. Масъул идоралардан бизга бу муаммони бартараф қилишларида кўмак сўраймиз.

Яқинда қўй сўйдирган эдим. Гўштини ошхонага олиб киргунимизча, бошқа аъзоларини итлар кўтариб қочишди», — дейди у.

Дайди итлар Гуллола Исақовага тегишли қўйнинг думбасини ғажиб ташлагач, оила бошлиғи жони қийналган қўйни сўйиб, кўмиб юборган.

Гуллола Исақова

«Қўйимизни далага ҳайдаб боқар эдик. Ҳовли юмушлари билан банд бўлиб эътибор бермай қолибмиз, жияним қўйимизни итлар қувлаб юргани ҳақида айтди. Дарҳол қўй томон югурдик. Икки қўй қайтиб келди. Бири йўқ эди.

Қидириб бориб қўйларимиздан бирини думбаси ёрилган чалажон ҳолатда кўрдик. Бечора қўйим шу ҳолатда қонини оқизиб ёнимизга юриб келди. Ўғлим дайди итлар ортидан қувлади. Улар қочиб қолишди. Жонивор ҳолатини кўриб ичимиз ачишиб, ортиқ азобланмаслиги учун уни сўйиб кўмиб ташладик. Шу воқеадан кейин ҳам қўшнимнинг икки товуғини «уриб» кетишди», — дейди у.

Ҳакимахон Камолованинг эса кўз ўнгида қўйлардан бири итлар ҳужумига учраган.

Ҳакимахон Камолова

«Куни кеча бўлган ҳолат. Қўлимда ёш болам бор эди. Дайди итлар қўйлардан бирининг атрофини ўраб олганини кўриб, ўша томонга югурдим. Етиб боргунимча қўйни талаб ташлашди. Кесак отиб ҳайдаб, базўр ажратиб олдим. Атрофга саланглаб ёрдам сўраб бақирдим. Бахтга қарши ҳеч ким йўқ эди. Қўй тупроққа беланиб, типирчилаб ётарди.

Ёввойи итлар кўпчиликнинг паррандасини ҳам еб битирди», – дейди у.

Қишлоқ аҳли нобуд бўлаётган чорвалар сони кундан кунга ортиб бораётганидан ташвишда. Мутасадди идоралар томонидан масалага жиддий эътибор қаратилмаса, вазият бундан-да ёмонроқ бўлиши мумкин.

Чорва ҳайвонларининг йиртқичлар томонидан нобуд қилиниш ҳолати аввалроқ Фарғона туманининг Хонқиз қишлоғида ҳам содир бўлган эди. Номаълум йиртқичлар аҳоли чорваларига қирон келтирган ва маълум муддат ўтиб, улар ушлаб йўқ қилинган.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид